13:28 / 08.08.2023
32235

Беш вилоят ССБ бошлиқларига ҳайфсан берилди, қатор тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари ишдан олинди

Ҳайъат йиғилишида ўндан ортиқ раҳбар ходимлар лавозимидан озод этилди, яна қатор раҳбар ходимларга турлича жазо чоралари қўлланди. Хусусан, Наманган, Сирдарё, Навоий, Хоразм ва Сурхондарё вилоятлари соғлиқ сақлаш бошқармалари бошлиқларига ҳайфсан берилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил биринчи ярим йиллиги якунларига бағишлаб 8 август куни ўтказилган ҳайъат йиғилишида тўрт вилоят ССБ бошлиқларига чора кўрилди, бир неча тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари вазифасидан озод этилди.

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов раислигида олиб борилган йиғилишда маълум қилинишича, Тошкент вилоятида режадаги 10 та, Қашқадарёда 9 та, Сирдарёда 5 та оилавий шифокор пунктидан бирортаси ташкил этилмаган.

Оилавий янги поликлиникалар фаолиятини йўлга қўйиш борасида Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида сусткашликка йўл қўйилган.

Бирламчи тизимни аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника ва маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш бўйича давлат раҳбари топшириқларини бажаришда йўл қўйган сусткашлиги учун:

  • Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Б.Тешаев ва Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири М.Курбановга ўртача ойлик иш ҳақидан 30 фоиз жарима;
  • Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Иминов, Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Х.Ҳакимов, Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Н.Сафоев ва Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи С.Содиқовга ҳайфсан интизомий жазо чораларини қўллаш белгиланди. 

ССВ матбуот хизматига кўра, вазир олиб борилган ўрганишлар давомида ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан профилактик кўриклар ва скрининг дастурларини амалга ошириш механизми жойларда тиббиёт ходимларига тўлиқ тушунтириб берилмаганлиги ва жараён тизимли назоратга олинмаганлиги сабабли тармоқ режалари нотўғри тузилгани, уларнинг ижроси талаб даражасида бажарилмаганини ҳам танқид қилган.

Шундан келиб чиқиб, даволаш-профилактика ишларини талаб даражасида ташкил этмагани, тиббиёт бригадалари фаолиятини ташкиллаштиришда назоратни сусайтиргани, аҳоли репродуктив саломатлиги кўрсаткичларининг ёмонлашгани учун йиғилишда қуйидаги ходимлар эгаллаб турган вазифасидан озод этилди:

  • Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари А.Юсупов;
  • Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи А.Арабов;
  • Учкўприк туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Б.Орипов;
  • Ўзбекистон тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Х.Қурбонов;
  • Хива туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болалик масалалари бўйича ўринбосари М.Жуманиёзова;
  • Ҳазорасп туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари ўринбосари А.Ибодуллаев;
  • Хоразм вилояти Тез тиббий ёрдам маркази директори У. Матёқубов;
  • РШТИЁМ Хоразм филиали директори ўринбосарлари Б.Юсупова ва Б.Машарипов.

Шунингдек, йиғилишда «Қишлоқ шифокори» дастури ижроси ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Бу дастурни бажаришда йўл қўйган сусткашлиги учун: 

Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Сирдарё, Навоий, Жиззах, Хоразм, Тошкент вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарларига (Қ.Камалов, Ю.Мирхонов, А.Ёрқулов, И.Холмурзаев, У.Абдуллаев, Ж.Асатуллаев) ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланди.

Ҳайъат йиғилишида тез тиббий ёрдам хизматидаги мавжуд муаммолар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Таҳлиллар асносида президент қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида камчиликларга йўл қўйилгани, бу борада етарли чоралар кўрмагани учун:

  • Республика тез тиббий ёрдам маркази Самарқанд вилояти филиали раҳбари Д.Тоғаев эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.
  • Республика тез тиббий ёрдам маркази раҳбари А.Гафуровга ҳайфсан интизомий чораси қўлланди.

Танқидий-таҳлилий руҳда давом этаётган йиғилишда жорий йилнинг биринчи ярмида соғлиқни сақлаш ташкилотларига келиб тушган мурожаатлар ижроси таҳлил қилинди.

«Президентимиз таъкидлаганидек, бизнинг амалга оширган ишларимизга аҳоли баҳо беради. Халқимизнинг баҳоси эса тиббиёт тизимига бўлаётган мурожаатларда ўз аксини топмоқда. Улар биз учун кўзгудир», дейди вазир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига 2023 йилнинг 6 ойи давомида жами 39 376 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 5 000 тага ёки 12 фоизга камайган. Шунга қарамай, ҳудудлар кесимида аҳоли мурожаатлари билан ишлашда сусткашликка йўл қўйган масъуллар аниқланди. Ана шуларни инобатга олган ҳолда:

  • Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари У.Бўриев, Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Гаппаров, Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Д.Шаймардонов, Қува туман тиббиёт бирлашмаси Н.Мирзаматов, шунингдек, Республика тез тиббий ёрдам маркази Қашқадарё вилояти филиали раҳбари А.Алиевга ва Сирдарё вилояти филиали раҳбари Д.Ҳамралиевга ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланди.

Ҳайъат йиғилишида оналар ва болалар саломатлигини таъминлаш борасидаги вазифалар ижроси бўйича сусткашликка йўл қўйгани учун: 

  • Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик масалалари бўйича ўринбосари А.Абдуразақов, вилоятнинг Қўштепа (Н.Абдуллаева), Данғара (О.Қурбонова) ҳамда Наманган вилоятининг Учқўрғон (Ж.Раҳмоналиева) туманлари тиббиёт бирлашмалари туғуруқ бўлимлари мудирлари, Хоразм вилояти бош гинекологи С.Жуманиёзова ва вилоят Перинатал маркази директори ўринбосари Ш.Саттаров эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 
  • Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг оналик ва болалик масалалари бўйича ўринбосари (А. Асқаров), Андижон (Г.Қаюмова), Жиззах (Г.Ҳайдарова), Навоий (О.Аъзамова), Сирдарё (Ф.Мавланов), Сурхондарё (А. Абдуллаев) вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларининг оналик ва болалик масалалари бўйича ўринбосарларига ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланди.

Йиғилишда ўз вазифасига етарли даражада масъулият билан ёндашмагани учун:

  • Наманган вилояти Янги Наманган (З. Мамажонова), Янгиқўрғон (Л. Аҳмедова) ва Чуст туман (К. Аҳмаджонов) тиббиёт бирлашмалари бошлиқларига ўртача ойлик иш хақининг 30 фоизи миқдорида жарима қўлланди;
  • Риштон туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи А. Усмонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи К. Абдувоҳитовга ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланди.

Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган Ҳайъат йиғилиши якунида масъуллар соҳани ривожлантириш бўйича қатор таклиф ва мулоҳазаларни ўртага ташлади.

Top