15:32 / 03.10.2023
22065

Космосда 1 йилдан кўпроқ – бу муддатда фазогирларнинг суяклари емирила бошлайдими?

NASA астронавти Франк Рубио фазода жойлашган Халқаро Космик станцияда рекорд даражада узоқ муддат — 371 кун яшади. Бу саёҳат унинг мушаклари, мия фаолиятини ва ҳатто ичакларидаги яшовчи бактерияларни ҳам ўзгартирган бўлиши мумкин.

Фотоколлаж: Kun.uz

NASA астронавти Франк Рубио космосда 371 кунлик саёҳатни амалга оширди. Бу — АҚШ учун рекорд даража, бундан олдин мамлакат учун фазода энг кўп қолиш муддати 355 кун эди.

Франк Рубио бир йилдан ошиқ вақт давомида фазода 253,3 млн километрни босиб ўтган, Ер атрофида 5 963 марта айланган. Шунча узоқ давом этишига қарамай унинг саёҳати 90 йилларда космосдаги “Мир” халқаро станциясида 437 кун бўлган рус космонавти Валерий Поляковникидан тахминан 2 ой камроқ.

Валерий Поляков, космонавт

Юзида табассум билан Ерга қайтган космонавт Рубиони Қозоғистоннинг Жезказған шаҳри яқинига келиб қўнгач, қўниш жойидан капсулада кўтариб олиб кетишган. Сабаби Халқаро Космик станцияда узоқ вақт паст тортишиш муҳитида бўлиш астронавтнинг танасига сезиларли таъсир қилган.

Франк Рубио Ерга қўнган жараён.

Франк Рубионинг бир йилдан ошиқ давом этган саёҳати инсоният узоқ вақт фазода бўлганда танада қандай ўзгаришлар бўлиши ва юзага келадиган муаммоларни қандай енгиш мумкинлиги ҳақида ўрганишга ёрдам беради. Рубио фазода бўлиб турганда спорт жиҳозлари билан машқ қилиш инсон танасига қандай таъсир қилишини ўрганишда қатнашган биринчи космонавт бўлди.

Инсоният Қуёш системасини чуқурроқ ўрганишни режа қилаётган бир пайтда бундай тадқиқотлар жуда муҳим. Масалан, Марсни ўрганиш дастури бўйича фазода 1100 кун – 3 йил бўлиш режа қилинган. Марсга жўнатиладиган космик кема Халқаро Космик cтанциядан кичикроқ ҳажмда бўлади ва бу кемага енгил ва кичик ҳажмли спорт жиҳозларинигина ўрнатиш мумкин.

Тананинг жисмоний тузилишидан ташқари инсон танасига узоқ вақт космосда қолиш қандай таъсир қилиши ҳам қизиқ.

Суяклар ва мушаклар қисқаради

Қўл-оёқларимизга нисбатан доимий тортишиш кучи бўлмаса, мушаклар ва суякларимиз фазода тезлик билан қисқаришни бошлайди. Энг кўп таъсирланадиган қисмлар танамизни тик тутишга ёрдам берадиган орқа, бўйин, болдир ва соннинг олд тараф қисми ҳисобланади. Микрогравитацион муҳитда тананинг бу қисмларининг ишлаши деярли шарт эмас ва тезлик билан қисқаришни бошлайди. Атиги 2 ҳафталик космосга саёҳатдан сўнг мушаклар 20 фоизга, 3 ойдан 6 ойчага бўлган узоқ муддатли саёҳатда эса 30 фоизгача қисқариши мумкин.

Худди шундай, астронавтлар космосда Ернинг тортитиш кучини ҳис қилмаганлари учун уларнинг суяклари ҳам деминерализацияланади ва кучини йўқотиб боради. Космонавтлар ҳар ой 1-2 фоиз суяк массасини йўқотиб боради, 6 ойлик муддатда эса улар 10 фоизгача суяк ҳажмини йўқотиши мумкин. Солиштириш учун: Ерда кекса аёл ва эркаклар йилига 0,5-1 фоиз ҳажмда суяк массасини йўқотади. Бу эса уларнинг суяклари синиш хавфини оширади ва тузалиш муддатини ҳам узайтиради. Бундай ҳолатдан кейин уларнинг суяклари олдинги ҳолатга қайтиши учун 4 йилгача вақт керак бўлади.

Суяклар қисқаришига қарши курашиш учун Халқаро Космик станцияда турли машқ мосламалари ўрнатилган. Астронавтлар улар билан кунига 2,5 соат шуғулланиши ва керакли дори воситаларини қабул қилиб бориши керак.

космосда машқ жараёни

Космосда тана вазни қандай бўлади?

Тана вазни космосда деярли аҳамиятини йўқотади, сабаби инсон тортишиш кучи йўқ муҳитда жуда енгил бўлиб қолади. Бундай атмосферада соғлом тана вазнини сақлаб қолиш осон эмас. Наса ўз астронавтларининг тўйимли ва соғлом овқатланишига ҳаракат қилади, ҳатто космосда турли кўкатлар етиштиришга ҳам ҳаракат қилиняпти, лекин барибир вазн билан боғлиқ муаммони тўла ечиш қийин. Космосда бўлиш орқали тана вазнидаги ўзгаришларни аниқлаш тадқиқотида қатнашган ва 340 кун орбитада бўлган астронавт Скот Келли бу муддатда 7 фоиз тана вазнини йўқотган.

космосда кўкатларни етиштиришга оид синов жараёнлари

Бундан ташқари, Ерга қайтган Скот Келли тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилганда унинг ичакларида яшовчи бактерия ва замбуруғлар ҳам тубдан ўзгаргани аниқланган.

Скот Келли космосда.

Кўзлар билан муаммо

Ернинг тортишиш кучи танамиздаги қонни пастга қараб ҳайдаб туради. Тортишиш кучи бўлмаган муҳитга инсон танаси бироз мослашади, бироқ барибир қон бош қисмида кўпроқ тўпланиб қолиши ҳолати содир бўлади. Худди шундай кўзнинг орқа қисми ва оптик нервлар атрофида ҳам қон тўпланиб, шиш пайдо бўлиши мумкин. Бу кўзда тизимли ўзгаришлар пайдо қилиб, кўриш ўткирлиги пасайишини келтириб чиқариши мумкин.

Одатда, кўзда ўзгаришлар 2 ҳафтадан сўнг билина бошлайди ва кучайиб боради. Табиий тана ҳолатидан ташқари фазогирларнинг кўзлари космик нурлар ва кучли Қуёш нурларидан ҳам зарарланиши мумкин. Ерда эса бу нурлардан табиий ҳимоя мавжуд. Астронавтлар Ерга қайтгач кўздаги баъзи ўзгаришлар ўз ўрнига қайтади, баъзилари эса доимийга қолиши ҳам мумкин.

Мия ҳам зарарланадими?

Скот Келли билан ўтказилган тадқиқотда узоқ муддат фазода бўлиш когнитив фаолиятга унча катта таъсир кўрсатмагани аниқланган. Лекин 2014 йилда фазода 169 кун бўлган рус космонавти билан ўтказилган тадқиқотда унинг мия мотор функциясида ўзгаришлар аниқланган. Мотор функцияси бошқача сўз билан айтганда, ҳаракат дегани. Бу қисм тананинг балансни сақлаш, мўлжал олиш ва ўз ҳаракатларимизни бошқариш каби муҳим вазифаларни бажаради. Космосда вазнсизлик муҳитида астронавтлар тортитиш муҳитисиз ҳаракат қилишга ўрганишади ва бу мияга таъсир қилиши мумкин.

Яна бошқа бир тадқиқот узоқ муддатли космос муҳити миянинг маълум қисмида шиш пайдо қилиши мумкин. Ва одатий ҳолатга қайтиши учун 3 йилча вақт керак бўлиши мумкин.

Иммун тизими яхши ишлайдими?

Астронавт Скот Келли учишдан олдин, фазода пайти ва қайтгандан сўнг ҳам вакцина олган ва унинг иммун тизими меъёрда ишлаган. Бироқ олимлар тадқиқотларда фазогирлар радиация қабул қилишлари сабаб оқ қон таначалари қисқариши кузатилишини аниқлашган.

Инсоният, шубҳасиз, Ерда яшашга мослашган. Унинг организми ҳам шунга мос тузилган. Космосга саёҳатлар инсонлар организмига қандай таъсир қилиши бўйича эса ҳали кўп нарса ўрганилиши керак. 371 кунни фазода ўтказган Франк Рубиодан олинадиган таҳлиллар ҳам бу мавзуни чуқурроқ ўрганишга ёрдам беришидан умид қилиняпти.

Франк Рубио
Top