18:36 / 29.09.2023
15942

«Бўш хонага ортингиздан кирсам, сизни тополмасликдан қўрқаман» – «Театр» романи ҳақида

«Ҳаёт бу — театр, ундаги одамлар — актёрлар» деган эди Вилям Шекспир. Ҳамма даврнинг ўз машҳур ва моҳир актёр-актрисалари бўлади. Бу касб эгаларининг машаққатлари ўзларигагина яхши маълум. Ролларига киришиб, қаҳрамонлар ҳис-туйғуларини бошдан кечириши, образларнинг изтиробларини, шодликларини ўзиникидек кўрсатиб бериш сираям осон эмас.

Аслида Шекспир айтганидек, яшаб турган ҳаётимизнинг ўзи ҳам катта театр, саҳна. Тақдир аталмиш сценарий асосида ҳаракатланувчи актёр ёки актрисалармиз. Яшаш давомида бизда мавжуд бўлган ниқобларимизни тез-тез алмаштирамиз, ролларимизни имкон қадар маҳорат билан ўйнашга тиришамиз. Лекин бир нарса: ижобий ёки салбий ролни танлаш ўз қўлимизда. Таниқли ёзувчи Сомерсет Моэм ўзининг «Театр» номли асарида саҳна ва ҳаётдаги актёр-актрисаларнинг фарқини яққол кўрсатиб берган.

Сюжет:

Асар Жулия исмли актриса ҳақида бўлиб, у ёшлигидан актриса бўлишни орзу қилади. 12 ёшидан яхши устозлардан бу санъат сирларини ўрганишга ҳаракат қилади. Меҳнатлари албатта ўз натижасини кўрсатмай қолмайди. Аввалига маҳаллий театрларда рол ижро этиб юради ва кейинроқ Жимми Лэнгтон исмли машҳур режиссёрдан ишга таклиф тушади. Жулия рози бўлади. Жиммининг театри Жулиянинг шон-шуҳратга тўла келажак ҳаёти учун бир тажриба мактаби бўлди. Қиз бу театрда Майкл исмли келишган, барваста актёр йигит билан дўстлашади. Уни телбаларча севиб қолади. Аммо Майкл ўзининг кўркамлигини билар, шунинг учун ҳам мағрурланиб, барча қизларга менсимай қарарди. Унинг фикр-хаёли бойиб кетиш, ўзининг хусусий театрини очиш эди. Бунинг учун эса ўта зиқналик билан пул йиға бошлайди. 

Майкл Жулия ҳар қанча ишора қилса-да қизнинг севгисига эътибор бермайди. Аммо бир куни Жулиянинг саҳнадаги ролини кўриб лол қолади. У шундай маҳорат билан ижро этаётгандики, Майкл буни кўриб кўзёшларини тиёлмай қолади. Жулия келажакда машҳур актриса бўлиб кетиши аниқлигига ишонч ҳосил қилади ва қизнинг қўлини сўрайди. Улар турмуш қуришади. Жулия Майклни қаттиқ севарди ва ундан эътибор талаб этарди. Майклнинг совуққонлиги, хотинига кўпам вақт ажратмаслиги, хаёли фақат рақамлар билан банд эканлиги аёлнинг тоқатини тоқ қиларди. Бора-бора Жулиянинг эрига оташин ҳислари сўниб борди, ўртада Рожер исми бир фарзанд ва ўзаро ҳурматдан бошқаси қолмайди.

Майкл сезганидек Жулия тез орада катта шуҳрат қозонади. Улар Лондонга келиб, хусусий театрларини ҳам очади, Майкл орзу қилгандек бой ҳам бўлиб кетади. Жулия 40 ёшдан ошганда уларнинг ҳаётига Том исмли йигитча кириб келади. У Майкллар театрига оддий ҳисобчи бўлиб тайинланганди. Том Жулияга турли хил гуллар, совғалар жўнатиб, унинг эътиборини тортади. Ҳатто ўз ижара уйига таклиф қилишга-да журъат этади. 

Бу журъати Жулияни қизиқтириб қўйган ва аёл боришга аҳд қилганди. Йигитча ижара уйида ёлғиз яшаркан. Бироз муддат меҳмон бўлгач Жулия қайтишга чоғланади. Аммо Том катта жасорат билан аёлга ташланади. Жулия ҳам аввал ҳайрон, кейин таслим бўлади...

Том билан Жулиянинг ошиқ-маъшуқликлари анчагача давом этади. Аёл ўғли тенги йигитчага шу қадар ўрганиб қолгандики, уни бир кун кўрмаса туролмасди. Ўша давр француз жамиятида аёлларнинг ўйнаш орттириши оддий ҳолат сифатида қабул қилинарди. Аммо Жулия қирқдан ошгунгача бундай гап-сўзлардан холи эди. Бироқ энди Том иккиси ҳақида ҳар хил ғийбатлар ғимирлаб қолганди.

Бир куни кутилмаганда Том Эвис Крайтон ҳақида гапириб қолади. Бу қизнинг орзуси актриса бўлиш эканини айтиб, Жулиядан ишга қабул қилишини, қизга устоз бўлишини илтимос қилади. Жулия рози бўлади. Эвис Жулияларнинг театрида ишлай бошлайди. Тез орада Жулия Том бу ҳаваскор актрисани севиб қолганини англайди. У рашкдан қаттиқ изтиробга тушади. Ўзини қўйишга жой тополмайди. Ўзига таътил бериш мақсадида қишлоққа, холаси ва онасининг уйига кетиб қолади. У ёқдан анча дам олиб, енгиллаб қайтади. 

Бу орада ўғли Рожер Венадан уйга келади. Она-бола суҳбатлашиб ўтирган чоғда Рожер онасига ўз фикр-мулоҳазаларини тўкиб солади. Ота-онасини ўзига нисбатан бемеҳрликда айблайди. Жулияга: «Шахс сифатида мавжудмассиз. Ҳар бир айтган гапингизда, ҳар қилган ҳаракатингизда рол ўйнайсиз. Агар бўш хонага ортингиздан югуриб кирсам, сизни тополмай қолишдан қўрқаман», деб айтади.

Ўғлининг бундай гаплари Жулияни саросимага солиб қўяди. Энди у ўғлининг гапларини ҳазм қилишга уриниб, ўзини тинмай таҳлил қила бошлайди. Бу орада катта бир пьеса премьераси бўлади. Унда доимгидек Жулия бош ролда эди. Шунингдек, бу пьесадан Эвис учун ҳам муҳим рол ажратилганди. Бу қиз билан Майкл алоҳида шуғулланган, энди унинг келажакдаги карьерасини ушбу премьерадаги чиқиши ҳал қиларди. Аммо бу чиқишни Жулия моҳирлик ва маккорлик билан расво қилади. Шу билан Эвиснинг ҳам, Майклнинг ҳам бутун режалари чиппакка чиқади. Эвиснинг муваффақиятсизлигини кўрган Том қизни ташлаб, яна Жулияга қайтади. Аммо бу алфонс йигитча энди Жулияга керак эмасди...

Премьерадан сўнг Жулия ҳамма нарсадан ўзини озод ҳис қилиб, энг одми кийимларини кийганча овқатланиш учун ёлғиз ресторанга боради. Ўзининг ўн йиллардан бери ейишдан тийиб юрган овқатларини буюради. Мазза қилиб овқатланади ва тушуниб етадики, бу ҳаётда ҳамма рол ўйнаб яшайди. Фақатгина ўзи ҳаётда ҳам, саҳнада ҳам бир хил Жулия бўлиб яшай олибди...

Таҳлил:

Жулия ўзининг барча ютуқларига омад, истеъдоддан ҳам кўра кўпроқ меҳнат билан эришганди. У киборлар жамияти ичида бўла туриб аслзодалардан нафратланарди. Чунки уларнинг деярли ҳаммаси бу даражага жуда осонлик билан эришганди: шунчаки аслзода бўлиб туғилганди. Шунинг учун зодагонларнинг аксарияти такасалтанг, мижғов ва танбал эди. Жулия эса олий табақа бўлгунга қадар озмунча тиришиб, ҳаракат қилмади. 12 ёшидан яхши устозлар билан тинмай ҳаракат қилди. Мақсади сари интилди. Ўз устида ишлашдан тўхтамади. Бу билан эса инсон қаттиқ хоҳлаган нарсасига кўп меҳнат билан эришса бўлишини исботлади. 

Майклга бўлган туйғулари ҳам жуда беғубор ва самимий эди. Аммо Майкл бу туйғуларни қадрлай оладиган, ҳис қилоладиган ва шунга яраша жавоб қайтароладиган даражада жўшқин қалбли эмасди. Умуман олганда, Майкл ёмон инсон эмас. Кўркам, ишбилармон, кўнгилчан. Аммо Жулиядек ёниб яшовчи, эҳтиросли аёл учун бу етарли эмасди. Аксарият аёллар эътибор, оташин муҳаббат, олов қалб исташади. Майкл эса совуққон ва вазмин эди. Шу сабабдан ҳам бора-бора Жулиянинг қайноқ туйғулари эрига нисбатан совуқлашиб борди. 

Томга келсак, бу болакай киборлар жамиятига аёллар орқали кириб боришга муттасил уринарди. Навбатдаги ўлжаси Жулия эди. Ўзининг ғайритабиий жасорати, жўшқинлиги билан унинг қалбини забт этганди. Шундай машҳур актрисани ҳаммаям ижара уйига таклиф қилиб, унга тегажоғлик қилолмасди-да, ахир. Аслида, аёлларга сурбет ва таваккалчи эркаклар кўпроқ ёқиши ҳам сир эмас...

Том Жулиядан етарлича фойдалана олди. Ўзига яраша обрў орттирди, киборлар жамиятига яқинлашди, моддий маблағларнинг турли кўринишларига ҳам эришди. Энди навбатдаги ўлжани излашга тушди. Шу пайт Эвис унинг ҳаётига кириб келиб қолди. Том Жулия орқали Эвисга иш олиб бериб, қизни машҳур қилиш ва бутун умр машҳур актрисанинг турмуш ўртоғи бўлиш режасини туза бошлади. Машҳур бўлишни орзу қилиб юрган Эвис учун ҳам Томдек «ҳомий» ёқиб тушганди. Бу қиз ҳам айни пайтда актриса бўлиш учун ҳар қандай нарса ва ҳаракатга тайёр эди: Томга маъшуқа бўлишга, Жулияга ялтоқланишга, Майклнинг суюлишларига чидаш беришга ва бу «қари эшак»ни кўркамлигини тинмай таъкидлашга...

Томнинг Эвисга муносабатини ва ўзига бўлган бефарқлигини сезгач Жулия қаттиқ сиқилди. Уни ҳам рашк, ҳам ғурури ўртарди. Ўзини ожиз сезаётганидан ғижинарди. Аммо бу ҳолат бир-икки ойда ўтиб кетди. Жулиядек мағрур ва иродали аёл кўпам оҳ-воҳ қилиб юролмасди. Энди у Томни кўрса, у ҳақида эшитса ҳеч нарсани ҳис қилмай қўйди. Аммо ўзини ўйин қилишгани учун бу болакайларнинг боплаб таъзирини бериб қўйишни кўнглига тугганди. Шундай бўлдиям. Ўта моҳирлик билан Эвиснинг актрисалик бўйича келажакдаги бутун карерасини барбод қилди, шу билан биргаликда, Томнинг ҳам режаларини йўққа чиқарди. Бу Жулиянинг ўзига хос интиқоми эди. 

Асарда Рожер ва Жулиянинг ўзаро суҳбатлари асосий ўрин эгаллайди. Бола ёшлигида онасининг саҳнадаги қайсидир чиқишини кўради ва қаттиқ таъсирланади. Ўшанда Жулия шу қадар таъсирли рол ижро этгандики, томошабинларнинг йиғламагани қолмаганди. Пардалар туширилгач Рожер онасининг ёнига югуради. Бу вақтда онаси ҳеч нарса бўлмагандек, ҳозир саҳнада ҳаммани таъсирлантирмагандек кулишиб, кимлар биландир суҳбатлашиб турганини кўради. Шундан бери онаси кўзига иккиюзламачи, ҳаётда ҳам, театрда ҳам рол ўйновчи сохтакор кўрина бошлади. 

Рожернинг ота-онасидан, асосан, онасидан хафа бўлишида жон бор эди. Чунки ота-она меҳри, эътибори бола учун жудаям муҳим. Ота-онадан меҳр кўриб ўсган фарзанд ота-онасига ҳам меҳрибон бўлади. Рожер эсини танибдики, Жулиянинг фикр-хаёли театрда, Майклники бойликда. Бола ўз ҳолича катта бўлди, дунёқарашини, шахсий фикрларини ота-она кўмагисиз мустақил шакллантирди. Аммо Рожер онасини сохтакор актриса деб адашганди.

Шундай инсонлар бўладики, касбининг ҳақиқий мутахассиси ҳисобланади. Улар ўз фаолиятларни қаттиқ севганидан бошқа нарсаларга унчалик ҳам вақт ажратолмайди, аҳамият бермайди. Жулия шундайлар тоифасидан эди. Ҳар қандай роҳатбахш жойдан кўра театрни устун қўярди. Гримхонасида уйдагидан ҳам кўра кўпроқ эркин ҳис қиларди ўзини. Ҳаётий ташвишларини саҳнада, репетицияда буткул унутарди. У касбини севарди. Шахсий ҳаётини-да унутарди ишида. 

Жулия сохтакормас эди. Майклни актёр деса бўлади. Жулиянинг келажаги порлоқ бўлишига ишонч ҳосил қилгачгина унга уйланди. Унгача қизнинг муҳаббатини назарга илмади. Томни актёр деса бўлади. Обрў учун Жулияга яқинлашди, кейин эса Эвисни кўзлади. Эвис режаси барбод бўлгач яна Жулияга қайтди. Эвис ҳам актриса. Машҳур бўлиш учун нималар қилмади. Биргина Жулия ҳеч кимни алдамади, ҳеч кимга ялтоқланмади. Нимагаки эришган бўлса, ўз кучи, меҳнатлари билан эришди. 

Ҳаётда ҳар қадамда ролини маҳорат билан ижро этувчиларни учратамиз. Ҳар биримиз истаб-истамай ролга киришамиз. Аммо бир нарсани унутмаслигимиз керакки, ўз манфаатимиз, мақсадларимиз учун кимнидир алдашга, туйғулари билан ўйнашишга ҳаққимиз йўқ. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг машҳур гапи бор: «Аслинг каби кўрин. Ёки кўринганинг каби бўл…”

Гуласал Қодирова, китобхон
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Мавзу
Мутолаа завқи
Китоб мутолааси инсон руҳиятида ажиб ҳиссиёт, ўзгача қувват ва ички хотиржамлик беради. Бу саҳифадаги мақолалар сизни ана шундай мутолаа завқини ҳис қилишга ундайди.
Барчаси
Top