19:20 / 09.09.2023
64134

Марокашдаги вайронкор зилзила. Сўнгги маълумотлар

Марокашдаги 7,2 магнитудали зилзила оқибатида икки мингдан ортиқ киши ҳалок бўлиб, икки мингдан ортиқ киши жароҳат олган. Марракиш шаҳрининг тарихий маркази вайрон бўлган. 

Фото: Fadel Senna / AFP / Scanpix / LETA

Сўнгги маълумотларга кўра, 9 сентябрга ўтар кечаси, маҳаллий вақт билан соат 23:00 дан ўтганида Марокашнинг марказий қисмидаги Юқори Атлас тоғида рўй берган зилзила оқибатида 2012 киши ҳалок бўлган ва 2059 киши жароҳат олган, улардан 1404 нафари оғир аҳволда қолмоқда. Маҳаллий амалдорлардан бирининг журналистларга маълум қилишича, қурбонларнинг кўпчилиги етиб бориш қийин бўлган тоғли ҳудудларга тўғри келади.

Қирол Муҳаммад VI уч кунлик миллий мотам эълон қилди ва омон қолганларга бошпана, озиқ-овқат ва бошқа ёрдам кўрсатишни буюрди.

Марокаш Миллий геофизика институти маълумотига кўра, 7,2 магнитудали зилзила Марракиш шаҳридан 70-80 километр масофадаги тоғли ҳудудда рўй берган. Биринчи силкинишдан 19 дақиқа ўтиб 4,9 магнитудали иккинчиси содир бўлган.

АҚШ Геология хизмати зилзила кучини 6,8 магнитудага баҳолаган ва эпимарказ ер юзасига нисбатан яқин жойлашганини билдирган — 18,5 километр. Мамлакат ички ишлар вазирлигига кўра, ер ости силкиниши Ал-Ҳауз, Уарзазат, Марракиш, Азилал, Шихауа ва Тарудант провинцияларини қамраб олган.

Ер қимирлаши Атлантика океани соҳилидаги Работ, Касабланка ва Ас-Сувейра шаҳарларида ҳам сезилган.

Марракиш шаҳрида зилзила оқибатлари
Al Maghribi Al Youm / Reuters / Scanpix / LETA

Ҳодиса ҳақидаги маълумотлар бир неча соат ўтибгина кела бошлаган. Дастлаб Reuters агентлиги маҳаллий амалдорлардан бирига асосланиб, ўнлаб қурбонлар ҳақида хабар берганди. У ўлим ҳолатларининг аксари етиб бориш қийин бўлган тоғли ҳудудларда рўй берганини қайд этган.

Кейинги соатларда қурбонлар ва жароҳат олганлар сони тўхтовсиз ўсиб борди, ИИВнинг сўнгги маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар сони 2012 нафарни ташкил этмоқда ва бу рақам яна ўсиши мумкин.

Al Oula TV / Reuters / Scanpix / LETA

Зилзила оқибатида эпимарказга энг яқин жойлашган йирик шаҳар бўлмиш Марракишда турар жойлар ва бошқа бинолар қулаб тушган. ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Эски шаҳарда яшовчилар уйлари қулаб тушгани ҳақида хабар беришган. Маҳаллий телеканалларда масжид биноси шикастлангани, автомобиллар яксон бўлгани акс этган тасвирлар берилган. 

Марракишда шикастланган масжид биноси. 2023 йил 9 сентябр
AFP / Scanpix / LETA

Ресторанлардан биридаги камерадаги ёзувда одамлар террасада овқатланиб ўтиргани ва силкинишдан кейин у ердан отилиб чиқиб, бинодан узоқроққа кетишга ҳаракат қилгани акс этган. 

Қутқарув хизматлари харобаларни тозалаш ишларини давом эттирмоқда.

Зилзила таъсир қилган ҳудудларда мобил алоқа ва электр энергияси таъминотида муаммолар кузатилмоқда.

Ҳиндистон ва Евроиттифоқ мамлакатлари Марокаш ҳукуматига ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.

Марракиш аҳолиси зилзиладан кейин тунни кўчаларда ўтказди
Fadel Senna / AFP / Scanpix / LETA
Марракишда аҳоли зилзиладан кейин марказий майдонга чиқиб жон сақлади
Fadel Senna / AFP / Scanpix / LETA

Мавзу
Марокашдаги вайронкор зилзила
Марокашда 9 сентябр куни рўй берган 7,2 магнитудали зилзила оқибатида уч мингга яқин киши ҳалок бўлиб, яна минглаб кишилар жароҳат олди.
Барчаси
Top