21:41 / 14.08.2023
14442

Хорижий тилни яхши ўзлаштирган тиббиёт соҳаси талабалари учун стипендия жорий этилди 

Сентябрдан бошлаб улар 990 минг сўм қўшимча стипендия олиши мумкин. 

Фото: uzpharmagency.uz

2023/2024 ўқув йилидан тиббиёт олий таълим муассасалари ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумларида таълим олувчи, хорижий тилларни яхши ўзлаштирган талабалар рағбатлантириб борилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи қабул қилинди. 

Унга кўра, тиббиёт олий таълим муассасалари ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумларида таълим олувчи, инглиз тилини камида 7,5 даражада билишини белгиловчи халқаро тан олинган сертификатга (IELTS Academic) ҳамда немис ва француз тилини билиш даражасини белгиловчи С1 халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган талабаларга 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб, уларнинг сертификати амал қилиш даврида базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари (990 минг сўм) миқдорида ойлик қўшимча стипендия тўлаб бориш тартиби жорий этилади. 

Бунинг учун тиббиёт олий таълим муассасалари ректорлари ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари директорлари томонидан ҳар чоракда ушбу стипендияни олишга талабгор бўлган номзодлар тўғрисидаги қўшимча маълумотлар вазирликнинг Илм-фан ва таълим бошқармасига берилади. 

Қайд қилинишича, айни пайтда вазирлик тизимидаги тиббиёт олий таълим муассасаларининг 9 тасида хорижий тилларни билиш даражаси бўйича белгиланган мезонларга мос 56 нафар талаба таълим олмоқда.  

Top