12:20 / 20.07.2023
6560

Австралия Россияга қарши қўшимча санкциялар киритди

Австралия Россиянинг мудофаа, технология ва энергетика соҳаларидаги 35та ташкилотга, шунингдек, Россия ва Беларусдан 10 нафар шахсга нисбатан санкциялар жорий қилди, деб хабар берди Австралия Ташқи ишлар вазирлиги. 

Фото: AA

«Жорий этилган санкциялар Россия учун иқтисодий ва стратегик аҳамиятга эга бўлган юридик ва жисмоний шахсларга қарши қаратилган», — дейилади идора сайтида эълон қилинган баёнотда.

Аниқлик киритилишича, санкциялар рўйхатига Россия қуролли кучларига илғор технологиялар, электроника ва жиҳозлар етказиб берувчи, атом энергияси ва Арктикада ресурслар қазиб олиш билан шуғулланувчи россиялик компаниялар киради. 

Бундан ташқари, Россиянинг энг йирик мудофаа корхоналари, жумладан, ҳарбий вертолётлар ишлаб чиқарувчи «Вертолеты России» ва унинг бош директори Николай Колесов ҳам чекловларга дучор бўлди.

Жисмоний шахслар орасида, жумладан, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Андрей Белоусов ва бош вазир ўринбосари Дмитрий Чернишенкога нисбатан санкциялар қўлланган. 

Қора рўйхатда «юқори мартабали Беларус ҳарбий амалдорлари» ҳам тилга олинган. 

Top