09:21 / 21.07.2023
4023

АҚШнинг Пенсилвания штати Ўзбекистонда қўзиқорин етиштиришни йўлга қўймоқчи

АҚШнинг Пенсилвания штатидаги Честер округида жойлашган Халқаро алоқалар кенгаши марказида Ўзбекистоннинг экспорт ва инвестиция салоҳиятига бағишланган бизнес форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда «Дунё».

Фото: agronet

Унда Пенсилвания глобал бизнес маслаҳатчилари кенгаши (Pennsylvania Global Business Advisors) аъзолари, ушбу штатнинг иқтисодий ривожланган ҳудудларидан бири - Честер округи ишбилармон доиралари, хусусан, Lockheed Martin, Fulton Bank, Biotechnology Innovation Organization сингари муассасалари, Америка-Болгария тадбиркорлар уюшмаси, Worldupstart консалтинг фирмаси, Ғарбий Честер университети ва бошқа бир қатор ташкилот ва корхоналар вакиллари қатнашди.

Бўлиб ўтган музокаралар чоғида мамлакат ва Пенсилвания штати ўртасида тадбиркорлик муносабатларини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, биотехнологиялар ва яшил энергия соҳасида АҚШнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мавжуд алоқаларни кенгайтириш масалалари асосий мавзу бўлди.

Честер округи ишбилармон доиралари минтақанинг иқтисодий салоҳияти ва ҳамкорлик нуқталари ҳақида фикр билдирар экан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва уларни қадоқлашнинг илғор технологияларини Ўзбекистонда жорий қилиш истиқболли йўналишлардан бири эканини айтди. Честер округи иқтисодий ривожланиш кенгаши президенти Майк Григалонис сўзларига кўра, ушбу ҳудудда АҚШнинг 50 фоиз қўзиқорин маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналари жойлашган бўлиб, улар Ўзбекистонда қўзиқорин етиштиришни йўлга қўйиш ва уни мамлакат ва ташқи бозорларда сотишга қизиқиш билдирмоқда. Тўғридан тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Майк Григалонис ушбу масаласини биргаликда ишлаб чиқишни таклиф қилди.

АҚШдаги Америка-Болгария тадбиркорлар уюшмаси президенти Элиз Несторов мамлакат тўқимачилик саноатини ривожлантириш борасида амалга оширган ишларига баҳо берар экан, Ўзбекистон тайёр трикотаж маҳсулотлари АҚШ чакана савдо брендлари орасида рақобатбардош бўла олишини айтди. У уюшма аъзолари ва АҚШдаги ҳамкорлар, шу жумладан, Michael Kors бренди билан биргаликда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил саноат маҳсулотларини экспорт қилиш масаласини ишлаб чиқишга тайёр эканини билдирди.

Бизнес-форум давомида АҚШнинг Biotechnology Innovation Organization (BIO) ташкилоти вакили Ўзбекистон ва Евросиё минтақаси истиқболли бозор эканини алоҳида таъкидлади. Мавжуд иқтисодий имкониятларни ҳисобга олган ҳолда ташкилот вакили биотехнология соҳасидаги сўнгги инновация ва янгиликларни Ўзбекистонга олиб кириш ҳамда республикада ташкилот аъзоларининг ваколатхонасини очишни таклиф этди.

Барқарор электроникани қайта ишлаш ва яшил энергия соҳасида фаолият юритувчи Sycamore International компаниясининг асосчиси ва директори Стиве Фиггатт мамлакатнинг ушбу соҳада амалга оширган ислоҳотлари ва келажакдаги режалари алоҳида эътиборга лойиқ эканини билдирди. У Ўзбекистонга ўз технологияларини олиб кириш орқали Марказий Осиё бозорига чиқишга катта қизиқиш билдираётганини маълум қилди.

Top