22:38 / 21.07.2023
23879

Жанубий Африка агар Путин ташриф буюрса, уни ҳибсга олишга рози бўлди

ЖАР ҳукумати Путинни ҳибсга олиш ҳақидаги ХЖС ордерини исталган вақтда бажаришга тайёр. 

Фото: Mikhail Svetlov/Getty Images

Жанубий Африка Адлия вазирлиги давлат прокуратураси директори Шамила Батохидан Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер беришни сўради. Бу ҳақда маҳаллий News24 нашри Претория суди баёнотига таяниб хабар берди. 

Ордер 17 июль куни сўралган. Бундан 2 ой олдин Жанубий Африка халқаро алоқалар департаменти украиналик болаларни Россияга ноқонуний равишда депортация қилишда айбланаётган Путинни ҳибсга олиш учун Халқаро жиноят судининг (ХЖС) ордерини мамлакат Адлия вазирлигига тақдим этган эди. 

Прокуратура ҳукуматни Путин август ойида BRICS саммити учун Жанубий Африкага келса, уни ҳибсга олишга кўндириш учун судга мурожаат қилган. 

19 июль куни Жанубий Африка расмийлари Россия президенти саммитда қатнашмаслигини эълон қилганидан сўнг, мухолифатдаги «Демократик Альянс» суддан Путинни мамлакатга келиши биланоқ исталган вақтда ҳибсга олишга буйруқ беришни сўради. News24 хабарига кўра, ҳукумат бу талабга рози бўлган. «Демократик Альянс» буни ўз ютуғи деб эълон қилди. 

17 март куни Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берди. У Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда гумон қилинмоқда. Худди шундай ордер Россия болалар омбудсмани Мария Лвова-Беловага нисбатан ҳам берилган. 

Жанубий Африка президенти Сирил Рамафоса мухолифатнинг ХЖС олдидаги мажбуриятларини бажариш ҳақидаги талабига жавобан, Путиннинг ҳибсга олиниши Россияга уруш эълон қилиниши сифатида баҳоланиши ҳақида огоҳлантириш олганини айтди. Кремль буни инкор қилди. 

Рамафоса маъмурияти 19 июль куни Путин BRICS саммити учун Жанубий Африкага келмаслигини, Россия делегациясига эса ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилик қилишини айтди.

Top