Ўзбекистонда Nike кроссовкаларини ишлаб чиқариш бошланди
Андижонда Nike кроссовкаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Корхонада кунига 6000 жуфт кроссовка ишлаб чиқариш имконияти бор. Йил охирига келиб бу қувват 2 ҳисса ортиши режалаштирилган.
Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда Андижон вилоятидаги «Sino International» хорижий компаниясида Nike кроссовкаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ҳақда «Ўзчармсаноат» матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, спорт пойабзалларининг таг қисмларини қуйиш ва устки қисмларини тайёрлаш линиялари ўз фаолиятини бошлаган. Ўзбекистонлик мутахассисларнинг малака ва кўникмалари Nike компаниясининг Хитойдаги филиалидан келган технологлар, дизайнер ва бичувчилар томонидан оширилмоқда. Корхонада кунига 6000 жуфт кроссовка ишлаб чиқариш имконияти бор. Йил охирига келиб бу қувват 2 ҳисса ортиши режалаштирилган.
«Nike трансмиллий компанияси спорт пойабзалларини ишлаб чиқариш бўйича ҳар бир давлатга тегишли штрих код беради. Ўзбекистон ҳам ушбу штрих кодга эга бўлди. Бу дегани Андижондаги корхона бемалол Nike бренди томонидан яратилган барча моделдаги кроссовкаларни ишлаб чиқариш хуқуқига эгадир», дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, «Sino International» компанияси Adidas бренди остидаги маҳсулотларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш устида ҳам иш олиб бормоқда.