13:16 / 05.08.2023
35592

КГБ ва «МВД» қарама-қаршилиги: СССР ички ишлар вазири нега ўз жонига қасд қилганди?

1982 йил декабрда СССР ички ишлар вазири Шчёлоков ишдан бўшатилади, барча унвон ва мукофотлардан маҳрум этилади. Кўп ўтмай аввалига собиқ вазирнинг хотини, сўнг ўзи жонига қасд қилади. Шчёлоковнинг бундай қилишига аввалроқ унинг СССР раҳбари Юрий Андроповга ёқмай қолгани сабаб бўлганди. Уларнинг қарама-қаршилиги Брежнев тириклигида, 1970-йиллар охирида бошланганди.

Фото: Kun.uz

СССРда Андропов КГБ раҳбари бўлиб ишлаган йилларда (1967-1982) жуда кўплаб ҳодисалар бўлиб ўтган. Вьетнам уруши (бу урушда совет ҳарбийлари ҳам иштирок этган), Афғон уруши, шунингдек, кўплаб КГБ ходимларининг Ғарбга қочиб кетиши ўша даврда содир бўлган.

Андропов мамлакатдаги энг асосий ташкилотни бошқарар экан, жуда катта ваколатларга эга эди. Шу сабабли, у 1970-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб СССРнинг ички ва ташқи сиёсатига актив аралаша бошлайди. Оқибатда Андропов ва бошқа юқори лавозимли амалдорлар ўртасида келишмовчиликлар чиқиб кела бошлайди.

Масалан, Андропов Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидовни мутлақо ёқтирмаган. Бунга асосий сабаблардан бири Рашидов совет қўшинларинингг Афғонистонга киритилишига қарши бўлган.

Ўша уруш ташкилотчиси сифатида Андроповга Ўзбекистон раҳбарининг бу позицияси ёқмаган. Бироқ Рашидов Леонид Брежнев билан жуда яқин бўлгани учун мамлакат раҳбари вафот этгунча Адропов унга индай олмаган.

1970-йиллар охирида Андропов СССР ички ишлар вазири Шчёлоков билан тескари бўлиб қолади. Шчёлоковга Андроповнинг ички ишлар вазирлигининг ишига аралашавергани ёқмасди. Улар ўртасидаги биринчи тортишув Кремлни ким қўриқлаши юзасидан келиб чиқади.

Андропов КГБ раҳбарлигига яхшилаб ўрнашиб олгач Кремлни қўриқлашни ички ишлар вазирлигидан тортиб олади. Бироқ Шчёлоков ҳам бўш келмайди ва мамлакат қонунлари бўйича Кремлни КГБ ходимлари эмас, ички ишлар ходимлари қўриқлаши лозимлигини айтиб, «чекист»ларни Кремлдан қувиб юборади.

Унинг бу иши Андроповнинг ғазабини қўзғатади. Бироқ КГБ раҳбари қанчалик қудратли бўлмасин ички ишлар вазирига ҳеч нарса қила олмайди. Чунки Шчёлоков мамлакат раҳбари Брежнев билан яқин алоқаларда эди.

Шчёлоков Брежнев билан ёшликдан дўст бўлишган ва кейинчалик ҳам дўстона алоқалар сақланиб қолганди. Шу сабабли Брежнев мамлакат раҳбари бўлганидан сўнг икки йил ўтиб Шчёлоковни СССР ички ишлар вазири этиб тайинлайди. Қолаверса, Шчёлоков Брежневнинг атрофидаги муҳим шахслар билан ҳам яхши алоқада эди.

КГБ раҳбари Андропов ва СССР ички ишлар вазири Шчёлоков
www.tvc.ru

Агар тарихга назар ташланса Андропов ва Шчёлоков иккита ташкилот раҳбарлигига қарийб бир вақтда келганини кўриш мумкин. Шчёлоков 1966 йил сентябрда СССР ички ишлар вазири этиб тайинланган. Андропов эса 1967 май ойида КГБ раҳбари бўлган.

1970-йиллар охиригача Андропов ва Шчёлоков ўртасида жиддий келишмовчиликлар содир бўлмаган. КГБ раҳбари 1970-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб СССРнинг ички ва ташқи ишларга аралаша бошлар экан, том маънода милицияни ҳам ўзига тобе ҳисобларди.

Бироқ Брежневнинг ҳимоясида бўлган Шчёлоков унга бўйсунишни хоҳламасди. КГБ раҳбарининг ҳатто Брежневни ҳам писанд қилмай ўзини мамлакатдаги энг қудратли шахс ҳисоблаши Шчёлоковга ёқмасди.

1980 йилда содир бўлган бир ҳодиса туфайли икки раҳбарнинг ўзаро зимдан олиб борган низоси ўзининг чўққисига чиқади. Милиция ходимлари КГБ майорини ўлдириб қўйишади.

Бироқ ана шундай вазиятда ҳам ички ишлар вазиридан ўч ололмаган Андропов аламини Москва шаҳар милициясидан олади. Ўлдирилган КГБ майори учун тўрт нафар милиция ходими ўлим жазосига ҳукм қилинади. Яна кўплаб ходимлар турли жазоларни олишади.

Ўшанда Шчёлоков мамлакатдаги энг қудратли шахс билан қарама-қаршилик кейинчалик аянчли оқибатларга олиб келишини билмасди. Андропов Брежневнинг вафотидан кейин Шчёлоковдан ўч олишга муваффақ бўлади.

Охир-оқибат КГБ ва ИИВ раҳбарларининг қарама-қаршилиги Брежнев вафотидан сўнг Шчёлоковнинг ишдан бўшатилиши ва КПСС марказий қўмитасидан ҳайдалиши билан тугайди. Кўп ўтмай унинг хотини ўз жонига қасд қилади.

Кейинчалик, Андроповдан сўнг СССРни бошқарган Константин Черненко даврида ҳам зуғумлар тўхтамагач Шчёлоковнинг ўзи ҳам жонига қасд қилади.

Андропов, Брежнев ва Шчёлоков
back-in-ussr.com

КГБ ва ИИВ раҳбарларининг қарама-қаршилигини кескинлаштирган ҳодиса

1980 йил 26 декабр куни кечки пайт КГБ майори Вячеслав Афанасев маст ҳолда Москва метросига тушади ва ухлаб қолиб охирги «Ждановский» бекатига бориб қолади.

Уни метро ходимлари уйғотишади, бироқ ширакайф майор вагондан тушишни хоҳламайди. Шунда метро ходимлари бекатда хизмат олиб бораётган милиция ходимларини ёрдамга чақиришади.

Уч нафар милиция ходими мастни бекатдаги хонага олиб кириб, ундан шахсни тасдиқловчи ҳужжат сўрашади. Бироқ бир неча шиша ароқ ва камёб колбаса солинган қоғоз пакет кўтариб олган мастнинг ёнида ҳеч қандай ҳужжат йўқ эди. Шу ерда милиционерлар уни дўппослашади.

Мастни дўппослашаётганда у ўзини КГБ майори эканини ва милиционерларни умрбод қаматиб юборишини айтиб сўкади. Бундан жаҳли чиққан милиция ходимлари уни яна уришади ва мастни ўзлари хизмат қилаётган 5-бўлимга олиб боришади.

Бўлимда мастни яна дўппослашади. Шу ерда унинг шахсига аниқлик киритилганда маст ҳақиқатдан КГБ майори Афанасев экани ойдинлашади.

Милиционерлар КГБ майорини дўппослашгани ошкор бўларкан, бу иш учун мамлакатдаги энг қудратли ташкилот даҳшатли тарзда ўч олиши аниқ эди. Шу сабабли милиция бўлими бошлиғи Борис Баришев ходимларга дарҳол Афанасевни шаҳар четига олиб чиқиш ва ўлдириб ташлаб кетишни буюради.

Бўлим бошлиғи шунақа қилинса ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолиб кетади ва КГБ майорининг милиционерлар томонидан калтакланганини ҳеч ким билмай қолади деб ўйлаганди. Бироқ ундай бўлмайди.

Милиционерлар Афанасевни Москва вилояти ҳудудига олиб чиқишади ва бошига арматура билан уриб жароҳат етказишади. Сўнг ўша атрофдаги КГБ ходимларининг дала ҳовлилари жойлашган ҳудудга ташлаб кетишади.

Афанасев чалажон ҳолда ётганида ўткинчилар кўриб қолишади ва дарҳол касалхонага олиб боришади. Бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олишмайди. Орадан тўрт кун ўтиб, 1981 йил 1 январ куни майор вафот этади.

КГБ майорини суд-тиббий экспертизадан ўтказишганда, уни бир неча кун олдин дўппослашгани ва бошига арматура билан уриб жароҳатлашгани маълум бўлади. Шундан сўнг КГБ суриштирувларни бошлаб юборади.

КГБ майорининг чалажон ҳолда овлоқ жойга ташлаб кетилиши жуда катта шов-шувга айланади. Чунки Афанасев КГБнинг жуда муҳим бўлимида ишларди.

КГБ раҳбари Андропов ходимлари билан
www.liveinternet.ru

Қолаверса, ўша йили КГБнинг муҳим ходимларидан бири Виктор Шеймов АҚШга қочиб кетган ва бу Андроповнинг шаънига доғ бўлиб тушганди. Шу сабабли КГБ раҳбари Афанасевни ўлдирганларни топиб жазолаб, ўз номини оқлаб олишни хоҳларди.

Бошқа тарафдан, Андропов номини эшитгандан барча титраб турадиган ташкилот зобитини дўппослаб ўлдиришга ким журъат этганини билишни истарди. Шу сабабли Афанасевни дўппослаб ўлдирганларни топишга жуда катта куч ташлашади.

Афанасевни урганларни қидиришда ИИВнинг оператив-суриштирув гуруҳи ходимлари ҳам иштирок этади. Суриштирув ишлари бош прокуратурага топширилади. Асосий гумонда ИИБ ходимлари эди.

КГБ ва ИИВ махсус бўлимларидан тузилган тезкор-қидирув гуруҳига СССР бош прокуратурасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Владимир Калиниченко бошчилик қилади.

Кейинчалик Калиниченко ўзининг «Тергов ва ҳокимият» китобида Аванасевнинг ўлдирилиши ишини тергов қилар экан, ички ишлар вазирлигининг юқори мансабдорларидан ўзига турли тайзиқлар бўлганини, тергов вақтида ва суддан кейин ўзи ва оиласини икки йил мобайнида КГБнинг махсус «Алфа гуруҳи» қўриқлаб юрганини ёзган.

Суриштирувлар давомида Афанасевни метрода ушлаб бўлимга олиб борилгани маълум бўлгач дарҳол майорни ўлдирганликда гумонланиб олти нафар милиционер ушланади. Улар орасида милиция бўлими бошлиғи Борис Баришев ҳам бор эди.

Аввалига милиция ходимлари Афанасевни танимасликларини айтиб туриб олишади. Бироқ метро ходимлари КГБ майорини милиция ходимлари олиб кетгани ҳақида кўрсатма бергач, улар Афанасевни ҳушёрхона ходимларига топширишганини айтишади. Калиниченко уларга ишонади ва Москва шаҳар ҳушёрхоналари бўлими бошлиғини ҳибсга олади.

«Афанасьев иши»ни тафтиш қилган прокурор Владимир Калиниченко
inosmi.ru

Бироқ кўп ўтмай КГБ майорини ҳушёрхона ходимлари олиб кетмагани ошкор бўлгач, прокуратура терговчиси ҳушёрхоналар бўлими бошлиғини озод қилади. Шундан сўнг милиционерлар ўз айбларини тан олишга мажбур бўлишади.

КГБ майорини милиция ходимлари дўппослаб ўлдиргани узил-кесил аниқ бўлгач энг аввал Афанасев олиб борилган 5-бўлим ходимлари тўлиқ ишдан бўшатиб юборилади.

Бундан ташқари, Андроповнинг топшириғи билан КГБ ходимлари Москва шаҳри ички ишлар бошқармалари ишини тафтиш қилиш учун текширувларни бошлаб юборади.

Текширув якунида Москва шаҳрида ишлаётган 300 нафар милиционер ишдан ҳайдалади. Улар орасида оддий ходимлардан тортиб юқори лавозимга эга зобитларгача бор эди.

1982 йил июн ойида Афанасевнинг ўлдирилиши бўйича суд ҳукми эълон қилинади. Унга кўра майорни бўлимга олиб борган уч нафар ходим ва бўлим бошлиғи Борис Баришев ўлим жазосига ҳукм этилади. Яна бошқа кўплаб ходимлар турли жазолар олишади.

Шчёлоковнинг бошига тушган кўргиликлар

КГБ майорининг ўлимига милиционерлар сабаб бўлган ва улар жазоланган бўлса ҳам Андропов Шчёлоковга ҳеч нарса қила олмайди. Кимсан, мамлакат раҳбарининг яқин дўсти бўлган шахсга ким нима дея оларди?!

1982 йил 10 ноябр куни кутилмаганда Брежнев вафот этади. (Уни Андропов ўлдирган ҳам дейишади) Сал аввал КГБ раҳбарлигидан бўшаб КПСС марказий қўмитаси котиби лавозимини эгаллаган Андропов Брежневнинг дафн этилишини кутиб ўтирмайди ва 12 ноябр куни СССР раҳбари бўлади.

Ниҳоят Андропов учун Шчёлоков билан ўзаро ҳисоб-китоб қилиб оладиган вақт келганди. Андропов давлат раҳбари бўлгандан 35 кун ўтиб, 17 декабр куни унинг биринчи қилган иши Шчёлоковни ишдан бўшатиш бўлади.

Шчёлоков ва унинг хотини
www.liveinternet.ru

Андропов вазирни ишдан бўшатиш билан чекланиб қолмоқчи эмасди. Ўзига қарши чиққанлардан аёвсиз тарзда ўч олиб келган Андропов энди Шчёлоковни мансабни суиистеъмол қилишда, пора олишда айблай бошлайди. Собиқ вазир учун нотинч кунлар бошланади.

Кўп ўтмай Шчёлоковнинг уйида тинтув ўтказишади ва у ердан қиммат автомобиллар, суратлар ва қимматбаҳо буюмлар топишади.

Аслида ўша пайтда юқори лавозимли исталган амалдорнинг уйидан Шчёлоковнинг уйидан топилгандан кўп нарса топиларди. Бироқ давлат раҳбарига (яъни Андроповга) фақат Шчёлоков ёқмай қолганди.

Шчёлоковнинг давлатга етказган зарари 500 минг рублга баҳоланади (ўша пайтдаги курс билан бу сумма 400 минг доллардан ошарди).

Ишдан бўшатилганидан икки ой ўтиб, 1983 йил 19 феврал куни КГБ томонидан уюштирилаётган босимларга чидай олмаган Шчёлоковнинг хотини Светлана Шчёлокова ўз жонига қасд қилади. Шунда ҳам Андропов томонидан собиқ вазирга босимлар камаймайди.

1983 йил 15 июн куни Шчёлоков КПСС марказий қўмитаси аъзолигидан чиқарилади. КГБ ходимлари собиқ вазирни тергов қилишда давом этишади.

1984 йил 9 феврал куни кутилмаганда Андропов вафот этади. Бироқ унинг садоқатли шогирдлари амал курсида бўлгани учун Шчёлоковга ўтказилаётган босим янада баттар кўриниш олади.

1984 йил 6 ноябр куни ундан генерал унвони тортиб олинади. Орадан бир ой ўтгач 1984 йил 7 декабр куни собиқ вазир партия сафидан ўчирилади. Ўша пайтда Шчёлоковга қилинаётган муносабат унинг жавобгарликка тортилишига ва қамалишига қараб бораётганди.

1984 йил 12 декабр куни Шчёлоковга сўнгги зарба берилади. Ундан барча давлат мукофотлари тортиб олинади. Ўшанда собиқ вазирда биргина Ленин орденидан тўртта, умумий ҳисобда йигирмадан ошиқ турли орден ва медаллар бўлган.

Шчёлоков
www.maximbregnev.ru

Бу ишдан сўнг унинг асаби дош бермай қолади ва орадан бир кун ўтиб, 1984 йил 13 декабр куни уйида ов милтиғи билан ўзини отиб, жонига қасд қилади.

Ўлимидан сўнг ўтказилган текширувларда, у жонига қасд қилишдан уч кун аввал Андроповдан кейин СССР раҳбари бўлган Константин Черненкога мактуб ёзгани маълум бўлади.

Шчёлоков мактубида болаларини «иш»га аралаштирмасликларини, уларнинг айби йўқлигини, ўзи ҳам партияга ва давлатга хиёнат қилмаганини, бундай ёмон муносабатга ҳамда айбловларга муносиб эмаслигини ёзганди.

Кейинчалик, Андропов ва ундан қолган тузум собиқ вазирни бир қанча ишларда айблар экан, унинг болалари билан қўрқитиб, босим ўтказгани ва бунга чидай олмаган Шчёлоков ўз жонига қасд қилгани ойдинлашади.

Советлар мамлакатдаги энг муҳим ташкилот, ички ишлар вазирлиги раҳбарини ишдан бўшатиб, уни турли жиноятларда айблар экан, тафсилотлар оммадан яширилади.

Одамлар фақат ички ишлар вазири ўзгаргани ҳақида хабар топишади. Қолган барча тафсилотлар, собиқ вазирнинг айбланиши, ундан унвонлар ва давлат мукофотларининг тортиб олиниши, партиядан қувилиши каби ишлар барчадан сир тутилади.

Унинг ўз жонига қасд қилгани ҳам яширилади. Чунки  кимсан собиқ СССР ички ишлар вазирининг ўз жонига қасд қилиши мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини туширарди.

Шу сабабли Шчёлоков вафот этди деган хабар берилади ва унинг ўз жонига қасд қилгани ҳақида лом-лим дейилмайди.

1991 йилда СССР парчаланиб кетгач бир муддат архивлар очилади ва собиқ СССР ички ишлар вазирининг ўлими сирлари ошкор қилинади. Шунда Шчёлоковнинг аянчли тақдири ва у асосан Андропов билан қарама-қаршилик туфайли жабрлангани оммага ошкор бўлади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top