16:42 / 04.09.2023
11144

Янги дарсликлар ва хорижлик “тил эгалари” – 700 мингдан ортиқ болалар учун илк ўқув йили бошланди

Янги ўқув йилида бошланғич синфлар учун ўқув дастурлари янгиланиб, жаҳон стандартларига мос янги дарсликлар чоп этилди. 1-синфга қабул қилинган болалар учун 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси” топширилди.

4 сентябрь куни Ўзбекистон бўйлаб 10 мингдан ортиқ мактабларда 2023/2024 ўқув йили бошланди. Kun.uz мухбири Тошкент шаҳридаги 190-мактабда бўлиб, биринчи қўнғироқ тадбирини кузатди.

Янги ўқув йилида мазкур мактабда 10 та 1-синф очилган (1А–1К). 

“Давлат раҳбаримиз ташаббуси билан ўқувчиларга битта касб ва иккита хорижий тил ўргатиш ҳам асосий мақсад қилиб қўйилган. Бунинг учун Республикамизга 500 дан ортиқ хорижий тил ўқитувчилари кириб келди ва турли ҳудудларда ўз фаолиятини бошлайди. Бундан ташқари, бошланғич синф ўқитувчиларининг малакалари оширилди янги дастур бўйича дарс ўтишлари учун. Яна бир аҳамиятли томони шундаки, ўтган ўқув йилида 400 мингга яқин ўқувчи битирган бўлса, бу йил 700 мингдан ортиқ ўқувчи биринчи синфга чиқяпти.

Президент совғалари олдингидек қиз ва ўғил болаларга алоҳида эмас, балки иккаласига ҳам тушадиган ранг ва дизайнда тақдим этилди.

Фото: Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Давлат раҳбари томонидан янги ўқув йили олдидан кенгайтирилган видео селектор ҳам ўтказилди. 4 та йўналишда асосий вазифалар қўйилди. Биринчидан ўқитувчи ва мураббийларнинг малакасини ошириш. Иккинчидан, ўқув дастурлари масаласи, президент мактаблари, ихтисослашган ва ижод мактабларининг 4 йиллик синовдан ўтган дастурлари умумий ўрта таълим мактабларига жорий қилинади. Ҳозирда 500 мактабга жорий қилинди, агар ўзини оқласа, кейинги йилдан устамалар қўшилади. Учинчидан, директорлар масаласи, бунда фақат Абдулла Авлоний номидаги малака ошириш институтидан тавсия этилган номзодлар тайинланади, вилоятларда директорлар кенгаши ҳам тузилди улар билан суҳбат қилиш учун. Тўртинчидан эса мавжуд мактабларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, янги мактаблар қуриш бўйича масъулларга қатор топшириқлар берилди”, — дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев.

Биринчи қўнғироқ тадбирида маҳаллий ҳокимлик, жамоатчилик вакиллари, ўқувчиларнинг ота-оналари ҳамда мактабнинг таниқли битирувчилари ҳам қатнашди.

Қайд этиш жоиз, жорий ўқув йилида 1-синфга қабул қилинган 700 мингдан ортиқ болаларга 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси” топширилди.

Top