22:47 / 16.10.2023
8125

Шавкат Мирзиёев UNWTO Бош Ассамблеяси очилиш маросимида бир қатор янги ташаббусларни илгари сурди

Самарқандда БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессияси очилди. Тадбирни очиб берган Шавкат Мирзиёев дунё туризм индустриясининг эътиборга молик йирик тадбири Марказий Осиё минтақаси учун катта тарихий воқеа эканини таъкидлади.

Бош ассамблеянинг Ўзбекистонда ташкиллаштирилган бу галги сессиясида дунёнинг барча қитъаларидан 130 дан ортиқ давлат иштирок этади. Бу Бош ассамблеянинг аввалги сессияларига нисбатан юқори кўрсаткич ҳисобланади.                    

Бугун, 16 октябр куни Бош Ассаблея сессиясининг очилиш маросими бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Ш.Мирзиёев муҳим тадбир иштирокчиларини қутлар экан, ташкилотнинг юбилей йиғилиши Буюк ипак йўлининг дурдонаси, Янги Ўзбекистоннинг йирик сайёҳлик маскани бўлган қадимий шаҳар Самарқандда ўтказилаётгани чуқур рамзий маънога эга эканлигини таъкидлади.

Президент коронавирус пандемияси туризм соҳасига жиддий зарба бергани, натижада туризм экспорти даромадлари сезиларли даражада қисқаргани, миллионлаб иш ўринлари йўқотилганига урғу берди.

«Бутунжаҳон туризм ташкилоти ва сизлар вакиллари бўлган давлатлар ҳукуматлари томонидан олиб борилган тизимли ишлар натижасида бугунги кунда глобал туризм қайта оёққа турмоқда. Барча мамлакатларнинг биргаликдаги ҳаракатлари ва яқин ҳамкорлиги туфайли ушбу тармоқ янги муаммо ва таҳдидлар қаршисида ўзининг мослашувчан ва барқарорлигини намойиш этмоқда.

Ўтган йили дунё миқёсида салкам бир миллиард турист хорижга саёҳат қилди. Бу пандемияга қадар бўлган кўрсаткичнинг салкам 70 фоизини ташкил этди. Жорий йилда ушбу рақам янада ўсиши кутилмоқда», — деди президент.

Президент Бутунжаҳон туризм ташкилоти сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда ишончли ва узоқ муддатли стратегик ҳамкорига айланганини таъкидлади.

«Биз сўнгги йилларда Ўзбекистонда кенг кўламли, ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар дастурини амалга оширяпмиз. Унда асосий эътиборни демократик жамият институтларини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни либераллаштириш, халқимизнинг турмуш даражасини юксалтиришга қаратмоқдамиз. Олиб бораётган “очиқ эшиклар” сиёсатимизда туризм тармоғига устувор аҳамият беряпмиз», деди президент.

Мирзиёев салкам юзта мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тизимини қўлланилаётгани, 55 та давлат фуқаролари учун соддалаштирилган электрон виза тартиби жорий этилганини таъкидлади.

Сайёҳлик соҳасида профессионал кадрларни тайёрлашга катта эътибор берилаётгани, Ўзбекистондаги 35 та олий таълим муассасасида халқаро стандартлар асосида малакали мутахассислар тайёрланаётгани санаб ўтилди. Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳлар сони икки баробар кўпайиб, туризм экспортидан тушаётган даромад 4 баробар ўсгани қайд этилди.

«Биз ўз олдимизга жуда катта мақсад ва режаларни қўйганмиз ва бу борада сизлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Жумладан, Туризмни комплекс ривожлантириш бўйича 2030 йилгача бўлган стратегияни ишлаб чиқмоқдамиз. Бу борадаги асосий йўналиш сифатида замонавий туризм ва транспорт инфратузилмасини яратишга устувор аҳамият қаратамиз», — деди президент.

Айни пайтда Ўзбекистонда 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектлари мавжудлигини айтган президент Зиёрат туризми дастури доирасида саёҳатга келувчилар сонини ҳозиргидан уч баробар кўпроққа ошириш мўлжаллаётганини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев глобал туризмнинг энг долзарб муаммоси – бу туристларнинг кафолатланган хавфсизлик тизимини таъминлаш эканини қайд этди.

«Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида кузатилаётган низо ва беқарор вазиятлар соҳа ривожига пандемиядан ҳам кўра кўпроқ салбий таъсир кўрсатмоқда.

Минг афсуски, бу жараёнлар оқибатида жозибадор ва анъанавий йўналишларда туризм салоҳияти ва сайёҳлар сони кескин пасаймоқда, хавфсиз туризм учун доимий тусга эга бўлган хатар ва таҳдидлар ортмоқда, уларнинг салбий таъсири қўшни минтақаларга ҳам тобора кенгроқ тарқалмоқда, бутунжаҳон маданий мерос объектлари ва кўҳна архитектура ёдгорликлари вайрон қилинмоқда ва ҳатто айримлари Ер юзидан йўқ бўлиб кетмоқда. Бундай аянчли ҳолатларнинг олдини олиш учун барчамиз ҳамжиҳат ва якдил бўлиб, бор куч ва саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз керак», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида бир нечта таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Жумладан, халқаро туризм соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асосларни кучайтириш мақсадида БМТ доирасида Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқишни таклиф этди.

«Иқлим ўзгаришлари тобора кучайиб бораётган даврда “яшил” туризмни ривожлантириш бўйича халқаро Ҳаракатлар дастурини қабул қилиш ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Ташкилотимизнинг “Яшил” туризмни жорий этиш бўйича энг яхши шаҳар” номинациясини таъсис этишни таклиф қиламиз», — деди президень.

Мирзиёев Имконияти чекланган сайёҳлар учун қулай шароитларни янада кучайтириш ва инклюзив туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида UNWTO доирасида 2025 йилни «Бутун жаҳон инклюзив туризм йили» деб эълон қилиш ва махсус декларация қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Шунингдек UNWTO ҳузурида Сайёҳлик бўйича тарихий шаҳарлар кенгашини тузиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди. “Бу кенгашнинг биринчи йиғилишини қадимий Бухоро шаҳрида ташкил этишга тайёрмиз”, деди президент.

Президент Самарқандда туризм соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган ва уларнинг малакасини оширадиган, дунёда ўхшаши йўқ Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Халқаро туризм академиясини очилгани, келгуси ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон иқтидорли мутахассислар учун махсус грантларни тақдим этиши ва давлатлар вакилларини бу дастурда фаол иштирок этишга чақирди.

Мирзиёев UNWTO билан яқин ҳамкорликда Жаҳон ёшлар туризми саммитини Тошкентда ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлашни сўради.

«Ипак йўли” брендини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун UNWTOнинг махсус халқаро мукофотини таъсис этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди. Бу режани амалга оширишда “Ипак йўлида туризм” тематик офиси фаол шуғулланиши мумкинлиги қайд этилди.

«UNWTO туризм соҳасининг фаол тарғиботчилари — журналистлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини ўзида бирлаштирадиган Глобал медиа кампусини ташкил этиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз», деди президент.

Бундай медиа форумларни ҳар икки йилда бир марта UNWTO Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессиялари доирасида ўтказиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилиб, биринчи медиа кампусга ҳам Ўзбекистон мезбонлик қилишга тайёрлиги таъкидланди.

Президент Ш.Мирзиёев Самарқандни “Маданий туризмнинг халқаро пойтахти” деб эълон қилиш ва тегишли декларацияни қабул қилишга доир ташаббусни қўллаб-қувватлашни сўради.

«Бу юксак мақом асрлар бўйи ўз таровати ва беқиёс меросини безавол сақлаб келаётган, бағрикенглиги ва меҳмондўстлиги билан бутун дунёда шуҳрат қозонган Самарқанднинг мўътабар номига ҳар томонлама муносиб бўлар эди», — деди президент.

Президент меҳмонлар Янги Ўзбекистонни ўзлари учун кашф этиши, бу ташриф қалбларда унутилмас таассуротлар қолдиришига ишонишини айтди.

«Сиз, азиз дўстларимиз учун Ўзбекистон эшиклари ҳамиша очиқ ва барчангиз биз учун доимо қадрли меҳмонсиз. Бош Ассамблея сессиясининг ишига муваффақият ва омадлар тилайман», — деди ўз сўзи ниҳоясида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев.

Top