21:34 / 17.08.2023
14980

Аномал иссиқ туфайли Истанбул ичимлик сувисиз қолиши мумкин 

Шаҳарда бир-икки ойга етувчи чучук сув захираси қолган. 

Фото: Anadolu Agency

Туркиянинг энг йирик шаҳарларидан бири Истанбул аҳолиси ичимлик сувисиз қолиши мумкин. Мамлакатда аномал иссиқлик туфайли сув ҳавзалари саёз бўлиб қолган. Яқинда янги ҳарорат рекорди қайд этилди: +49,5 даража. Фуқаролардан имкон қадар сувни тежаш сўралмоқда. 

Истанбул оғир вазиятга тушиб қолган - шаҳарни таъминлайдиган ўнта сув омборининг барчаси деярли саёз. Таққослаш учун, ўтган йилнинг август ойида улар 62 фоизга тўлдирилган бўлса, ҳозир сув ҳажми учдан бирига ҳам етмаган. 

«Агар бу узоқ давом этса, Истанбул жиддий муаммоларга дуч келади. Расмийлар нимадир қилиши керак. Қурғоқчилик аллақачон эшик олдида», деди эколог Мерик Албай. 

Шаҳар кунига ўртача 3,5 миллион куб метр сув истеъмол қилади. Сув омборларида эса 300 миллиондан кам қолган, яъни захира тахминан 90 кунга етади. Аммо бундай иссиқда сув тез буғланиши ҳисобга олинса, 1-2 ойлик захира қолгани ойдинлашади. 

Иссиқлик туфайли сув истеъмоли ошган, аммо расмийлар аҳолидан уни тежашни сўрамоқда - бу фалокатдан қочиш ва қандайдир тарзда ёмғирли мавсумгача етиб боришнинг ягона йўли. 

Коммунал хизматлар экстремал чоралар кўришни таклиф қилмоқда - сув тарифларини бир ярим, ҳатто икки баравар ошириш. Олимлар эса қурғоқчиликдан денгиз халос этишини таъкидламоқда. 

«Бу аллақачон долзарб бўлган. Қуёш энергиясидан фойдаланган ҳолда шўр сувни тоза сувга айлантиришимиз керак. Бунинг учун махсус марказлар қуринг», деди эколог Зафар Мурод. 

Синоптиклар ҳозирча умид бахш этмаяпти: яқин ўн кун ичида Истанбулда ёғингарчилик кутилмайди, ҳаво ҳарорати ўттиз даражадан пастга тушмайди. 

Top