10:18 / 22.09.2023
10541

Ангрендаги боғчаларда болаларнинг заҳарлангани ҳодисаси юзасидан тергов бошланган – манба

3 та давлат боғчасида бир вақтнинг ўзида 40 нафар бола заҳарланган. Дастлабки тахминларга кўра, болалар овқатдан заҳарланган бўлиши мумкин. Kun.uz’нинг ички ишлар органларидаги манбасига кўра Ангрен шаҳар ИИБ ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатиб, тергов ҳаракатлари олиб бормоқда. Буни вилоят прокуратураси ахборот хизмати раҳбари Асатилла Фатхуллаев тасдиқлади.

Фото: Kun.uz

2023 йил 14 сентябр куни Ангрен шаҳар ИИБга шаҳар тиббиёт бирлашмасидан болалар заҳарланиши ҳолати бўйича хабар келиб тушган.

Маълум бўлишича, Ангрен шаҳридаги 1, 10, 37-сонли мактабгача таълим ташкилотларининг жами 40 нафар тарбияланувчиси болалар шифохонасига ич кетиш, иситма ва қайт қилиш билан мурожаат қилган. Болаларга тиббий кўрикдан сўнг ошқозон фаолиятининг функционал бузилиши ташхиси қўйилган. Ҳолат юзасидан ҳодиса содир бўлган жойга тергов-тезкор гуруҳи етиб борган. 

Ҳозирги вақтда болаларнинг 16 нафари уйида, 4 нафари Ангрен шаҳар болалар шифохонасининг 2-педиатрия бўлимида, 3 нафари шаҳар тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимида, 16 нафари шаҳар марказий шифохонасининг инфекцион бўлимида ҳамда 1 нафари болалар шифохонаси жонлантириш бўлимида даволанмоқда. Шифохоналарда даволанаётган 24 нафар боладан 3 нафари ўртача оғир аҳволда.

Ўрганиш давомида охирги 10 кунлик таомнома бўйича болаларга тарқатилган озиқ-овқат маҳсулотлардан (шўрва, шовла, помидор-бодрингли ва мевали салатлар, гречкали бўтқа, творогли ширинлик, ичимлик суви, компот), шунингдек, тарбияланувчиларнинг қони ва пешоб намуналари олиниб, таҳлил ўтказиш учун Тошкент вилоят СЭО ва ЖСХ бошқармаси қошидаги лабораторияга юборилган. 

Ҳолат юзасидан Ангрен шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 2571-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Санэпидқўмита Ангрен шаҳридаги 10-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган болаларнинг овқатдан заҳарланиши ҳолати бўйича ўз хулосасини берганди

Top