16:20 / 30.07.2023
5121

Таиландда пиротехника омборида портлаш: 9 киши ҳалок бўлиб, юздан ортиқ киши яраланди

29 июл куни Таиланд жанубидаги пиротехника воситалари сақланадиган омборда рўй берган портлаш оқибатида камида тўққиз киши ҳалок бўлган, қурбонлардан уч нафари болалар. Маҳаллий аҳоли вакилларидан 115 киши жиддий яраланган.

Фото: EPA

Портлаш Малайзия билан чегара яқинидаги Сунгайколок шаҳрида рўй берган.

Маҳаллий расмийлар дастлабки маълумотларга кўра, портлаш пайвандлаш ишларидаги хатолик оқибатида рўй берганини маълум қилган.

Хабар қилишларича, маҳаллий вақт билан соат 15:00 да мушакбозлик воситалари сақланган омбор биноси тўлиқ яксон бўлган.

Портлаш шу қадар кучли бўлганки, у Наратхиват провинциясида жойлашган кичик шаҳарнинг каттагина қисмини вайрон қилган; портлаш тўлқини кўплаб уйларнинг дераза ва томларига зарар етказган.

Фото: THAI ARMED FORCES

Уйи бозордан 100 метрча масофада жойлашган маҳаллий аҳоли вакилларидан бири улкан товушни эшитгани ва унинг уйи титраб кетганини айтган. «Кейин мен уйимнинг томи энди йўқлигини кўрдим. Кўчага қарадим ва қулаётган уйларга гувоҳ бўлдим. Ҳаммаёқда одамлар ётганди ва атроф хаосга айланганди», — деган AFP агентлигига.

Жанубий-шарқий Осиё мамлакатларида пиротехника билан боғлиқ ҳодисалар тез-тез рўй бериб туради. Бу минтақада фейерверклардан фойдаланиш оммалашган: кўплаб байрамлар мушакбозликсиз ўтмайди.

Олти йил муқаддам Индонезиядаги мушакбозлик фабрикасида рўй берган порлаш 49 кишини ҳаётдан олиб кетганди.

Таиланд хавфсизлик техникаси қоидаларига у қадар эътибор қаратилмайдиган мамлакатлар қаторига киради ва бу мамлакатда йўлларда, қурилиш ҳудудларида ва бошқа шу каби иш жойларида бахтсиз ҳодисалар тез-тез рўй бериб туради.

Сунгайколок шаҳри қуролли радикал гуруҳлар билан кураш давом этаётган чегара минтақасида жойлашган.

Top