Жаҳон | 09:05 / 09.09.2023
10159
3 дақиқада ўқилади

Reuters: Россия снарядлар етишмовчилигини ҳозирча қоплай олмайди

2022 йилда Россия Украинада камида 10 миллион артиллерия снарядларидан фойдаланган, шунинг учун уларни ишлаб чиқаришни йилига 2 миллионга ошириш етишмовчиликни қопламайди, деб ёзади Reuters. 

Фото: Vadim Ghirda/AP/picture alliance

Яқин йилларда Россия артиллерия снарядларини ишлаб чиқаришни йилига 2 миллион донага ошириши мумкин, аммо Украинага қарши уруш шароитида ҳали ҳам уларнинг тақчиллигини бошдан кечиради. Ғарб давлатларидан бирининг исми сир қолишни истаган расмийси 8 сентябр, жума куни Reuters агентлигига берган интервьюсида шундай фикр билдирди. 

2022 йилда Россия қўшинлари Украинада 10-11 миллион дона снаряд ишлатган, деб ҳисоблайди Reuters манбаси. Унинг сўзларига кўра, Россия қўшинлари қийин вазиятга тушиб қолган. 

Россиянинг мудофаа секторига киритган сармоялари йилига 200 га яқин танк ишлаб чиқариш учун шароит яратиши мумкин, аммо бу рақам Москванинг эҳтиёжларини қондирмайди, деди расмий. «Агар сиз 2000 та танкни йўқотсангиз, бошлаган жойингизга қайтишингиз учун сизга ўн йил керак бўлади», деди у. Аввалроқ ғарб экспертлари Россиянинг снарядлар ва танклар ишлаб чиқаришнинг ўсиш потенциалини икки баравар паст деб ҳисоблаган, дея таъкидлайди агентлик. 

Шойгунинг КХДРга ташрифи ҳақида 

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг июл ойида Шимолий Кореяга сафари Москванинг умидсизлигини намойиш этади, деди расмий. Оқ уйнинг таъкидлашича, Москва Пхенян ёрдамида қурол-яроғ захирасини тўлдиришга ҳаракат қилмоқда. Reuters манбасига кўра, Шимолий Корея келишув учун қулай шартларни муҳокама қилади. 

Россия ҳарбийларининг Украинадаги йўқотишлари сони турлича 

Қўшни давлатда ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери Россия 4000 та зирҳли жанговар техника (ЗЖТ), 100 дан ортиқ самолётни йўқотди ва 270 минг киши ҳалок бўлди ҳамда яраланди, дея хабар беради Reuters манбаси. У бу маълумотларнинг манбасини келтирмади. 

Украина Қуролли кучлари Бош штаби 8 сентябр куни ўз тезкор ҳисоботида Россия армияси йўқотишларини тахминан 267,5 минг кишига баҳолади. Бундан ташқари, Украина қўмондонлиги йўқ қилинган 4529 та танк, 9726 та зирҳли жанговар машина ва 315 та самолёт ҳақида маълумот берди.

Россия томони охирги марта 2022 йил 21 сентябрда ҳалок бўлганлар сонини эълон қилган. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ўша вақтга келиб, уруш пайтида 5937 россиялик аскар ва зобит ҳалок бўлган. Бундан ташқари, январ ойида Россия Мудофаа вазирлиги эгаллаб олинган Макийивкада 89 нафар ҳарбий хизматчининг ўлимини тасдиқлади. 

Мавзуга оид