22:49 / 20.07.2023
14959

Истанбул маъмурияти эҳтимолий зилзилага тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди

Шаҳардаги 1,5 миллион бино хавф остида, 600 минги юқори хавф остида экани айтилди.

Фото: Kun.uz

Туркия Экология ва шаҳарсозлик вазири Меҳмет Ўжасеки сўзларига кўра, расмийлар Истанбулни келгуси ҳафтадан эҳтимолий зилзила учун тайёрлашни бошлайди. Сейсмологлар аввалроқ Туркиянинг ушбу ҳудудидаги ер силкинишлари хавфи ҳақида огоҳлантирган эди.

«Истанбулдаги эҳтимолий зилзила бўйича Экрем Имомўғлу (Истанбул ҳокими) ва туманлар раҳбарлари билан учрашдик, муҳим келишувга эришдик. Келгуси ҳафтадан иш бошлаймиз», деди Ўжасеки.

Унга кўра, Истанбулда 5 миллион 800 минг бино бор. Уларнинг 1,5 миллиони хавф остида, 600 минги юқори хавф остида. Вазир зилзилага тайёргарлик тафсилотларига аниқлик киритмади.

12 июль куни туркиялик сейсмолог Нажи Гўюрур Мармара денгизи ҳудудида 7,2-7,6 магнитудали зилзила бўлиши кутилаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Шимолий Анадолу тектоник плитасининг шимолий тармоғи, Шаҳзодалар ороллари ва Қумбургаз шаҳрида ер ёрилиши мумкин. Сейсмологлар фикрича, Туркияда навбатдаги зилзила 2030 йилгача содир бўлиши мумкин.

6 февралга ўтар кечаси Туркия жануби-шарқида 7,7 магнитудали зилзила содир бўлди. Бунинг оқибатлари Сурия, Ливия, Ливан ва минтақанинг бошқа мамлакатларида ҳам сезилди. Сўнгги маълумотларга кўра, зилзила оқибатида 50 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Top