15:31 / 24.07.2023
37381

«Ал-Ҳилол» Мбаппе трансфери учун рекорд маблағ таклиф қилди

Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клуби «ПСЖ» форварди Килиан Мбаппени сотиб олиш орқали уни футбол тарихидаги энг қиммат ўйинчига айлантирмоқчи. 

Фото: Getty Images

Инсайдер Фабрицио Романо хабарига кўра, Ар-Риёд клуби франциялик 24 ёшли ҳужумчи трансфери бўйича музокараларни бошлаш учун «Пари Сен-Жермен» клубига расмий таклиф жўнатган. 

Қайд этилишича, араб клуби Париж жамоаси ҳисобрақамига трансферлар тарихидаги рекорд маблағ – 300 миллион евро тўлашга тайёр. Аммо футболчи билан ҳеч қандай алоқа ўрнатилмаган. Килиан фақат «Реал»да тўп суришни истамоқда.

Аввалроқ, Мбаппе шартномани узайтирмагани учун «ПСЖ» футболчини трансферга қўйгани хабар қилинганди. Клуб Килианни кейинги мавсум эркин агент сифатида жамоани тарк этишига йўл қўймоқчи эмас, ҳужумчи трансферни рад этса, уни захирага ўтказишни режалаштирган. Томонлар ўртасидаги зиддият сабабли Мбаппе «ПСЖ» сафида Японияга олиб борилмади. 

Маълумот учун, Неймарнинг 2017 йилда «Барса»дан 222 млн евро эвазига «ПСЖ»га ўтиши футбол тарихидаги энг қиммат трансфер саналади. Мбаппенинг «Монако»дан 180 млн евро эвазига «ПСЖ»га ўтиши эса бу борада иккинчи трансфер бўлганди.

Top