10:54 / 13.07.2023
3961

Регистон ва Шоҳи Зинда мажмуаси «Диққатга сазовор туристик объектлар бутунжаҳон рўйхати»га киритилди

Самарқанддаги Регистон ансамблининг Улуғбек мадрасасида «Туристик диққатга сазовор объектлар бутунжаҳон рўйхати»га киритилгани тўғрисида сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди.

Сертификатларни топшириш маросимида Евросиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Владимир Пискурев ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов иштирок этди.

Самарқанддаги Регистон ансамбли ва Шоҳи Зинда мажмуаси «Туристик диққатга сазовор объектлар бутунжаҳон рўйхати»га киритилди.

2017 йилнинг 7 ноябрь куни Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган Евросиё Маданият, фан ва таълим кенгашининг иккинчи сессиясида «Жамиятлар, халқлар ва миллатларнинг барқарор ривожланиши учун туристик диққатга сазовор жойларни рағбатлантириш тўғрисида»ги конвенция қабул қилинди.

Конвенцияни амалга ошириш доирасида Туризмнинг жозибадорлиги ва туризмни барқарор ривожлантириш бўйича халқаро қўмита тузилди. Халқаро қўмита фаолиятининг асосий масалаларидан бири туристик диққатга сазовор жойларни оммалаштириш, жамиятлар, халқлар ва миллатларнинг барқарор ривожланиши манфаатлари йўлида туристик ҳудудларни тарғиб қилишдан иборат.

Муайян объектни махсус туристик диққатга сазовор жойларнинг жаҳон рўйхатига киритиш тўғрисидаги қарор Туризмни барқарор ривожлантириш бўйича халқаро қўмита сессияси томонидан овоз бериш йўли билан қабул қилинади.

Бугунги кунга қадар Ўзбекистоннинг 4 та тарихий диққатга сазовор жойи ушбу рўйхатга киритилган.

Top