14:34 / 05.08.2023
11905

Ғарбий Африка давлатлари Нигерга бостириб киришга тайёрланмоқда

ЭКОВАС мамлакатлари томонидан Нигерда тўнтариш уюштирганларга қўйилган ультиматум муддати тугаяпти. Нигер хунтаси қўшни давлатлар таҳдидлари фонида қуролли кучларда асосий ўзгаришларни амалга оширди. 

Фото: AP

Нигердаги ҳарбий тўнтаришдан сўнг, 5 август, шанба куни минтақадаги вазият кескинлигича қолмоқда. Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий ҳамжамиятига (ЭКОВАС) аъзо давлатлар қуролли кучлари қўмондонлари, Франциянинг RFI медиакомпанияси маълумотларига кўра, тўнтаришга жавобан Нигерга эҳтимолий қуролли бостириб кириш режасини ишлаб чиқди

Қўмондонлар томонидан маъқулланган тавсиялар «мумкин бўлган аралашувнинг барча элементлари, шу жумладан, бунинг учун зарур ресурслар, шунингдек, қўшинларни қандай ва қачон жойлаштиришни» ўз ичига олади, дея RFI ЭКОВАС сиёсий масалалар, тинчлик ва хавфсизлик бўйича комиссари Абдул Фатау Мусанинг Нигерия пойтахти Абужада ҳарбий раҳбарларнинг уч кунлик йиғилишидан кейинги сўзларидан иқтибос келтиради. ЭКОВАС давлат раҳбарлари ушбу тавсия асосида қандай ҳаракат қилиш бўйича қарор қабул қилиш ниятида, дея қўшимча қилди Муса. 

Бир неча соат олдин Нигерия президенти Бола Тинубу ўз мамлакати Сенатини Нигерга қуролли бостириб киришни маъқуллашга чақирди. ЭКОВАСга раислик қилувчи Тинубу, Нигердаги ҳарбий тўнтариш уюштирганлар музокараларга рози бўлмаган тақдирда, «қўшинларни ҳарбий жиҳозлаш ва ходимлардан ҳарбий аралашув учун фойдаланиш»ни ёқлади. 

ЭКОВАС давлатлари ўтган якшанба куни Нигерда тўнтариш уюштирганларга ультиматум қўйиб, конституциявий тузумни бир ҳафта ичида тиклашни талаб қилди. Рад этилган тақдирда улар турли чоралар, жумладан куч ишлатиш билан таҳдид қилган. 

Top