09:37 / 03.08.2023
3601

Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига саёҳат қилувчилар учун люкс поездлар қатнови йўлга қўйилиши мумкин

Транспорт вазирлигида Arsenale Group компанияси вакиллари билан учрашув ташкил этилди.

Фото: Транспорт вазирлиги

Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, тадбир доирасида транспорт соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди, шунингдек, Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларида люкс сайёҳлик поездини ишга тушириш бўйича таклифлари тингланди. 

Компания раҳбарияти вагонларни панорамали деразалар, ҳашаматли кабиналар ва ресторан вагонлари билан жиҳозлашни режалаштирмоқда. Бугунги кунда бундай поездлар қурилиш жараёнида бўлиб, 2026 йилда бундай вагонлар БАА ва Саудия Арабистонида ишга туширилиши режалаштирилган.

Arsenale Group вакиллари люкс вагонларни Тошкент – Самарқанд - Бухоро – Хива –– Тошкент йўналиши бўйича ишга туширишни таклиф қилди. Компания вакиллари вагонлар Италияда ишлаб чиқарилиши режалаштирилганлигини таъкидлаб ўтди. 

Сайёҳлик поездида жами 33 та кабина ва умумий сиғими 66 йўловчига мўлжалланган юқори қулайликка эга 12 та люкс вагонлардан иборат бўлиши режалаштирилган.

Учрашув якунида томонлар ушбу масала бўйича музокараларни давом эттиришга келишиб олди.

Top