Ўзбекистон | 17:45 / 07.10.2023
17092
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева: "Ботаника боғининг бир сантиметри ҳам ижарачи ёки қурувчиларга берилмаслиги шарт"

"Юртимизда бундай маскан бошқа ҳеч қаерда йўқ. Мен Ботаника боғини тижорий тузилмалар бошқарувига топширишга қатъиян қаршиман. Унинг бир сантиметри ҳам ижарачи ёки қурувчиларга берилмаслиги шарт", дея маълум қилди президент ёрдамчиси.

Фото: Telegram / Саида Мирзиёева

Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева Тошкент шаҳридаги Ботаника боғи тўғрисида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

"Ботаника боғи - бу кўнгилочар жой эмас. Бу - бутун шаҳримиз ҳар куни нафас олаётган Тошкентнинг "ўпкаси". Бу - биз ғурурланадиган тарих", дейди у. 

Қайд этилишича, 70 йилдан ортиқ вақт давомида истеъдодли олимлар ушбу боғда бебаҳо дарахтлар ва ўсимликларни етиштирган, уларга ўз меҳр-муҳаббатини бағишлаган.

"Юртимизда бундай маскан бошқа ҳеч қаерда йўқ. Табиатнинг ана шу бир парчасини асраб-авайлаш, уни ҳимоя қилиш ва болаларимизга етказиш бизнинг бурчимиздир. Мен Ботаника боғини тижорий тузилмалар бошқарувига топширишга қатъиян қаршиман. Унинг бир сантиметри ҳам ижарачи ёки қурувчиларга берилмаслиги шарт", дея маълум қилди президент ёрдамчиси.

Билдирилишича, боғни олимлар яратган ва у олимлар ихтиёрида бўлиши, бутун ўзбекистонликлар учун хизмат қилиши лозим. 

"У Фанлар академияси ихтиёрида қолади", деб ёзди Саида Мирзиёева.

Аввалроқ project.gov.uz порталида Вазирлар Маҳкамасининг "Истироҳат боғлари фаолияти ва уларни бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинганди.

Унга кўра, маданият ва истироҳат боғларини вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган "Истироҳат боғларини бошқариш дирекциялари" тасарруфига ўтказиш кўзда тутилган.

Пойтахт ҳокимлиги баёнотига кўра, Ботаника боғи Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилмайди ва ҳокимлик мазкур қарор ташаббускори эмас. 

Ҳокимлик ушбу илмий даргоҳнинг мамлакат экотизимини асраш, ўсимликлар генофондини сақлаш ва кўпайтиришдаги аҳамиятини эътироф этади ва уни истироҳат боғига айлантиришга йўл қўймайди, дейилади расмий баёнотда.

Мавзуга оид