13:29 / 15.07.2023
6310

БМТ Дамашқнинг ҳуманитар ёрдам етказиб бериш бўйича шартларидан хавотирда

БМТ Сурия ҳукумати томонидан мамлакат шимоли-ғарбидаги исёнчилар назоратидаги ҳудудларга трансчегаравий ҳуманитар ёрдам етказилишини қайта тиклаш бўйича илгари сурилган бир қатор шартларни «қабул қилиб бўлмайдиган» деб атади.

Фото: Ghaith Alsayed/AP

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Сурия ҳукумати томонидан Туркия-Сурия чегарасидаги Баб ал-Ҳава орқали мамлакат шимоли-ғарбидаги исёнчилар назоратидаги ҳудудларга ҳуманитар ёрдам етказилиши учун илгари сурилган «қабул қилиб бўлмайдиган шартлар»дан хавотирда. Бу ҳақда БМТ Хавфсизлик кенгашига Ҳуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бюроси юборган ҳужжатда айтилади, деб хабар бермоқда 14 июл, жума куни AFP агентлиги.

Ушбу назорат пункти орқали инсонпарварлик ёрдамини етказиб бериш БМТнинг 2014 йилдаги келишуви муддати тугаган, ҳар олти ойда бир марта янгиланиши керак бўлган 10 июлдан бери тўхтаб қолган. Шу ҳафта БМТга келган мактубга кўра, Сурия ҳукумати таъминот «ҳукумат билан тўлиқ ҳамкорлик ва мувофиқлаштирилган ҳолда» амалга оширилишини талаб қилмоқда. 

Дамашқ, шунингдек, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ) ва Сурия Араб Қизил Ярим Ой жамияти (СҚЯЖ) «инсонпарварлик ёрдамининг тақсимланишини назорат қилиши ва ёрдам бериши» кераклигини таъкидлади. Бундан ташқари, БМТ «Сурия шимоли-ғарбидаги террорчи ташкилотлар ва гуруҳлар билан алоқага чиқмаслиги» керак. БМТ вакили Стефан Дюжаррикнинг сўзларига кўра, бу шартлар «тўлиқ таҳлил қилиниши» керак. «Биз турли ҳамкорлар билан маслаҳатлашувлар олиб бормоқдамиз», деди у. 

БМТ маълумотларига кўра, Сурияда тўрт миллион киши озиқ-овқат, сув ва дори-дармонга эҳтиёжманд ҳисобланади. Шу билан бирга, ёрдам юкларининг қарийб 85 фоизи Туркия-Сурия чегарасидаги Баб ал-Ҳава назорат пункти орқали ўтади. Баб ал-Ҳава – БМТ ёрдами Сурия аҳолисига ҳукумат кучлари назорати остидаги ҳудудлардан ўтмасдан етказилиши мумкин бўлган ягона йўл.

Дамашқ мунтазам равишда БМТ ёрдамини ўз суверенитетини бузиш сифатида қоралаб келади, деб эслатади AFP. 11 июл куни Россия Баб ал-Ҳава назорат пункти орқали трансчегаравий ёрдам механизмини тўққиз ойга узайтириш ҳақидаги резолюция лойиҳасига вето қўйди.

«Суриядаги эҳтиёжлар миқёси ҳуманитар ёрдамга кенг қамровли ва чекловсиз ёндашишни талаб қилади. Биз ўз имкониятларимиз доирасида ва барча манфаатдор томонларнинг розилиги билан ёрдам беришга тайёрмиз», дея маълум қилди Нью-Йоркдаги ХҚХҚ делегацияси вакиллари AFP’га.

Top