18:50 / 15.07.2023
8260

Ёқилғи-энергетика соҳасида ўтказилган рейдларда 327 млрд  сўм зарар ундирилгани маълум қилинди

Бош прокуратура ҳайъатининг навбатдаги йиғилишида прокуратура органларининг 2023 йил I ярим йиллик фаолият якунлари ҳақида ҳисобот берилди.

Ниғматилла Йўлдошев Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

15 июль куни видеоселектор режимида ўтказилган йиғилишда прокуратура органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирок этган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Ҳайъат мажлисида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев маъруза қилиб, янги таҳрирдаги Конституция талабларининг тўлиқ ва қатъий бажарилишини таъминлаш прокуратура органларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси эканлигини алоҳида таъкидлаган.

Қайд этилишича, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар ва давлат органлари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилаши ҳақидаги конституциявий қоида прокуратура органлари фаолиятини ташкил этишнинг энг асосий тамойилига айланади.

Йиғилишда барча соҳаларда назорат фаолиятини амалга оширишда, энг аввало, Конституциянинг давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан тўғри ва сўзсиз қўлланишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги уқтирилган.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

“Шу билан бирга, Конституция нормаларини терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов фаолиятида қўллашнинг долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, бу фаолиятни амалга оширишда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, шахсий ва оилавий сири, уй-жой ва мол-мулки дахлсизлигини қатъий таъминлаш, улардан маҳрум қилиш ёки чеклашга фақатгина қонуний асосларга кўра ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши ҳар бир ходим эътиборига етказилди.

Шахсни асоссиз ушлаш, қамоққа олиш, жавобгарликка ноқонуний тортиш, қийноқ ва бошқача тарздаги тазйиқ ҳолатларига йўл қўймасликнинг зарур чораларини кўриш, бундай қонунбузилишларга нисбатан кескин муносабат билдириб бориш барча даражадаги прокурорларнинг доимий эътиборида бўлиши қайд этилди.

Умуман, фуқаролар ва давлатнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, Конституция ва қонунларни муҳофаза қилиш борасида прокуратура органлари фаолиятида бундан кейин кескин ўзгаришлар бўлиши зарурлиги белгиланди”, дейилади расмий хабарда.

Ҳайъат йиғилишида прокуратура органларининг 2023 йил I ярим йиллик фаолият якунлари ҳақида алоҳида сўз юритилган. Таъкидланишича, прокуратура органлари томонидан ўтган ярим йилда аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари 91 мингдан ортиқ назорат ҳужжатларини қўллаш орқали бартараф этилган, 225 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилган 1,3 трлн сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланган. Назорат фаолияти билан биргаликда бевосита прокурорлар саъй-ҳаракати билан қисқа муддатда 120 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилага ҳар томонлама кўмак берилган, қарийб 157 минг нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид чоралар доирасида 19 316 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган, қарийб 18 минг нафарининг муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилган, натижада 12 469 та янги иш ўрни яратилишига эришилган.

Прокурорлар кўмаги билан долзарб йўналишларда, жумладан қурилиш, ёқилғи-энергетика, экология соҳаларида ташкил этилган янги тузилмалар фаолияти ҳам ҳайъат томонидан муҳокама қилинган. Қайд этилишича, прокурор назорати тадбирлари ўлароқ, давлат дастурларига киритилган 6 003 та объектни ўз муддатида фойдаланишга топширилиши, 1,4 трлн сўм маблағлар тежалиши, 27,5 млрд сўмлик бюджет пуллари талон-торож қилинишининг олди олиниши таъминланган.

Ёқилғи-энергетика соҳасида қонунийликни таъминлаш мақсадида ўтказилган 113 мингта рейд тадбирлари давомида, 31 мингдан ортиқ ноқонуний ҳолатлар фош этилиб, 327 млрд сўм зарар ундирилган.

Top