18:02 / 04.10.2023
13189

Жойларда пахтага мажбурлаш ҳолатлари кузатиляпти. Депутат бунга батамом барҳам беришга чақирди

“Алоҳида мансабдор шахслар ва айрим ҳокимлар томонидан одамларни оммавий равишда пахта йиғим-теримига жалб қилиш ҳаракатлари бугунги Ўзбекистоннинг прогрессив сиёсатига зид”, деб баёнот берди депутат Бобур Бекмуродов. Унинг сўзларига кўра, кластерлар ва фермерлар ўртасидаги қиймат ва фойда занжирларини қайта кўриб чиқиш керак.

Фото: Kun.uz

Шу кунларда айрим туманларда одамларни ноқонуний пахтага жалб қилиш ҳолатлари жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда. Бу ҳолатга “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, депутат Бобур Бекмуродов эътибор қаратди.

У Telegram-каналида эълон қилган постида Ўзбекистонда ҳар мавсумда 6-7 миллион аҳоли, шу жумладан аёллар, болалар, талабалар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг мажбурий меҳнатига барҳам берилганини қайд этган.

“Қисқа давр ичида Ўзбекистон ўнлаб халқаро ташкилотлар ва ҳукуматларнинг мазкур йўналишдаги "қора рўйхатлари"дан чиқарилди, бойкотлар бекор бўлди. Мамлакатимизда мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиб, қисқа давр ичида 300 дан зиёд мансабдорлар жавобгарликка тортилди.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз раҳбарининг сиёсатида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, айниқса мажбурий меҳнатга йўл қўймасликка қатъий эътибор қаратилмоқда”, – деган Бобур Бекмуродов.

Унинг таъкидлашича, алоҳида мансабдор шахслар ва айрим ҳокимлар томонидан одамларни оммавий равишда пахта йиғим-теримига жалб қилиш ҳаракатлари бугунги Ўзбекистоннинг прогрессив сиёсатига зид. Бундай ҳаракатларга тўлақонли барҳам бериш, эскича бошқарув ёндашувларидан батамом воз кечиш зарур.

“Шунингдек, мамлакатимизда пахта саноатининг муҳим ўрнини инобатга олган ҳолда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва тегишли идоралар кластерлар ва фермерлар ўтасидаги қиймат ва фойда занжирларини қайта кўриб чиқиши лозим.

Ўз ўрнида, кластерлар ижтимоий масъулиятли бизнес қоидаларига риоя қилиши, фермерлар билан ўзаро муносабатларда ижтимоий манфаатларни инобатга олишлари шарт”, – деган Қонунчилик палатаси депутати.

Top