Иқтисодиёт | 14:27 / 27.07.2023
31724
10 дақиқада ўқилади

Қора денгиз блокадаси: Россия ва Украина ўртасидаги қарама-қаршиликдан ким ютқазади?

Ғалла битими бекор қилиниши якунда Россия ва Украина томонидан Қора денгиздаги юк ташувчи кемалар қатнови блокада қилинишига олиб келди. Ҳозирча блокада фақат баёнотлар шаклида мавжуд, аммо аллақачон юк ташишга таъсир ўтказмоқда.

Суғурта компаниялари хавотирлари туфайли Қора денгизда қатнов қисқармоқда

Денгиз блокадаси мавҳум тушунча эмас. Унинг қоидалари ва шартлари халқаро шартномаларда, биринчи навбатда, 1909 йилги денгиз уруши қонуни ҳақидаги Лондон декларациясида баён этилган.

Аммо Москва ҳам, Киев ҳам денгиз блокадасини расман эълон қилмади. Шунга қарамай, уларнинг баёнотлари бошқа давлат томонидан назорат қилинадиган портлардан юк ташишни тўхтатишга қаратилган, бу эса моҳиятан денгиз блокадасидир.

Блокада денгиз савдосига таъсир қилади, чунки фуқаролик кемаларининг ҳар қандай рейдлари суғурта компанияларига боғлиқ.

Ва бу аллақачон содир бўлмоқда. Reuters агентлигининг 2023 йил 21 июл кунги хабарида Қора денгизда ғалла ташилиши ҳажми шу куни кечга томон 35 фоизга қисқаргани айтилган. Бунга Қора денгиз ҳудудидаги вазият кескинлашувига реакция қилаётган суғурта компанияларининг қўрқуви сабаб бўлмоқда.

Денгиз блокадаси

Тарихий жиҳатдан, денгиз қонунида четлаб ўтиш жуда осон бўлган кўплаб қоидалар мавжуд. Жумладан, бу денгиз блокадаси қоидаларига ҳам тегишли.

Денгиз уруши қонуни бўйича Лондон декларациясига кўра, «денгиз блокадаси фақат душманга тегишли бўлган ёки босиб олинган портлар ва қирғоқларга нисбатан қўлланиши мумкин».

Бошқа бир қоидада блокада фақат бунинг учун барча зарур воситалар мавжуд бўлгандагина эълон қилиниши мумкинлиги назарда тутилган. Яъни, агар жисмоний жиҳатдан буни амалга оширишнинг иложи бўлмаса, қирғоқ блокадасини эълон қилиш мумкин эмас.

Декларацияда блокадани олиб боришнинг бошқа қоидалари ва шартлари ҳам мавжуд, аммо у ҳеч ким расман блокада эълон қилмаган вазиятни тартибга солмайди.

Истанбулда текширувдан ўтишни кутаётган ғалла ташувчи кемалар. Бу сурат ғалла келишуви бекор қилинишидан олдин олинган. Фото: Getty Images

Гарчи аслида гап фуқаролик кемаларининг Россияга тегишли бўлган ёки душман томонидан босиб олинган портларга киришини тўхтатиб қўйиш ҳақида кетган бўлса ҳам, Россия мудофаа вазирлигининг баёнотида ҳам, Украина мудофаа вазирлигининг жавоб баёнотида ҳам «блокада» сўзи тилга олинмаган.

Россия мудофаа вазирлиги ўз баёнотида амалда «Қора денгиз халқаро сувларининг шимоли-ғарбий ва жануби-шарқий қисмларидаги бир қатор денгиз ҳудудлари» блокада қилинганини эълон қилди.

Баёнотнинг бошқа бир қисмида «Украина портларига сузиб кетаётган Қора денгиздаги барча кемалар потенциал ҳарбий юк ташувчилар сифатида кўрилиши» айтилган.

Украина мудофаа вазирлиги жавоб баёнотида «Россия Федерациясининг денгиз портлари ва Россия томонидан вақтинча босиб олинган Украина ҳудудида жойлашган Украина денгиз портларига сузаётган Қора денгиздаги барча кемалар Украина томонидан барча хавф-хатарлар билан ҳарбий юклар ташувчиси сифати кўрилиши мумкин»лиги айтилган.

21 июл куни Россия ТИВ риторикани бироз юмшатиб, россиялик денгизчилар ҳарбий деб ҳисобланган кемаларга стандарт бўйича ҳужум қилмаслигига ваъда берди. «Яъни биз кема нимадир ёмон нарса билан кетаётганига ишонч ҳосил қилишимиз лозим, бу буни аниқлаш учун сўров ёки керак бўлганда текширув ўтказилишини англатади», дейилади вазирлик баёнотида.

Конвенция қоидалари

Икки томон ҳам қирғоқ ёки портлар блокадасини эълон қилмади, балки фақатгина маълум портларга борадиган кемаларга муносабат ҳақида баёнот берди, яъни блокада ҳақида расман ҳеч қандай гап кетгани йўқ, устига-устак бу атама умуман ишлатилмади.

Бу ерда муаммо шундаки, гап нейтрал сувларда сузиб юрадиган кемалар ҳақида кетмоқда. Агар кимдир уларни ҳарбий деб ҳисобласа ҳам, уларга ҳужум қилиш ёки текшириш мумкин эмас.

Россия Қора денгиз флоти флагмани бўлган «Москва» крейсери 2022 йил 13 апрелида украин ракетаси томонидан чўктириб юборилганди, аммо Россияда бошқа кемалар ҳам қолган. Украинада эса бошқа ракеталар ҳам. Фото: Getty Images

БМТнинг Денгиз ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг 95-моддасида «Очиқ денгиздаги ҳарбий кемалар байроқ давлатдан (яъни кема байроғини осган мамлакатдан) бошқа ҳар қандай давлат юрисдикциясидан тўлиқ иммунитетга эга», деб ёзилган.

Конвенциянинг 110-моддаси эса ҳарбий кемага фуқаролик кемасини агар кемани қароқчилик, қул савдоси, рухсатсиз трансляция билан шуғулланишда гумон қилиш учун асос бўлсагина ёки ҳарбий кема билан бир хил фуқароликка эга бўлса, гарчи кемада чет эл байроғи кўтарилган ёки экипаж байроқни кўтаришдан бош тортган тақдирда ҳам текширишга рухсат беради.

Қўрқув ва суғурта

Албатта, Қора денгизда ҳарбий кема фуқаролик кемасини чўктиришини тасаввур қилиш қийин. Аммо кимдир ҳарбийларнинг хоҳишини амалда текширишни хоҳлайдими?

Москва баёноти аллақачон денгиз трафиги қисқаришига олиб келди.

Reuters маълумотларига кўра, июл ойининг қолган қисми ва август ойи бошидаги буюртмалар учун фақат 20 та қуруқ юк ташувчи мавжуд, ўтган ҳафта уларнинг сони 32 та бўлган.

«Кўплаб суғуртачилар, Дунайдаги кичик портларни ҳисобга олмаганда, Украинадан чиқаётган юкларни суғурталашни тўхтатиб қўйди», дея хабар қилган суғурта саноатидаги манбалар Reuters агентлигига.

Аммо Украина мудофаа вазирлиги ўз жавоб баёнотини эълон қилганидан сўнг, мантиқан, риск янада ортади. Ва бу ҳам суғуртачиларнинг хатти-ҳаракатларига таъсир қилади.

«Хавф ўсиши ёки суғурта нархи ошишига ёки агар илгари расмийлаштирилган полисда хавф ортиши ҳисобга олинмаган бўлса, суғурта қопламаси тўлиқ бўлмаслигига олиб келади. Бу фақат санкцияларга дучор бўлмаган ва санкцияларни четлаб ўтишда фойдаланилмаётган мамлакатлар кемаларига нисбатан қўлланади. Россия санкциялар туфайли ўз кемаларини йирик халқаро суғуртачилар орқали суғурта қила олмайди», деган мавзу бўйича изоҳ беришга ваколати йўқлиги сабабли аноним қолишни сўраган хусусий ҳуқуқшунос BBC нашрига.

Қора денгизда 20 июл куни кечқурун ҳолатига денгиз трафиги. Скриншот marinetraffic.com сайтидан

Берлиндаги Карнеги Россия ва Евросиё тадқиқотлари маркази ходими Александра Прокопенконинг айтишича, Европадаги юк ташувчиларнинг аксарият қисми Британия компаниялари томонидан суғурталанади.

Мутахассис фикрича, ортиб бораётган хавфлар шароитида иккита вариант мавжуд: «Агар суғурта компанияси юк ташиш хавфи ортиб бормоқда деб ҳисобласа, у ёки юқорироқ тариф бўйича суғурта қилиши мумкин, у ҳолда суғурта нархлари жуда қиммат бўлиб қолади, ёки, уруш ва Украина мисолида бўлгани каби, баъзи нишонлар ҳарбий деб эълон қилинганида, компания суғуртани бекор қилиши ёки янгисини бермаслиги мумкин. Ҳар бир рейс алоҳида суғурта қилинади».

«Агар бу содир бўлса, кема хўжайинларининг бир қисми Қора ва Азов денгизлари акваториясида ишлашдан бош тортади. Қолганлари эса юк ставкаларини икки баравар ёки ундан ҳам кўпроққа оширади. Юк эгаларининг ташиш харажатларини юк нархига қўшишдан бошқа чораси қолмайди», — дейди юк ташиш компанияларидан биридаги манба «Ведомости» нашрига берган интервюсида.

Унинг сўзларига кўра, дон билан ишлайдиган ўйинчилар энг кўп хавф остида, чунки ғаллани юклаш қувватлари Азов ва Қора денгизнинг шимоли-шарқий қисмида тўпланган.

Ким ютқазади?

Агар мутахассисларнинг прогнозлари амалга ошса, бу Россия иқтисодиётига кўпроқ зарба беради, чунки ғалла бўйича келишув барбод бўлгандан кейин, Россия Украинага қараганда Қора денгиз орқали юк ташишга кўпроқ боғланиб қолади.

Бунинг учун ҳатто статистика ҳам керак эмас, шунчаки океанлардаги кемалар билан боғлиқ вазиятни кузатувчи Marinetraffic.com веб-сайтини очиш кифоя. Қора денгиз акваториясида Украина томон ҳаракат деярли йўқ, Россия портларига қараб эса кемаларнинг узун карвони сузмоқда.

Reuters агентлиги маълумотларига кўра, Россия Қора денгиз ва Азов портлари орқали энг кўп суюлтирилган газ, (Таман портидан экспорт Россия экспортининг қарийб 7,5 фоизини ташкил қилади), дон (Қора денгиздаги Новороссийск ва Таман портларидаги элеваторлар экспорт қилинувчи Россия донининг қарийб 70 фоизини қайта ишлайди, қолган 30 фоизи эса Азов портлари ҳиссасига тўғри келади) ва нефт (Шесхарис ва Южная Озереевка терминаллари — иккаласи ҳам Новороссийск областида жойлашган) экспорт қилади.

«Ведомости» нашрининг Денгиз савдо портлари ассоциациясига таяниб ёзишича, 2023 йил биринчи ярмида Азов-Қора денгиз ҳавзаси портлари орқали 151,2 миллион тонна юк кемаларга юкланган, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 21,2 фоизга кўп.

Худди шу манба маълумотларига кўра, Новороссийск ҳавзасидаги энг йирик портнинг юк айланмаси 11 фоизга ўсиб, 82,9 миллион тоннани, Таман порти 4,6 фоизга ошиб, 22,3 миллион тоннани, Туапсенинг эса 38,5 фоизга кўпайиб, 12,8 миллион тоннани ташкил этган. Кавказ портлари юк айланмаси 2,2 бараварга ўсиб, 11,3 миллион тоннага, Ростов-Дон эса 35,7 фоизга ошиб, 8,1 миллион тоннага етган.

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

7Media Group: Янги LED-экранлар Қамчиқ довонида

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

7Media Group: Янги LED-экранлар Қамчиқ довонида

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди