12:32 / 24.08.2023
3340

Натижа ҳам, муаммо ҳам бор – Сенат мажлисида Сурхондарё ва Хоразмдаги дастурлар ижроси муҳокама қилинди

2022 йилда ва 2023 йилнинг биринчи чорагида “Ташаббусли бюджет” доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида Сурхондарёда 118 та ҳолатда 8,9 млрд сўмлик, Хоразмда 145 та ҳолатда қарийб 4,4 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Сенатнинг қирқ тўртинчи ялпи мажлисида Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди. Муҳокама давомида вилоятда дастурлар ижроси бўйича қатор натижаларга эришиш билан бирга камчиликларга ҳам йўл қўйилгани таъкидланди.

Сурхондарё вилояти

2022 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 34,8 трлн сўмни ташкил этган ва 2017 йилга нисбатан 2,4 бараварга, шунингдек, аҳоли жон бошига 2,2 бараварга ўсган. 2022 йилда 250 млн долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилган. Хорижий инвесторлар иштирокида 220 дан зиёд инвестиция лойиҳалари ишга туширилган, 12 мингта янги иш ўрни яратилган.

Вилоятда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 438 та маҳалладаги 543 та лойиҳа бўйича 393,7 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган. “Ташаббусли бюджет” жараёнининг жорий йилги 1-мавсумида фуқаролар томонидан илгари сурилган 9 595 та лойиҳадан 110,6 млрд сўмлик 103 та лойиҳа ғолиб деб топилган.

Бандлик дастури доирасида жорий йилнинг январь-май ойларида 196,5 минг аҳоли доимий, вақтинчалик ва мавсумий иш ўринларига жойлаштирилган.

Ўрганиш давомида айрим камчиликлар ва муаммолар ҳам мавжудлиги аниқланган. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан вилоятнинг Бандихон, Бойсун, Денов, Қизириқ, Қумқўрғон, Музработ, Олтинсой, Сариосиё, Шеробод ва Шўрчи туманларини 2021–2023 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурлари доирасида 12,5 трлн сўмлик 255 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилмаган.

Шунингдек, ташқи муҳандислик-коммуникация тизимларини ривожлантириш бўйича 175 та лойиҳа ҳамда ижтимоий инфратузилмаларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича 83 та лойиҳа бўйича амалий ишлар бажарилмаган.

Маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 2022 йилда қарийб 2,6 млрд сўм маблағ тегишли бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши назарда тутилмаган ташкилотларни сақлаб туришга йўналтирилган.

“Ташаббусли бюджет” доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши юзасидан 2022 йилда ва 2023 йилнинг биринчи чорагида ўтказилган назорат тадбирларида 118 та ҳолатда 8,9 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган.

Хоразм вилояти

2022 йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 31,9 трлн сўмни ташкил этган ва 2017 йилга нисбатан 1,7 бараварга, шунингдек, аҳоли жон бошига 2,8 бараварга ўсган. Ўтган йили 189,9 млн долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилган, инвестиция дастурлари доирасида 22,5 трлн сўмлик 8700 дан зиёд лойиҳалар ишга туширилган, 13 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган, экспорт ҳажми 3 бараварга ортган.

Вилоятда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 280 та лойиҳа бўйича 164,4 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган. Бандлик дастури доирасида эса 2022 йилда 371,6 минг аҳоли доимий ва мавсумий ишларда банд қилинган.

Аммо 2022-2023 йилларда аҳоли бандлигини таъминлаш дастурлари прогноз кўрсаткичлари ижроси ортиғи билан бажарилаётган бўлса-да, 2023 йилнинг биринчи чорагида ишсизлик даражаси 9 фоизни ташкил этиб, юқорилигича қолган. Янгибозор ва Янгиариқ туманларида инвестиция янги иш ўринларини яратиш йиллик режасининг бажарилиши 30 фоизни ҳам ташкил этмаган. Ҳоким ёрдамчилари кўмагида микролойиҳаларни ташкил этиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича жорий йил биринчи ярим йиллик прогноз кўрсаткичлари ижроси эса вилоятнинг 13 та ҳудудидан 8 тасида бажарилмаган. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги “2022-2026 йилларда Хоразм вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 154-сонли қарори билан қабул қилинган дастур доирасида бажарилмаган тадбирлар сони 112 тани ташкил этган. Хусусан, йўл-транспорт ва муҳандислик коммуникация тизимларини янада ривожлантириш бўйича 23 та, ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича 2 та лойиҳа бажарилмаган. Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича шакллантирилган 113 та истиқболли лойиҳадан 87 тасида бугунги кунга қадар амалий ишлар бошланмаган.

Вилоятда бюджет интизомига риоя этилиши бўйича ҳам бир қатор камчиликлар аниқлангани айтилди. Жумладан, ўтказилган назорат тадбирларида 2022 йилда 49,5 млрд сўм ва 2023 йилнинг биринчи чорагида 6,3 млрд сўм миқдоридаги бюджет интизоми бузилиши ва асоссиз харажатларга йўл қўйилгани аниқланган. Маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 2022 йилда ҳамда 2023 йилнинг ўтган даврида 5,1 млрд сўмлик маблағлар тегишли бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши назарда тутилмаган ташкилотларни сақлаб туришга йўналтирилган. Маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 8 млрд сўмлик маблағлар Бюджет кодексига зид равишда сарфланган.

“Ташаббусли бюджет” тадбирлари доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши юзасидан 2022 йилда ва 2023 йилнинг биринчи чорагида ўтказилган назорат тадбирларида эса 145 та ҳолатда қарийб 4,4 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган.

Ҳар икки вилоятда қайд этилган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифлар билдирилди. Жумладан, халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларини маҳаллабай ишлаш тизими асосида ўрганиш ва сессияларда танқидий муҳокама қилиш бўйича тавсиялар берилди.

Муҳокама якунида билдирилган фикр ва таклифлар инобатга олиниб, Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Top