12:19 / 03.08.2023
7048

Франция Нигердаги хунтани ўз элчихонасини ҳимоя қилишга чақирди

Ғарб давлатлари ўз фуқароларини ҳарбий тўнтариш амалга оширилган Нигердан эвакуация қилмоқда. 40 нафар Германия фуқароси мамлакатни тарк этди. Франция элчихонаси олдида янги норозилик намойишлари тайёрланмоқда.

Фото: AFP

Франция Нигердаги элчихонаси яқинида режалаштирилган янги норозилик намойишлари фонида ушбу Ғарбий Африка давлати ҳарбий хунтасини Ниамейдаги француз дипломатик ваколатхонаси хавфсизлигини тўлиқ кафолатлашга чақирди. Париждаги Ташқи ишлар вазирлиги 3 август, пайшанба куни Нигер хавфсизлик кучларини дипломатик ходимлар хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чораларни кўришга чақирди. 

Франция Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, тўнтариш уюштирганларга «халқаро ҳуқуқ ва айниқса, Вена конвенциясига асосланган мажбуриятларга» риоя қилиш зарурлигини эслатди. 

Бир кун аввал, 2 август, чоршанба куни Нигердаги нотинч вазият туфайли АҚШ Давлат департаменти Американинг мамлакатдаги элчихонаси ходимларининг бир қисми ва уларнинг оила аъзоларига Нигерни тарк этишни буюрди, дейилади дипломатик миссия сайтида эълон қилинган хабарда. Элчихона чекланган асосда ишлашда давом этади ва «фақат Нигердаги Америка фуқароларига шошилинч ёрдам кўрсатиши мумкин», дейилади баёнотда. 

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок шу куни Франциянинг эвакуация парвозларидан фойдаланиб, сўнгги икки кун ичида 40 га яқин немис фуқароси ҳам Нигерни тарк этгани тўғрисида хабар берди. У франциялик ҳамкасби Катрин Колоннага ёрдами учун миннатдорчилик билдирди. 1 ва 2 август кунлари фақат иккита француз рейсларида 600 дан ортиқ хорижликлар, асосан Франция фуқаролари олиб кетилди. 

Мавзу
Нигердаги давлат тўнтариши
27 июл куни Нигерда президент гвардияси раҳбари Абдураҳмон Чиани бошчилигидаги ҳарбийлар мамлакат президенти Муҳаммад Базумани ҳокимиятдан четлатди.
Барчаси
Top