19:38 / 25.08.2023
25082

«Сити» ва «Челси»нинг янги харидлари, Озмуннинг янги клуби. Сўнгги трансфер хабарлари

«Сити» вундеркинд учун 60 млн евро сарфлади, «Интер» эса Санчесни қайтарди.

Ёзги трансферлар ойнасининг сўнгги кунларида Европа клублари таркибларини кучайтиришни давом эттирмоқда.

Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби Саудия Арабистонида

Испаниялик ҳимоячи Эмерик Лапорт «Ан-Наср» билан шартнома имзолади. Бу янгилик ҳеч кимни ажаблантирмади, сўнгги кунлар давомида унинг трансфери ҳал бўлгани ҳақида хабарлар чиқиб турганди. 29 ёшли футболчи 24 август куни янги клубида тиббий кўрикдан ўтди ва 2026 йилга қадар амал қилувчи шартнома тузди. Аввалроқ инсайдер Фабрицио Романо футболчининг йиллик маоши миқдори 20 млн еврони ташкил этиши ҳақида ёзганди.

«Манчестер Сити» эса бу футболчиси учун 27,5 млн евро ишлаб олган. Лапорт инглизлар клубида 2018 йилдан буён тўп тепиб келаётганди ва ўтган муддат ичида 15 соврин қўлга киритди. Ўтган мавсум якунларига кўра, «шаҳарликлар» требл қайд этди, бир неча кун олдин эса УЕФА Суперкубогида ғолиб бўлди. Энди ушбу ҳимоячи Криштиану Роналду, Садио Мане ва Марсело Брозович каби юлдузлар билан Осиёдаги совринлар учун курашади.

«Челси»га яна бир иқтидорли футболчи келди

Лондон клуби 18 ёшли йигитча учун 16 млн евронинг баҳридан ўтди. Ҳужумчи Дейвид Вашингтон «Сантос»ни тарк этди ва «Челси» билан етти йиллик шартнома тузди, унда келишувни яна бир йилга узайтириш ҳақида опция ҳам бор. Бу лондонликлар клубининг 2023 йил ёзидаги тўққизинчи харидига айланди, бунгача дарвозабон Санчес («Брайтон», 23 млн евро), ҳимоячи Дисаси («Монако», 45 млн евро), яримҳимоячилар Кайседо («Брайтон», 116 млн евро), Лавиа («Саутҳемптон», 62,1 млн евро), Угочукву («Ренн», 27 млн евро), ҳужумчилар Нкунку («Лейпциг», 60 млн евро), Жексон («Вилярреал», 37 млн евро) ва Габриэл («Сантос», 15 млн евро - у «Страсбург»га ижарага берилди) сотиб олинганди.

2022 йилда Вашингтон «Сантос»нинг ёшлар жамоасида Сан-Паулу штати ғолиби бўлганди. Асосий жамоадаги дебютини эса шу йил апрелида ўтказганди. Бу муддат ичида у асосий жамоа сафида 16 ўйинда майдонга тушиб, икки гол урган. «Челси» бош мураббийи Маурисио Почеттино раҳбариятдан яна икки янги футболчи олиб беришни сўраган. Аргентиналик мутахассис жамоага яна бир дарвозабон ва ҳужумчи керак деб ҳисобламоқда. Аввалроқ Романо «Челси» МЛС чемпионати вакили «Ню-Инглэнд Революшн»дан 16 млн еврога 23 ёшли сербиялик дарвозабон Жорже Петровични трансфер қилаётгани ҳақида ёзганди.

«Сити» Европанинг энг яхши дриблёрларидан бирини сотиб олди

Жереми Доку «Манчестер Сити»га ўтди, унинг трансфери Англия топ-клубига 60 млн еврога тушди. Ушбу йигитча ҳали 21 ёшда, лекин «Ренн» сафида 92 ўйинда, Белгия миллий жамоаси сафида эса 14 ўйинга тушиб улгурган. Ўтган мавсум якунларига кўра, Доку Европанинг кучли лигаларида олиб борилган ҳисоб-китобларга кўра, муваффақиятли алдаб ўтишлар сони бўйича кучли учликка кирган. У бу борада фақат Лионел Месси ва Винисиус Жуниордан ортда қолган. 2021 йилда Килиан Мбаппе Докунинг ўйинларига эътибор қаратиб, у қандай тезлик олиши ўзини ҳайратга солишини эътироф этганди. Жереми Хосеп Гвардиола қўл остида янада ўсиши тайин.

Озмун Моурино қўл остида ўйнайди

Ёз давомида Сердар Озмун «Зенит»га қайтиши ҳақида бир неча бор хабарлар тарқалганди. Эронлик 28 ёшли ҳужумчи эса Германиядан бошқа бир топ-чемпионатга ўтишга қарор қилди. «Рома» форвардни «Байер»дан бир мавсумга ижарага олади, римликларда уни мавсум якунида 12 млн еврога трансфер қилиш ҳуқуқи бўлади. Футболчига «Фулҳэм» талабгор эди, аммо Озмун Жозе Моурино туфайли Рим клубига ўтишга қарор қилди. Португалиялик мутахассис ҳам футболчининг келишига шахсан қизиқиш билдирган ва бу трансферда муҳим омил бўлган. Озмун «Байер»га 2022 йил бошида келганди. Ўтган вақт мобайнида у немислар клуби сафида 44 ўйинда майдонга тушиб, беш гол урган ва беш голга узатма берган.

Санчес бир йил ўтиб «Интер»га қайтмоқда

2022 йил ёзида Алексис эркин агент сифатида «Интер»ни тарк этган ва «Марсел» сафига бориб қўшилганди. У француз клуби сафида 44 ўйинда майдонга тушди ва 18 гол уришга эришди. Мавсум якунида томонлар шартномани узайтирмасликка қарор қилишди ва чилилик футболчи бозорга яна эркин агент сифатида чиқди. Бир неча кун муқаддам «Интер» бош директори Жузеппе Маротта 34 ёшли ушбу футболчи қайтишини исташи ҳақида очиқ гапирди. Романонинг маълумотига кўра, тиббий кўрик 25 август кунига белгиланган, шундан кейин томонлар қисқа муддатли шартнома имзолашади. Алексис 2019-2022 йилларда ҳам «Интер» сафида ўйнаган, 109 ўйинда 20 гол уриб, 23 голга ассистентлик қилганди.

Салоҳ Саудия Арабистонига келадими?

Бир кун аввал Муҳаммад Салоҳ «Ливерпул»ни тарк этиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Бу ҳақда Англия, Саудия Арабистони ва Испаниядаги нашрлар бир вақтнинг ўзида ёза бошлади. Хусусан, Relevo маълумотига кўра, «Ал-Иттиҳод» 31 ёшли мисрликни лиганинг энг юқори маош олувчи футболчисига айлантиришга тайёрлигини хабар қилди. Футболчининг ўзи ҳам бундай таклифга рози бўлиши айтилди.

Бунгача «Ливерпул» «Ал-Иттиҳод»га яримҳимоячиси Фабинони сотганди, аммо Салоҳ билан вазият бошқача кетмоқда. Инсайдер Фабрицио Романо «Ливерпул» саудияликларнинг 90 млн евролик трансфер таклифини рад этгани ҳақида хабар берган. Бу ҳолатда Салоҳ учун ягона вариант — клубни трансферга рози бўлишга мажбур қилиш бўлади

Мбаппе «ПСЖ» билан музокаралар олиб бормоқда

Ҳафта бошида The Times «ПСЖ» ва Килиан Мбаппе келишиб олганини хабар қилганди, унга кўра, футболчи клубни текинга тарк этмасликка ваъда қилган, акс ҳолда у содиқлик учун кўзда тутилган 100 миллион евролик бонусни ололмайди. Аммо ўшанда гап фақат оғзаки келишув ҳақида борганди. Энди эса Sky Sport 24 ёшли форвард шартномани узайтириш бўйича ҳақиқий музокараларга киришганини хабар қилмоқда. Вариантлар аввалги каби иккита — ёки амалдаги келишув яна бир йилга узайтирилади, ёки узоқ муддатли янги шартнома тузилади.

«Вест Ҳэм» янги трансферни ҳал қилди

«Аякс» яримҳимоячиси Муҳаммад Қуддус фаолиятини Англия Премьер-лигасида давом эттиради. Инсайдер Фабрицио Романога кўра, ганалик 23 ёшли вингер 45 миллион евро эвазига «Вест Ҳэм»га кўчиб ўтмоқда. Қуддус Лондон клуби билан 5 йиллик шартнома имзолайди. Келишув ҳақида яқин 48 соат ичида эълон қилиниши кутилмоқда.

Қуддус ўтган мавсумда Нидерландия чемпионатида 30 ўйинда 11та гол ва 3та ассист қайд этган. У куни кеча Европа лигаси саралаш баҳси доирасидаги «Лудогорец»га қарши баҳсда (4:1) ҳет-трик қайд этганди.

21 ёшли футболчи Саудияни танлади

Саудия Арабистони билан боғлиқ яна бир трансфер. Сўнгги вақтларда Габриэл Вейга «Наполи»га ўтиши ҳал бўлгандек кўринганди. Аммо «Селта»нинг 21 ёшли футболчиси Саудия Арабистонига йўл олишга қарор қилди. «Ал-Аҳли» испанлар клуби билан келишувга эришган, футболчи ҳам трансферга розилик билдирган. «Наполи» Вейгага йилига 2,2 млн евро маош таклиф қилганди, саудияликлар эса — 12,5 млн. «Реал» яримҳимоячиси Тони Кроос ушбу ҳавбек ҳақидаги хабарга салбий муносабат билдирди. «Шармандалик», дея ёзди у ёш футболчи трансфери ҳақида.

Ушбу футболчига «Наполи»дан ташқари «ПСЖ», «Манчестер Сити», «Барселона» ва «Челси» каби топ клублар ҳам қизиқаётганди.

«Севиля» белгиялик вингерни сотиб олди

Доди Лукебакио 25 ёшда, аммо «Севиля» унинг фаолиятидаги саккизинчи клуб бўлди. Белгиялик ҳужумкор яримҳимоячи ўтган мавсумда ижара асосида «Волфсбург»да ўйнаганди (25 ўйин, бир гол, уч ассист), кейин «Ҳерта»га қайтди. Берлинликлар жамоаси Бундеслигани тарк этган ва қатор активларини сотишга мажбур. Клуб Лукебакио трансфери учун 10 млн евро ишлаб олди. Доди Белгия, Англия, Германия чемпионатларида ўйнаган, энди эса Ла Лигада ҳам имкониятларини синаб кўради.

Хорватия миллий жамоаси дарвозабони «Фенербаҳче»да

Доминик Ливакович ниҳоят Загребнинг «Динамо» клубини тарк этди. Футболчининг савияси аллақачон Хорватия чемпионати даражасидан ўтиб кетганди, аммо у фақат 28 ёшида бошқа лигага ўтмоқда. «Фенербаҳче» ушбу дарвозабон трансфери бўйича келишувга эришганини эълон қилди. Хорватиялик футболчи яқин вақтлар ичида Истанбулга учади ва тиббий кўрикдан ўтиб, шартномага қўл қўяди. Бу мавсумда Ливакович барча турнирлар доирасида етти ўйин ўтказиб улгурди, олти гол ўтказди ва тўрт ўйинда дарвоза дахлсизлигини сақлади. У бу ўйинларнинг барчасида жамоасини сардор сифатида майдонга бошлаб тушган.

Top