22:22 / 14.07.2023
30038

«Агар келмаса, хурсанд бўлардик» - ЖАР ҳукумати Путиннинг BRICS саммитидаги иштироки ҳақида 

Жанубий Африка Халқаро жиноят суди олдидаги мажбуриятларини бузмасдан Путинни ҳибсга олмаслик йўлларини изламоқда. 

Фото: AP

Россия Жанубий Африка президенти Сирил Рамафосанинг август ойида бўлиб ўтадиган BRICS саммитида Россия делегациясига Владимир Путин ўрнига Сергей Лавров раҳбарлик қилиши ҳақидаги илтимосини рад этди. Бу ҳақда Африка давлати вице-президенти Пол Машатиле маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, Россия билан Путиннинг саммитдаги иштироки масаласида музокаралар давом этмоқда. 

«Биз Рим статути билан боғлиқ эканимизни тушунамиз, лекин биз кимнидир таклиф қилиб, кейин уни ҳибсга ололмаймиз... Агар у келмаса хурсанд бўлардик», деб Машатиле сўзларини келтирди Bloomberg. 

Вице-президентнинг қайд этишича, саммитни Хитойга кўчириш ҳақидаги вариантни Ҳиндистон ва Бразилия рад қилган. Уни «виртуал форматда» ўтказишга эса барча давлатлар қарши чиққан. 

Аввалроқ, Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафоса ўз мамлакатида бўлиб ўтадиган BRICS саммити барча беш давлат (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка) президентлари иштирокида юзма-юз ўтказилишини айтган эди. 

Июнь ойи бошида Reuters агентлиги Жанубий Африка Халқаро жиноят суди олдидаги мажбуриятларини бузмасдан Путинни ҳибсга олмаслик йўлларини қидираётганини ёзди. 

Март ойида Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Путинни ҳибсга олишга ордер берди. Россия президенти инсониятга қарши жиноятни содир этганликда, яъни Украинадаги болаларни ноқонуний депортация қилганликда гумонланмоқда. 

Энди Рим статутини ратификация қилган 123 давлатдан ҳар бири Путинни ҳибсга олишга мажбур. Улар орасида ЖАР ҳам бор. 

Владимир Путин BRICS саммитида иштирок этишга таклиф олган, аммо унинг қандай форматда иштирок этиши ҳозирча маълум эмас. 

Top