Нуқтайи назар | 19:44 / 05.09.2023
275770
3 дақиқада ўқилади

“Энг сермаҳсул даврида катта концертлар бермади”. Сиёсатшунос – ўз вақтида Шерали Жўраевга қўйилган “запрет” ҳақида

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов “Нуқтайи назар” рукнида куни кеча вафот этган санъаткор Шерали Жўраев биринчи президент даврида тақиққа тушгани ва энг сармаҳсул йилларида мухлислари учун катта концертлар бера олмагани ҳақида сўз юритади.

Очиқ манбалардан олинган сурат

Шерали Жўраев, кўплаб қўшиқчилар қатори, жуда кўп йиллар “запрет”да бўлди. 90-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб, то 2016 йилга қадар, Ўзбекистон жамоатчилик диққат марказида фақат битта одам бўлди: табиийки, Каримов. Қолганлар бирин-кетин ёки ўзини сақлаш мақсадида, ёки тепадаги буйруқ сабабли халқ эътиборидан узоқлашди, узоқлаштирилди.

Шерали Жўраев 90-йилларнинг ўрталарида “запрет”га тушганди. Агар эътибор берсангиз, у энг сермаҳсул даврида катта концертлар бермади, у учун “Халқлар дўстлиги”, “Туркистон” ёки бошқа санъат қасрларининг эшиклари доим ёпиқ эди.

Каримовнинг характери жуда оғир эди. У кимнидир ёмон кўриб қолса, бошқа кечирмасди, кек сақлаб юраверарди. Лекин, эшитишимча, Каримов ҳам Шерали Жўраевнинг қўшиқларини яхши кўрган. Шундай бўлса-да, уни тўлиқ кечирмаган ва саҳнага қайтармаган.

Шунинг учун Шерали Жўраев халққа кўринишининг ягона усулини топган: ўз уйида концерт бериб, қўшиқларини “Шер” студиясида ёзиб, дисклар орқали халққа тарқатган. Бунга давлат ҳеч қандай монелик қила олмаган.

Ҳатто, адашмасам 2001 йилда “Хамза” театри қайта таъмирланиб Миллий академик драма театри деб номи ўзгартирилганда, шу театрни қайта очилишига Ислом Каримов келади. Шунда Шерали Жўраевнинг яқин дўстлари – шоирлар-у адиблар у билан Каримовни яраштириш мақсадида: “Шер ака, театр зинапоясида биз билан бирга туринг, Каримов ҳамма билан кўришиб келиб, сиз билан ҳам кўришиб, ярашиб кетади” деган. Шундай ҳам қилишган. Каримов ҳамма билан қўл бериб кўриша туриб, Шерали Жўраевни кўргач, қолганлар билан ҳам саломлашмай, театрга кириб кетади.

Қизиқ даврни бошдан кечирдик. Катта битта давлатда фақат битта одам гапирарди, ўйнарди, куларди, йиғларди, қўшиқ айтарди, мақтарди, танқид қиларди... Бошқа ҳамма томошабин эди. Битта давлат – битта одам... Шерали Жўраев – фақат уйида, Юлдуз – Туркияда, Обид Асомов – Россияда...

Ўзбекистонда фобиялар кўп, лекин миллатга, давлатга ва халққа реал ва жуда катта зарар етказган асосий нарса – бу давлат диктатураси бўлди, бошқа нарса эмас...

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

Мавзуга оид