Ўзбек деҳқони ниҳоят эркин бўляпти, лекин бу жараён сунъий тўсиқларга учрамоқда
Мамлакат бўйлаб бир қанча қишлоқ хўжалиги кооперативлари очилди, аммо бу ижобий жараён маҳаллий идораларнинг шиддатли қаршилигига учрамоқда. Фермер ўзи учун маъқул бўлган хўжалик шаклини танлашига – алтернативага ким тўсқинлик қиляпти?
Бир нарсани фақат битта ишлаб чиқарувчидан олиш имконингиз бўлса – алтернатива бўлмаса – бу ишлаб чиқарувчи билан ўзига хос муносабатларга киришасиз.
Бу муносабатларни “боғлиқлик” деб қисқа атаса бўлади, аммо бу ҳолатнинг нозик ва нозик бўлмаган тафсилотлари бор. Уларни санаб ўтамиз:
1. Бу ишлаб чиқарувчи истаган пайтида сиздан ўз маҳсулоти учун ортиқча пул ололади. Ахир бозорда бошқа маҳсулот йўқ – у маҳсулотининг устига истаган нархини қўйиши мумкин.
2. У сизнинг истагингизни ҳурмат қилишга мажбур бўлмагани учун, маҳсулотини ўзи истагандай қилиб ишлаб чиқараверади, сизга қулай бўлишини, ёқишини ўйламайди ҳам. “Нега энди, у яхши одам бўлса-чи?” дейишингиз мумкин. Ҳа, албатта, яхши одам бўлса бошқача бўлиши мумкин, аммо корхона битта одам эмас ва тажриба шуни кўрсатадики, битта бозорда битта нарсанинг битта ишлаб чиқарувчиси бўлса, айниқса бу сунъий монополия бўлса, харидор, яъни сиз, ҳурматга сазовор бўлмайсиз. Рақобатли вазиятда сизни бошларига кўтаришса, бунақа вазиятда манзара сизнинг фойдангизга бўлмайди ва буни ҳеч нарса ўзгартира олмайди. Фақат рақобат ўзгартира олади.
3. Бозорнинг якка ҳокими учун ҳам бу аслида зарар. Чунки бунақа корхона эгаларининг ўзлари ҳам билиб туришади ўйин ҳалол эмаслигини, йиғиб сотаётган маҳсулотлари одамларга мажбурлаб сотилаётганини, натижада одамлар ич-ичидан ишлаб чиқарувчига нисбатан “яхши” тилаклар билдираётганини... Ва бу албатта қалбларда йиғилиб бораверади ва уларни қора қилади. Ҳалол бозорда пул топиб, мазза қилиб яшаш қаерда-ю, қорайган-бежалган қалб билан яшаш қаерда? Шу учун монополистларни кўпайтириш бу – бир тўда қалби қорайган бечораларни кўпайтириш. Аммо бу ҳаммаси эмас.
4. Ҳар қандай ривожланишнинг омиллари бор – иш ривожи маълум тартибларга амал қилишни, маълум даражада тежамкорлик қилишни, ишлаб топилган фойданинг маълум қисмини ривожланиш учун олиб қўйишни ва ҳоказо ва ҳоказоларни талаб қилади. Монополистнинг топган даромади уриниш, изланиш, тер тўкиш бўлмагани учун, биз юқорида айтган ривожланиш омиллари бу ерда мавжуд бўлмайди ва... табиийки ривожланиш бўлмайди. Монополистлар аслида – бахтсиз одамлар.
Алтернатива ҳар бир соҳада бўлиши керак. Масалан, қишлоқ хўжалигида ҳам. Фермер етиштирган маҳсулотни сотиб оладиган корхоналар кўп бўлиши, фермер маҳсулотини кимга истаса, шунга сота олиши керак – алтернатива бўлиши керак ва айнан шу омил – фермерларнинг ўз ишига қизиқиши ортишига олиб келади. Қишлоқ хўжалиги учун бу энг асосий нарса.
Иши ривожланган фермерни жамият сувни тежашга ҳам ундаши мумкин, эрксиз фермерни ундай қила олмайсиз, чунки эрксиз фермер унчалик фермер ҳам эмас, ёлланма ишчидай гап.
Сув исрофининг асосий қисми қишлоқ хўжалигида юз бераётганини ва сув танқислиги нақадар жиддий муаммо эканини ҳисобга олсак, ечим қаердалигини тушунгандирсиз? Ечим – ўз ишини очиқ рақобат шароитида бажарадиган мустақил деҳқонлар синфини юзага келтиришда.
Шу билан бирга, деҳқонлар, агар шуни истаса, шунда фойдани кўраётган бўлса, бирлашиб ишлаш имконияти бўлиши керак.
Ҳозирда Ўзбекистонда оламшумул ҳодиса содир бўляпти – фермерлар мустақил бўла бошлаяпти. Масалан, фермерларнинг кўнгилли бирлашуви натижасида ишлаб чиқариш кооперативлари пайдо бўляпти. Яъни, 100 йилдан бери мустақил фаолият нималигини билмаган ўзбек деҳқони ниҳоят... мустақил бўляпти. Аммо жараён осон кечмаяпти – маълум мансабдорлар бунга яққол тўсиқ қўйяпти.
Мен Хоразмда бўлдим ва шундай – фермерларнинг кўнгилли бирлашуви натижасида пайдо бўлган кооператив фаолияти билан танишдим.
Эътиборимни тортгани – фермерларнинг кўзи чақнаб турибди, чунки кооперативдагилар ўз маблағларига етиштирган пахтаси ҳосили яхши бўлди ва бу пахта – ўзиники.
Келинг, уларнинг ҳикояларига қулоқ тутамиз.
Мурождон Раҳимов (“Тойдон” ф/х):
Фермер хўжалигимизни ташкил қилганимизга 29 йил бўлди. 2022 йилда “Олтин тола Бўстон” кооперативига бирлашдик. Меҳнатимиз қадрланмаётганидан кўнглимиз тўлмай, кооператив тузишга қарор қилдик. Ҳосилдорликни оширдик, 50 центнердан ҳам пахта етиштирса бўларкан.
Бозор иқтисодиётида талаб ва таклиф деган тамойил бор. Кооперативга бирлашганимиздан сўнг, бизга кимдир нарх белгилаб беришига эҳтиёж қолмади, пахтани ўзимиз бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб, сотяпмиз, биржа орқали. Энди ҳеч кимга “оз пул берди”, демаймиз, бозорга қараб қўйилади нархлар.
Бозор иқтисодиётининг ўз қонун-қоидалари бор, унга амал қилиш керак. Ерга меҳр бергандан кейин, кўнгилдагидай даромад кўрса, деҳқоннинг маҳсулдорлиги кўпайиб бораверади. Кластердалигимиз пайтида қилган меҳнатимизга яраша ҳақ ололмаганмиз. 2021 йилда кластерга пахта ташиб берганимиз, нархи 14 минг сўм бўлган дизелни 4800 сўмдан ҳисоблаб, пул берган бизга. Ваҳоланки, режадан ортиқча 15-20 тонналаб пахта топширганмиз унга. Ҳозир кооператив ўлароқ ўзимиз хоҳлаган пайтда биржадан оляпмиз ёқилғини. Пахтани қайта ишлагандан кейин, тола билан чигитни алоҳида сотяпмиз. Қишлоқ хўжалиги ривожланиши учун фермер мустақил бўлиши керак.
Маҳмуд Машарипов (“Navoili Muzaffar” ф/х):
Олдин 40 центнер пахта олишни эртак деб билардик, ҳозир 60 центнерга ҳам чиқариш имконимиз бор. Ҳосилдорликни ошириш учун маслаҳатлашиб, билмаганимизни сўраб-ўрганиб ишлаяпмиз.
Шокир Атоев (“Guldursin oltin” ф/х):
Энди 50 центнердан ҳам юқорироқ ҳосил олишни режалаштиряпмиз. Соф даромадимиз 2 млрд сўм бўлишини кутяпмиз. Тахминан 500 млн сарфладик ўз пулимиздан. Терим учун 300 млн олиб қўйдик.
Обод Ризаев (“Saxtiyonli Sa‘dulla” ф/х):
2017-2018 йилларда 32 центнердан, 2019 йил 42 центнердан, 2021 йилда 32 центнердан пахта олганмиз. Энди коопертивга бирлашиб, 52 центнердан ҳосил олдик. Пахта ўзимизники бўлгани учун меҳр бериб ишладик, сарфдан қочмадик. Ҳамма ишларни, дорилашларни кечиктирмай, ўз вақтида қилдик. Энди бу йил 60-65 центнердан ҳосил олиш ниятимиз бор.
Хурсанд Ибрагимов (“Guldursinobod” ф/х):
Ўтган йили кооперативга бирлашиб дехқончиликни бошладик. Олдин кластер билан ишлардик, ҳозир ўз маблағларимиздан пахта етиштираётганимиз учун иштиёқ бошқача. Кооперативга бирлашишдан мақсад – қилган меҳнатларимизнинг, ҳосилнинг фойдасини ўзимиз кўрмоқчимиз. Илгари, кластер билан ишлаганимизда, режа учун ишлар эдик. Энди қанча кўп ҳосил олсак, қанча кўп сармоя киритсак, ўзимизга шунча фойда бўлади.
Баҳром Эркаев (“Oltin tola Bo‘ston” ишлаб чиқариш кооперативи):
Кооперативимизга 19 та фермер хўжалиги бирлашган бўлиб, ўз маблағларимиз ҳисобидан 1,5 млрд устав фонди ташкил этганмиз. 2022 йилда 2150 тонна пахта ҳосили олганмиз. Келгусида пахта йигириш, тўқимачиликни ҳам йўлга қўямиз.
Қодирали Каримов (“Javohir Omon” ф/х):
Кооперативлар давлат учун ҳам, бюджет учун ҳам фойдали бўлади. Кластер ҳам, кооперативлар ҳам ишлайверсин, рақобат бўлса, ривожланиш бўлаверади. Шу кооперативни ташкил этиш учун молимизни сотдик, машиналаримизни сотдик, мана, яхши натижа беряпти. Кластерларга давлат имтиёзли кредитлар, бошқа ёрдамлар беради, биз эса ўзимизнинг кучимиз билан яхши натижага эришяпмиз.
Пахтани бир теримда териб тугатдик. Сертификатлашдан ўтказиб, биржада сотдик. Ўтган йили, биринчи йил бўлгани учун, қийналган эдик, аммо бу йил шу ҳосил пулидан ишлатяпмиз. Ишчиларга ўз вақтида яхши ойлик беряпмиз. Ўғитларни олдиндан ғамлаб, керакли тўловларни қилиб қўйяпмиз. Кластерда бўлган пайтимиз пул тушишини кутиб ўтирардик, кластернинг қўлига қараб. Энди ҳаммаси ўз вақтида бўляпти. Ҳосил ҳам яхши. Бундан ташқари, ўз ерига эга бўлмаган тўқимачилик фабрикалари бизнинг пахтани сотиб олишга қизиқишади.
Баҳром Жуманиязов (“Navoiy qoyir” ф/х):
Кластерлар билан тенг шартнома тузолмаганимиздан кейин Элликқалъа туманида 44 та фермер бирлашиб, “Олтин тола Бўстон” кооперативини туздик. Бизга имтиёзли кредитлар берилмади, чунки кредитлар кластер орқали бизга келар эди. Шундай бўлса ҳам, биринчи йилнинг ўзида 5 центнерга оширдик ҳосилдорликни.
Неъмат Ишчанов (“Ishchanov Odilbek” ф/х):
Кооператив – жаҳон қишлоқ хўжалигида тажрибадан ўтган амалиёт. Хитой қишлоқ хўжалигининг ривожланишида асосий ролни кооперативлар ўйнаган: деҳқонлар ихтиёрий равишда бирга ҳаракат қилгач ривожланган, натижада бошқа ишлаб чиқаришлар ҳам кенгайиб борган, шаҳарлар ривожланган, бутун иқтисодиёт ривожланган.
Беруний, Элликқалъа туманларида кооперативлар очилди, яхши натижа кўрсатяпти. Кластерга нисбатан афзалликлар кўп кооперативда.
Қайта ишлашдан кейин чиққан маҳсулотларни биржада сотиб, ҳар кимга ўз қўшган улушига лойиқ маблағлар тақсимланади. Даромадлардан янги техникалар олдик, ҳосилдорлик кластер давридагига нисбатан 5-10 центнер кўтарилди. 2022 йилдаги даромадимиздан тўғридан-тўғри биржадан ўғит ва ёнилғини олиб ғамлаб қўйганмиз, илгари буларни кластер қачон беришини кутиб ўтирардик.
Қодирберган Каримов (“Javohir Omon” f/x):
Кооперативда бошқарув усули демократик тамойилларда бўлади, бирор масала юзасидан қарор қабул қилишда ҳамма рози бўлса, амалга оширилади.
Илгари кластер орқали олинган пулларни масъулиятсиз сарфларди фермерлар, имтиёзли кредитларни шунчаки сарфлаб юбориш ҳолатлари бўларди, пул қайтмасди, фермер банкрот бўларди.
Моддий эркинликка олиб келяпти кооператив. Ўзимизга керакли ўғит, ёқилғиларни ҳам биржадан оламиз, ўртада нарх устига нарх қўйувчи ўртакаш бўлмайди.
***
Кўрганингиздек, деҳқон эркин бўлса, етиштирган маҳсулотига тўлиқ эга бўлса, шижоати ортади, ерига, ишига меҳри ортади. Ҳеч шубҳа йўқки, бу каби кўнгилли бирлашишларга тўсқинлик қилинмаса, қишлоқ хўжалиги ривожланади. Яқин келажакда бундай бирлашмалар негизида ўрта ва катта корхоналар юзага келиши ҳеч гап эмас. Бу – иқтисодий қонуният, жаҳон тажрибаси. Халақит қилмаслик керак, холос.
Алтернативасизлик – иқтисодиёт учун ҳам, ҳар бир инсон учун ҳам зарар. Кўряпмизки ҳатто ўша монополистларнинг ўзига ҳам зарар. “Буни ол, танловинг йўқ” дейилса, ҳечкимга ёқмайди. Ҳатто ўша монополистнинг ўзига буни айтсангиз ҳам унга бу ёқмайди. “Ўзингга тиламаганингни, бошқа ҳам тилама” деган гап бор.
Шокир Шарипов
Мавзуга оид
07:35 / 20.12.2024
Қишлоқ хўжалиги вазирига янги ўринбосар тайинланди
14:06 / 12.12.2024
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 16 фоизга ошди
15:43 / 05.12.2024
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ХМИ иштирокида 2 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда
15:09 / 03.12.2024