Ўзбекистон | 22:58 / 13.09.2023
6722
2 дақиқада ўқилади

Президент электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича таклифларни кўриб чиқди 

Шавкат Мирзиёев 13 сентябр куни электрон ҳукуматни ривожлантириш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди. 

Ўзбекистонда давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий хизматларни рақамлаштириш, БМТ электрон ҳукумат рейтингида юқори ўттизталикка кириш вазифаси қўйилган. Ушбу рейтинг (e-Government Development Index) мамлакатларда соҳа ривожини кўрсатувчи халқаро индексдир. Унинг аҳамиятли жиҳати, аҳоли ва давлат ўртасида электрон мулоқотни кенгайтириш, хизматларни қулайлаштириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади. Ўзбекистон ўтган йили рейтингда 69-поғонада қайд этилган. 

Рейтингда юқорига кўтарилиш учун хорижлик экспертлар иштирокида, халқаро методология асосида 6 та йўналиш бўйича 53 та тадбирдан иборат «йўл харитаси» ишлаб чиқилган. Унда онлайн хизматлар бўйича 112 та кўрсаткични яхшилаш, 2024 йилда рақамли 700 та хизматни ишга тушириш ва барчасини my.gov.uz порталига жамлаш, аҳоли масканлари ва автомагистрал йўлларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш назарда тутилмоқда. 

Бу жараёнларни илмий-ҳуқуқий таъминлаш, ҳамкорлар билан ишлаб, камчиликларни бартараф этиб бориш мақсадида «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси бўйича комиссияси ҳузурида Лойиҳа офиси ташкил этилади. 

Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, онлайн хизматларни ва юқори технологиялар соҳасида инсон капиталини ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди. Рақамли технологиялар вазирига БМТ Департаментига (UNDESA) тақдимот қилиб, Ўзбекистоннинг рейтингдаги ўрнини яхшилашни асослаш топширилди. 

Мавзуга оид