18:36 / 15.08.2023
21996

Толибларнинг ҳокимиятдаги иккинчи йили: миллий давлатчилик сари машаққатли йўл 

«Толибон» ҳокимиятни сақлаб қолиши учун ўзгаришга мажбур. 

Фото: РБК

2021 йил 15 август куни «Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг Ашраф Ғани бошчилигидаги ҳукуматини ағдариб, мамлакат бошқарувини ўз қўлига олганди. 

Қўшни Афғонистонда ҳокимият тепасига толиблар келганига икки йил бўлди. Бу «Толибон»нинг иккинчи версиясидир. Улар 1996-2001 йилларда ҳам Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаганди. 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин АҚШ бошчилигидаги НАТО коалицияси кучлари Афғонистонга кириб, йигирма йил давомида толибларга қарши уруш олиб борди. 

Бу уруш толибларни ҳам, АҚШ коалиция кучларини ҳам мислсиз даражада толиқтирди. Лекин партизанлик урушида қоидага кўра, алалоқибат маҳаллий кучлар ютиб чиқади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. АҚШ мамлакатдан чиқиб кетди. Экспертлар Афғонистонни «катта империялар қабристони» деб номлашади. Чиндан ҳам Британия империяси, собиқ СССР ва энди АҚШ ҳам ушбу давлатда ўз олдига қўйган вазифаларни бажара олмасдан чиқиб кетишга мажбур бўлишган. 

Ҳокимиятга қайтган толиблар давлатчилик ва миллий чегаралар дахлсизлиги борасида кўпчиликнинг хавотирларига терс ўлароқ консервативроқ, ёпиқроқ, вазминроқ чиқди. Улар ҳокимиятга келиб, бу сафар бирор қўшни давлатга таҳдид қилмади. Қиёслаш учун, 1996-2001 йилларда ҳокимиятда бўлган толиблар бир неча марта қўшни давлатларга оғзаки таҳдидлар қилганди. Йигирма йиллик ҳарбий ҳаракатлар толибларни йўқ қила олмади, лекин уларнинг тафаккурини ўзгартирди. Бугунги толиблар учун тажовузкор мафкура эмас, прагматик манфаат – яъни Афғонистон ҳокимияти ва уни ушлаб туриш муҳим экани маълум бўлди. 

Толиблар икки йил олдин ҳокимиятга келиб, Афғонистон ҳудудидаги кўплаб жангари гуруҳларга «Биз ҳокимиятга келдик, ўйин қоидаси ўзгарди. Бундан кейин қўшни давлатларга таҳдид ва ҳужум қилмайсиз. Нима иш қилсангиз ҳам фақат биздан сўрайсиз ва рухсат берсаккина қиласиз», дея шарт қўйди. Бу эса толиблар ҳокимиятга келишида ёрдам берган жангари гуруҳлар учун ёқимсиз хабар эди. 

2022 йил ёзида «Ал-Қоида»нинг Усама бин Лодиндан кейинги раҳбари Айман аз-Заваҳирий Кобулда АҚШ амалиёти натижасида йўқ қилинишидан кейин Афғонистондаги кўплаб жангари гуруҳлар «Толибон» ҳокимиятга келиб, барча жангари гуруҳлардан қутулмоқчи» деган хулосага келишди. 

Икки йил ичида толиблар Афғонистонда миллий давлатчилик психологиясини жорий қилиш тараддудида экани маълум бўлди. Яъни толиблар учун миллий чегара ва миллий давлатчилик – риоя қилиниши керак бўлган қоида сифатида кўрилмоқда. Бу қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам яхши янгилик. Эндиги вазифа – толибларнинг ички сиёсат борасидаги ашаддий консерватизм тафаккурини трансформация қилиш ҳисобланади. 

Энг тетиклаштирувчи, масъулият ҳиссини оширувчи омил бу – ҳокимиятни ушлаб туриш вазифаси ҳисобланади. Афғонистонда барқарорликни, иқтисодий фаровонликни таъминлаш учун толиблар ўта консерватив ва ашаддий миллатчилик руҳиятидан мўътадил сиёсий кучга айланиб боришга мажбур. Тарихда кўплаб янги кучлар ҳокимиятга келганда анча тажовузкор ва мафкуралашган эди. Лекин йиллар ўтиб улар мўътадиллашишга мажбур бўлишган. 

Толиблар олдида ҳам ички сиёсатда узоқ муддатли мўътадиллашувга йўл турибди. Бу осон бўлмайди. Ички зиддиятлар ва қарама-қаршиликлар кўп бўлади. Лекин уларда бошқа чора йўқ. 

Камолиддин Раббимов

Мавзу
АҚШнинг Афғонистондан кетиши
АҚШ Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий кампаниясини тамомламоқда. Толиблар эса мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда.
Барчаси
Top