Жаҳон | 00:47 / 21.09.2023
15166
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг Ню-Йоркка ташрифи якунланди

Ўзбекистон президенти Тошкентга жўнаб кетди.

Фото: Президент матбуот-хизмати

Шавкат Мирзиёев Ню-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 78-сессиясининг умумсиёсий мунозараларида нутқ сўзлаб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталди ҳамда глобал ва минтақавий кун тартибининг энг долзарб масалалари ечимига қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.

Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг «С5+1» форматидаги биринчи саммити бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев ва АҚШ президенти Жозеф Байден икки томонлама учрашувда давлатлараро ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар.

Бундан ташқари, давлат раҳбари Европа кенгаши президенти Шарл Мишел, Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёл, Покистон бош вазири вазифасини бажарувчи Анвар Какар, шунингдек, нуфузли халқаро тузилма раҳбарлари – БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Халқаро валюта фонди бошқарувчи директори Кристалина Георгиева, Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала, Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга, ФИФА президенти Жанни Инфантино билан музокаралар ўтказди.

Фото: Президент матбуот-хизмати

Ташрифнинг ишбилармонлик дастури ҳам воқеаларга бой бўлди. Ўзбекистон етакчиси АҚШ бизнеси вакилларининг Ўзбекистон-Америка савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм бошчилигидаги делегацияси ҳамда йирик трансмиллий компания ва корпорациялар - Air Products, Citigroup, СNH, Boston Consulting Group, GE HealthCare, Oppenheimer, Cerberus, Cintana раҳбарлари билан учрашди.

Ташриф дастуридаги тадбирлар якунлангач, Шавкат Мирзиёев Тошкентга жўнаб кетди.

Мавзуга оид