Жамият | 17:40 / 27.07.2023
20797
8 дақиқада ўқилади

Таълимда бола психологияси қай аҳволда? Психологлар билан суҳбат

Боғчадан тортиб университетгача давом этадиган ватанпарварлик тадбирларининг нега самараси паст? Нима учун болаларга потенциал жиноятчига қарагандек қаралади, ўсмирлик инқирози эса тарбиясизлик деб баҳоланади? Психологлар Kun.uz билан суҳбатда таълимдаги бола руҳиятига эътибор масаласида сўз юритди.

“Оқни оқдан, қорани қорадан ажратиб олиш керак. Қилаётган ишнинг оқибатини ўйлаш керак”. Куни кеча ижтимоий тармоқларда ички ишлар ходимлари мана шундай панд-насиҳатлар билан боғча болаларига маъруза қилаётгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

Гап шундаки, болаларнинг хавфсизлигига қаратилган бундай тарғибот тадбирлари ўтказилиши лозим, лекин бундай услубда эмас. Хўш, ўзи аслида бу каби тарғибот тадбирлари қай тарзда ташкил этилиши керак? Умуман, Ўзбекистонда бола психологиясига муносабат қандай? Ўсиб келаётган авлод билан тил топиша олмаслик қандай оқибатларни юзага келтириши мумкин?

Kun.uz айни мавзу атрофидаги саволларга психологлар Розалия Габдулҳакова ва Сайёра Азларовадан жавоб олди.

— Ички ишлар ходимларининг боғча болаларига «тушунтириш ишлари» олиб бораётган видеоси тарқалди. Бу ҳолатга муносабатингиз қандай?

Розалия Габдулҳакова: Боғча боласининг ИИ ходимлари билан учрашуви ёмон эмас, чунки уларда ички ишлар ходимларига нисбатан ишонч уйғониши керак. Лекин бунда ҳам олдин боғча тарбиячилари “милиция” ходимларидан ёмон образ шакллантириб қўймаган бўлиши керак.

Розалия Габдулҳакова

Ижтимоий тармоқларда кулги остига олинган видеодаги гапларни ёш болалар тушунмайди. Эслаб қолмаган ҳам. Бу ёшдаги болаларга тушунтирилмоқчи бўлган нарсалар, масалан, кўчадаги хавфсизлик, баъзи ҳолатларда ўзини қандай тутиш кабиларни амалий тарзда, ўйинлар билан ўргатиш керак. Фақат гапиришнинг ўзи билан болаларга тушунтириб бўлмайди, бу нарсалар уларнинг хотирасида ҳам қолмайди. Чунки боланинг диққати чегараланган бўлади, шунга улар узоқ эътибор бериб тинглай олмайди. Эътибор берган бўлсангиз, видеодаги болалар ҳаммаси шунчаки жим ўтириш учун чидаб ўтиришибди, холос. Уларнинг барчасининг хаёллари тарқоқ.

Сайёра Азларова: Боғча ёшидаги болаларда етакчи фаолият тури асосан ўйинлар бўлади. Шунинг учун ҳам уларга бирор бир маълумотни етказиш учун ҳам мана шу етакчи фаолият турига қараш керак. Яъни бола 7-8 ёшдан бошлаб вазиятларга ахлоқий баҳо беришни бошлайди. Унгача эса ахлоқ тушунчасининг ўзи бўлмайди. Яъни бирор бир қадрият, ахлоқий тизим деган нарсани шу ёшдан кейин тушунишни бошлайди. Бола учун бирор нарсани яхши ёмон, оқ-қора деб ажратиш етарли эмас, буни амалий шаклда кўрсатиб бериш керак.

Вазиятдаги ички ишлар ходимларини ҳам тушунса бўлади, улар бола психологиясини билмайди, шунчаки айтилган буйруқни ўзлари билган усулда бажаришган.

Розалия Габдулҳакова: Видеодаги гапларда хавфсизликка оид айтарли гап йўқ эди. Менимча, бу каби учрашувлар аниқ бир мақсадга йўналтирилган, маълум режа асосида бўлгани яхши. Тўғрисини айтсак, ватанпарварлик ҳисси боғча боласида бўлмайди, уларда манфаат ҳисси устун туради. Бу ёшда маълум бир нарсаларга, масалан, давлат рамзлари – герб, байроққа нисбатан яхши муносабатда бўлишни ўргатиш мумкин. Бошқа давлатларда миллий байроғига нисбатан муносабатини ёки миллий валютага бўлган муносабатни кўриш мумкин.

Яъни қадриятлар танлаб олинади-да, уларга муносабатни шакллантириш орқали ватанпарварликка биринчи қадамларни боғчадан қўйиш мумкин. Лекин “ватанни сев” дейиш боғча боласи учун шунчаки баландпарвоз, аҳамиятсиз гап.

Сайёра Азларова

Сайёра Азларова: Аслида ватанпарварлик ҳисси болага сингдирилиши керак бўлган муҳим нарса. Лекин бизда бунинг тизими, методологияси йўлга қўйилмаган. Бу борада Япония, Жанубий Корея тажрибасини кўп кузатаман, бу бўйича ижтимоий роликлар ҳам мавжуд. Болага ватанпарварлик ҳисси бундай давлатларда дахлдорлик, ахлоқий қадриятларни сингдириб бориш билан бериб борилади. Дейлик, қайсидир ҳудудни ўзига тегишли деб билиш, тоза сақлаш, кимларгадир ғамхўрлик қилиш каби ҳислари орқали мансублик, масъулият шакллантирилади. Бола қайсидир маънода ўша ҳудудга алоқадорлик, тоза сақлаш ҳисси уйғонганидан фахрланишни бошлайди. Мана шундай тарзда секин-секин ватанпарварлик ҳиссига ўтилса, тўғри ёндашилган бўлар эди.

— Ўзбекистонда бола психологияси билан ишлаш қандай йўлга қўйилган, сизнингча? Ўзи таълимда бола психологияси деганда, нимани тушунишимиз керак?

Розалия Габдулҳакова: Таълимда боланинг руҳияти инобатга олинса, унинг мақсадлари кенгаяди. Яъни фақат академик мақсад эмас, ҳозир қайсидир шеърни ёдлашим керак, қандай қилиб бўлса ҳам дейилмаслиги керак. Балки бу жараёнда бола бу шеърдан қандай фойда олади, уни ёдлаганда ўзини қандай ҳис қилади, ёдлаш унга қулайми ёки ноқулайми, бир кунда уни ёдлашга жисмонан улгура оладими каби кўпроқ жиҳатлар назарда тутилади. Мактаблар – таълим олиш даргоҳи бўлишдан ташқари, боланинг асосий вақт ўтказадиган жойи ҳисобланади. Бола айнан мактабда одамлар, жамият билан муносабат ўрнатишни ўрганади. Мана шу жиҳатлар эътиборга олинса, ҳозирги вазият бутунлай бошқача бўлган бўларди. Яъни болалар қўрқитиб дарсда олиб ўтирилмасди, 2 баҳо орқали манипуляция қилиниб, ўқишга мажбурланмаган бўларди. Ҳаммасига назар умуман бошқача бўлган бўлар эди.

Сайёра Азларова: Ўсмир ёшгача болалар мен кимман, деган саволга жавоб қидиради. Жавобни эса 6 ёшгача уйдан, ундан кейин мактабдан олади. Боланинг биринчи устозини танлаш жуда муҳим, бизда эса кўпчилик мактабни танлайди. Болага педагогнинг муносабати унга ўзининг муносабатини шакллантиради. Ўсмир ёшгача бола мен кимман, деган саволга жавоблар йиғади ва кейин уни намойиш қила бошлайди. Шунинг учун уйдаги ва мактабдаги муносабат муҳим. Бизда эса аксарият педагоглар болалар билан тўғри муносабатда бўлмайди. Фидойи ўқитувчиларимиз ҳам бор, аммо улар кам. Биз биринчи навбатда педагогларни тўғри тарбиялашимиз керак.

Болага шахс сифатида қаралмаса, шунга яраша натижа кўрсатади бола ҳам. Кўпчилик ўқитувчилар потенциал жиноятчига қарагандек қарайди болага. Ўсмирлик инқирози, ўзини намоён қилишга бўлган ҳаракатлар тарбиясизлик деб баҳоланади. Боланинг психологияси шундай.

ОТМда икки йил психолог сифатида ишлаганман. У ерда энг катта муаммолардан бири тадбирлар эди. Дарс жадваллари, талабаларнинг ҳолати (дарслардан кейин чарчаган бўлишади) умуман ҳисобга олинмайди. Бундан ташқари, ўша тадбирларни ташкил этишга ўқитувчилар жалб қилинади, қанақадир ҳисоботлар ёзишади. Бу эса уларнинг вақтини олади, асосий иши дарс бериш бўлган ўқитувчиларни чарчатиб қўяди. Ўз касбидан безиш бошланади. Тадбирбозлик, бюрократия чарчатиб ташлайди.

·       Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов. 

Мавзуга оид