Ўзбекистон | 14:18 / 04.09.2023
18879
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва қўшни давлатлардаги талабалар қанча стипендия олади?

Талабаларнинг асосий даромад манбаларидан бири стипендия ҳисобланади. Дарсдан кейин ишлаш, уйдагилардан пул олиш қаторида стипендия билан ойлик харажатларнинг маълум қисмини қоплаш мумкин. Лекин Ўзбекистонда ҳозирги тартиб бўйича шартнома асосида ўқийдиганлар стипендия олиш-олмасликни ўзи танлайди, грантда ўқийдиганларга эса базавий стипендия берилади.

Фотоколлаж: Kun.uz

Айни пайтда ўзбекистонлик талабалар оладиган стипендия миқдори қанча? Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида талабаларга қанча стипендия тўланади?

Ўзбекистонда стипендия қандай тўланади?

Давлат гранти, шунингдек, стипендияли тўлов-контракт асосида кундузги таълим шаклида ўқиётган талабаларга базавий стипендия берилади. Семестрни фақат "аъло" (86 фоиздан юқори) тарзда якунлаган талабаларнинг стипендиясига 20 фоиз қўшилади.

Лекин ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларининг 30 фоиз ва ундан ортиқ қисми «қониқарли» баҳо (71 фоиздан паст) бўлган талабаларга кейинги семестр давомида стипендия тўланмайди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Kun.uz’га берган маълумотга кўра, айни пайтда талабаларга тўланадиган базавий стипендия миқдори – 517 880 сўмни ташкил қилади. Барча фанлар бўйича фақат «аъло» ўзлаштириш кўрсаткичига (рейтинг кўрсаткичи 86 балл ва ундан юқори) эга бўлган талабалар учун стипендия – 621 456 сўм.

Бундан ташқари, иқтидорли талабалар учун номдор стипендиялар ҳам таъсис этилган.

  • Президент стипендияси – 2 191 541 сўм;
  • Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий, Бобур, Паҳлавон Маҳмуд, Тўлепберген Қаипбергенов, Ибройим Юсупов, Ислом Каримов ва Камолиддин Беҳзод номли давлат стипендиялари –1 461 028 сўм;

Рўйхатда кўриниб турибдики, энг қиммат стипендия – президент стипендияси.

Қўшни давлатларда стипендия миқдори қанча?

Қозоғистон

(2023 йил, янги ўқув йили ҳолатига кўра):

  • педагогика ва соғлиқни сақлаш йўналиши талабалари учун стипендия — 67 200 тенге (1 млн 777 минг сўм);
  • олий ўқув юртлари талабалари учун (соғлиқни сақлаш ва педагогика йўналишлари бундан мустасно) — 41 898 тенге (1 млн 108 минг сўм);
  • техник ва касб-ҳунар таълими дастурларида ўқиётган талабалар учун — 32 681 тенге (864 минг сўм);
  • магистратура талабалари учун — 94 024 тенге (2 млн 486 минг сўм) стипендия белгиланган.

Қирғизистон

Қирғизистонда (2022 йилги маълумот) талабаларнинг қанча стипендия олишига оид маълумотни фақат педагогика университетлари талабалари учун белгиланган миқдорини топа олдик. Унга кўра, 2022 йилги ўқув йили ҳолатига кўра, педагогика ОТМларининг 1-курс талабалари учун 1000 сом (137 минг сўм), 2-курс талабалари учун 2 000 сом (274 минг сўм), 3-курс талабалари учун 3 000 сом (411 минг сўм), 4-курс учун 4 000 сом (548 минг сўм) белгиланган.

Бундан ташқари, Қирғизистонда ҳам фаол талабалар учун президент стипендияси берилади. Бу стипендия фаол талабаларга бир марталик миқдорда 50 минг сом (2021 йилги миқдори – 6,8 млн сўм) тўланади.  

Тожикистон

2022 йилги маълумотга кўра, Тожикистонда талабалар оладиган ўртача юқори миқдордаги стипендия 368 сомони (405 минг сўм) ҳисобланади. Маълум бўлишича, бир талаба ойига ўртача 1,5 минг сомони харажат қилади. Бериладиган стипендия унинг ойлик харажатларининг фақат бир ҳафтасини қоплаши мумкин.

Тожикистон ва Қирғизистонга оид маълумотлар асосан 2022 йилга тегишли бўлса-да, очиқ маълумотлар асосида Қозоғистон талабалари энг юқори стипендия олади, деб хулоса қилиш мумкин.

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади

Мавзуга оид