Дунёнинг топ ОТМлари рейтинги эълон қилинди – у нима учун аҳамиятли?
The Times Higher Education ташкилотининг 2024 йил учун рейтингида кучли ўнталикни АҚШ (7 та) ва Буюк Британия (3 та) олийгоҳлари эгаллади. Хитой университетлари ҳам кучли ўнликка жуда яқин келган. Марказий Осиёдан фақат Қозоғистон университетлари топ-мингталикка кирди.
The Times Higher Education халқаро ташкилоти 2024 йил учун дунёдаги топ университетлар рейтингини эълон қилди. Рейтингга 108 та мамлакатнинг 1 904 та олийгоҳи киритилган. ОТМлар рейтинги 5 та: ўқитиш, тадқиқот муҳити, тадқиқот сифати, ишлаб чиқариш ва халқаро истиқбол йўналишларида 18 та кўрсаткич бўйича баҳоланган.
Топ 10 талик қуйидагича кўриниш олди:
- Оксфорд университети — Буюк Британия;
- Стэндфорд университети — АҚШ;
- Массачусетс технология институти — АҚШ;
- Ҳарвард университети — АҚШ;
- Кембриж университети — АҚШ;
- Принстон университети — АҚШ;
- Калифорния технологиялар университети — АҚШ;
- Лондон империал коллежи — Буюк Британия;
- Калифорния университети — АҚШ;
- Ел университети — АҚШ.
Рейтинг таҳлилига кўра, Оксфорд университети кетма-кет саккизинчи йил рейтингда биринчи ўринни эгаллаб турибди, бироқ кучли бешликдаги бошқа ОТМда ўзгаришлар бор. Стэнфорд университети иккинчи ўринга кўтарилиб, Ҳарвард университетини тўртинчи ўринга туширди.
Массачусетс технология институти (МИТ) бу йил икки поғонага кўтарилиб, учинчи ўринни эгаллади. Кембриж университети ўтган йили қўшма учинчи ўринни эгаллаганидан кейин бешинчи ўринга тушиб кетган.
АҚШ рейтингга энг кўп ОТМ кирган давлат бўлди. Иккинчи ўринда Буюк Британия. Топ 3 ни Ҳиндистон якунлаб берган.
Университетлар рейтинги нега керак?
Рейтингда қатнашиш давомида ОТМларда соғлом ички диалог ўрнатилади. Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик ташкилоти (OECD) ўтказган тадқиқотга кўра, 68 фоиз ОТМ ректорлари рейтингларни стратегик, ташкилий ва академик ўзгаришларни амалга оширишда асосий восита сифатида ишлатади.
Рейтинглар ОТМ брендини яратишга, уни халқаро даражада танитишга ёрдам беради. Масалан, халқаро талабалар университет танлашда иккинчи энг муҳим омил ОТМнинг рейтинги ҳисобланади. Биринчи омил эса нархлар.
Рейтингда энг кучлиларга яқинлашаётган Хитой олий таълими
Топ 10 таликнинг 7 тасини АҚШ, 3 тасини Буюк Британия ОТМлари эгаллаган. Хитойнинг энг яхши университетлари ҳам энг кучли ўнталикка жуда яқин келиб қолди. Масалан, Синхуа университети рейтингда 12-, Пекин университети эса 14-ўринда. Топ 200 талик рўйхатга эса Хитойнинг 13 та университети киритилди. Бу 2020 йилда 200 талик рўйхатга кирган 7 та ОТМдан деярли 2 баробар кўп.
Аввалроқ Хитой ОТМлари топ 10 таликка қачон кириши ҳақида савол ҳам бўлмаган. Бироқ қараш ўзгаряпти. Хитой таълими бўйича эксперт Денис Саймоннинг сўзларига кўра, 21-асрнинг муҳим воқеаларидан бири — Хитойнинг юксалишидир. Давлатда олий таълимнинг ривожланиши ҳам ноодатий ҳолат эмас.
Саймоннинг сўзларига кўра, Хитой инновацион иқтисодиётга ўтиш босқичида олий таълимга ҳам катта инвестиция киритяпти. Бунинг натижаси рейтингда ҳам сезилган. Бироқ мамлакат таълим сифати яхши бўлган элита университетларга жуда кўп эътибор қаратиб юбормай мамлакатда олий таълим сифати барча таълим муассасаларида яхшиланиши учун ҳаракат қилиши керак.
Қозоғистон университети ҳам топ рўйхатда
1904 талик рейтингга Қозоғистоннинг 4 та университети ҳам киритилган. Булар:
- Назарбоев университети — 501-ўринда;
- Ал-Фаробий номидаги қозоқ давлат университети 1201-ўринда,
- Гумилёв Евросиё университети ва Сатбоев университетлари — 1500-дан кейинги ўринларда қайд этилган.
Марказий Осиёнинг бошқа давлат ОТМлари “репортер” мақомида рўйхатга киритилган.
The Times Higher Education халқаро ташкилотининг 2023 йилги рейтингида ҳам Қозоғистоннинг 3 та университети 1001, 1201, 1501-ўринларда қайд этилган.
Ўзбекистон ОТМлари ҳам рейтинг учун ҳаракат қилганми?
Ташкилот маълумотига кўра, 1904 та университетдан ташқари яна 769 та ОТМ "репортер" мақомида рейтингга киритилган. Бу дегани улар рейтингга кириш учун маълумот тақдим этган, бироқ улар мувофиқлик мезонларига мос келмагани учун рўйхатга "репортер" сифатида киришга рози бўлган.
Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ўзбекистондан жами 48 та ОТМ “репортер” мақомини олганини хабар қилди.
“Мазкур 48 та олий таълим муассасаси THE’нинг нуфузли рейтингларига кириш учун номзод сифатида танланиб, бунда рейтинг агентлиги уларга яқиндан ёрдам беради”, дейилади вазирлик хабарида.
Маълумот учун: “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига кўра, Ўзбекистон 10 та ОТМни топ мингталикка киритишни режа қилган.
Мавзуга оид
08:15 / 14.12.2024
Тошкент 200-ўринда: хорижлик мутахассислар учун 2024 йилдаги энг яхши шаҳарлар рейтинги эълон қилинди
17:36 / 10.12.2024
ХМТ Марказий Осиёдаги ишсизлик даражаси бўйича маълумот берди
01:51 / 10.12.2024
Apple АҚШдаги энг самарали бошқарувга эга компанияга айланди
17:18 / 03.12.2024