11:39 / 17.07.2023
6933

Боку: Россия Қорабоғ бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ бажаргани йўқ

«Озарбойжон ҳудудидаги арман қуролли тузилмаларининг қолдиқлари» «Россия тинчликпарвар контингенти назорати остида» қўллаб-қувватланмоқда», дея маълум қилди Боку.

Фото: Tofik Babayev/AFP/Getty Images

Озарбойжон Россия Ташқи ишлар вазирлигининг 15 июль куни Тоғли Қорабоғдаги вазият юзасидан берган баёнотидан ҳафсаласи пир бўлганини билдирди. «Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ушбу баёноти Озарбойжон ва Россия ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларацияга, шунингдек, Россия президентининг Озарбойжон ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш, жумладан, Қорабоғ минтақаси ҳақидаги гапларига мос келмайди», - дейилади 15 июль куни мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган ҳужжатда.

Шу билан бирга, Боку Россиянинг «Арманистон бош вазири Никол Пашинян томонидан Қорабоғни Озарбойжоннинг ажралмас қисми сифатида тан олиниши контекстида Озарбойжон ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини шарҳлаш ва шарт қўйишга» уринишларини «қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат» деб атади.

Озарбойжоннинг ўзи Боку, Ереван ва Москва ўртасидаги уч томонлама келишувларга содиқлигини намойиш этади, дейилади баёнотда. «Шунга қарамай, уч томонлама баёнот тузилганидан кейин Арманистон ушбу ҳужжатнинг кўп қоидаларига риоя қилмади, Россия эса ўз мажбуриятлари доирасида баёнотнинг тўлиқ бажарилишини таъминламади», — дейилади Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Шу билан бирга, у шериклар «Арманистондан Озарбойжон ҳудудига ҳарбий техника ва миналар, ноқонуний қуролли гуруҳлар ўтиши», шунингдек, «учинчи давлат фуқароларининг Лочин йўлаги орқали ноқонуний кириб келишининг олдини олиш учун ҳеч қандай чора кўрмагани»ни таъкидлади.

Озарбойжонда «минтақадаги гўёки оғир ҳуманитар вазият тўғрисида»ги баёнотлар асоссиз деб ҳисобланди. Бундан ташқари, Боку «Озарбойжон ҳудудидаги арман қуролли тузилмаларининг қолдиқлари Россия тинчликпарвар контингенти назорати остида» қўллаб-қувватланаётганини билдирди.

Мавзу
Қорабоғ уруши
12 июль куни Озарбойжон шимоли-ғарбидаги Товуз вилояти ҳудудида икки давлат қўшинлари ўртасида тўқнашув содир бўлди.
Барчаси
Top