Ўзбекистон | 16:19 / 12.09.2023
6412
4 дақиқада ўқилади

Олтин, кумуш, уран ва мис ишлаб чиқариш бир неча баробарга оширилади

Тасдиқланган Ўзбекистон–2030 стратегиясида олтин қазиб олишни 1,5 баробар, кумуш ва уран қазиб олишни 3 баробарга, мис ишлаб чиқаришни эса 3,5 бароварга ошириш кўзда тутилган. Етказиб бериладиган электр энергия миқдорини 120 миллиард kWh га, табиий газ қазиб олиш ҳажмини эса 62 миллиард куб метрга етказиш режа қилинган.

Фото: AP

Президент фармони билан “Ўзбекистон–2030” стратегияси тасдиқланди.

Стратегиянинг “Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш” йўналишига қуйидаги режалар киритилган:

  • ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига даромадларни 4 минг долларга етказиш;
  • консолидациялашган бюджет тақчиллигини 2024 йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиздан ва келгуси йилларда 3 фоиздан паст бўлган миқдорда бўлишини таъминлаш;
  • юқори даромадли маҳсулот учун зарур бўлган мис ишлаб чиқаришни 3,5 баробар, олтин – 1,5 баробар, кумуш – 3 баробар, уран – 3 баробар ошириш;
  • автомобилсозлик соҳасида рақобат муҳитини яратиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 1 миллион донага етказиш;
  • тадбиркорларга “тайёр бизнес” шаклида бино бериш механизмларини назарда тутувчи саноат ипотекаси тизимини жорий этиш;
  • фармацевтика соҳасида дори воситаларига эҳтиёжни 70 фоизга ички ишлаб чиқарувчилар ҳисобига қоплаш;
  • чарм-пойабзал саноатига 30 дан ортиқ нуфузли хорижий брендларни жалб қилиш ҳисобига қўшилган қийматни 5 баробарга ошириш;
  • 250 миллиард долларлик инвестицияларни ўзлаштириш, жумладан 110 миллиард доллар хорижий инвестициялар ва 30 миллиард доллар давлат-хусусий шериклик доирасидаги инвестицияларни жалб қилиш;
  • банкларни хусусийлаштириш ва давлат ихтиёрида 3-4 та банкни сақлаб қолиш, банк бозорига камида 4 та йирик нуфузли чет эл банкларини жалб қилиш;
  • камида 3 та тижорат банкларида ислом молияси мезон ва тартибларини жорий этиш, ислом молиясининг қонуний асосларини шакллантириш;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларини 25 минг MW ҳамда жами истеъмолдаги улушини 40 фоизга етказиш;
  • кўп қаватли уй-жойлардаги хонадонларнинг энергия самарадорлиги (энергоаудит)ни баҳолаш тизимини жорий этиш;
  • шаҳарларда жамоат транспортини экологик тоза ёқилғига ўтказиш;
  • иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли эҳтиёжи учун етказиб бериладиган электр энергия миқдорини 120 миллиард kWh'га етказиш;
  • табиий газ қазиб олиш ҳажмини 62 миллиард куб метрга етказиш;
  • авиақатновлар сонини 4 баробарга ошириш;
  • 56 минг километр йўлларни қуриш ва таъмирлаш;
  • Тошкент – Самарқанд ва Тошкент – Фарғона водийси йўналишларида давлат-хусусий шериклик асосида автомобиль йўлларини қуриш;
  • шаҳар ва туманларни жамоат транспорти билан тўлиқ қамраб олиш, янги автобуслар сонини 5 мингтага ва электробуслар сонини 2 мингтага етказиш;
  • экспорт ҳажмини 2 баробар ошириш ва 45 миллиард долларга етказиш;
  • хорижий туристлар сонини 15 миллионга, ички сайёҳлар сонини 25 миллионга, зиёрат туризми бўйича келадиган туристлар сонини 3 миллион нафарга ошириш;
  • урбанизация даражасини 51 фоиздан 60 фоизга етказиш чораларини кўриш, Самарқанд ва Наманган шаҳарларини "миллионлик шаҳарлар"га айлантириш, 300 мингдан кўп бўлган шаҳар ва туманлар сонини 28 тага етказиш, барча аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқиш;
  • ҳудудларда 1 миллион хонадонли уй-жойлар қуриш, “Янги Ўзбекистон” массивлари сонини 100 тага етказиб, қўшимча 200 мингта оилага мўлжалланган уйларни барпо этиш, республикада камида 140 минг оилага мўлжалланган ижтимоий уйларни барпо этиш.

Мавзуга оид

Эълонлар