21:00 / 21.10.2023
14956

Оилага тайёрмаслик, қизғанчиқ қайноналар ва 3-шахслар аралашуви — ажримлар ҳақида борича

Ўзбекистонда оилавий ажралишлар масаласида рекорд кўрсаткич қайд этилмоқда. 2023 йилнинг 8 ойида қарийб 34 мингта оила ажрашиб кетди, бу оилалардаги 25 минг бола энди кундалик ҳаётини отаси ёки онасисиз давом эттиради.

Оила ва хотин-қизлар қўмитасига кўра, бу ажримларнинг асосий қисми эр-хотиннинг оилага тайёр эмаслиги, 3-шахс аралашуви, узоқ вақт бирга яшамаслик, молиявий қийинчиликлар, хиёнат, спиртли ичимликлар ва гиёҳвандлик, фарзандсизлик сабаб юз берган.

Kun.uz'нинг навбатдаги “Борича” подкастида ажримларга энг кўп сабаб бўлаётган омиллар ҳақида сўз борди.

Кўр-кўрона уйланиш мезонлари

Шоира Исоқова, психолог:

— Бизнинг ёш авлод оила қуришга тайёр эмас. Ота-боболаримиз 16-17 ёшда ҳам уйланган, деб қолишади, лекин улар ўша даврда оилани боқишга қурби етган, физиологик ва ақлан етук бўлишган. Ҳозир 25 ёшда уйланса ҳам, ажрашиб кетиш ҳолатлари бўляпти. Айниқса, пандемия пайтида тўпланиб қолган муаммолар юзага чиқиб кетди, бундан ташқари, оилага аралашувлар кўпайди. Ҳозирги ҳолат карантин асоратлари дейиш мумкин, буни биз таҳлил қилганмиз. Ҳали кейинги йилларда ҳам бу таъсир бўлиши мумкин.

Қайноналарнинг ҳам оила борасида илми, тажрибаси йўқ, ташқаридан келган бир қизга қандай муносабатда бўлишни билмайди. Бир маҳаллада синов тарзда қайноналар мактаби ташкиллаштириб, тушунтиришлар берганмиз, ўша ерда ажримлар сезиларли даражада камайган. Икки ёшнинг орасига аралашавермаслик, уларни шахс сифатида қабул қилиб, мустаҳкам муносабат ўрнатишига қўйиб бериш кераклигини тушунтирганмиз. Шу 4-5 соатлик тадқиқот ишлари шундай натижа берган. Бундан ташқари, оилада қайноталарнинг роли йўқ, индама, тинч қўй, дея олмайди. Бу оилаларда эркаклар роли пасайиб кетаётганидан далолат.

Оила илми йўқ. Йигитларнинг назарида уйланиши керак, бўлди. Дунёқараши, фарзандлар тарбияси, тўғри келиши ҳақида ўйлаб кўрмайди, шу яхши оила фарзанди экан, чиройли, ўранган экан, деган мезонлар билан келин танлашади. Кўпчилик шу онам топган келин, дейди. Уйлангандан кейин адашганини билади. Кўпчилик ажрим ҳолатидаги ёш оилалардан - куёвлардан қандай оила қургани ҳақида сўраганимда, онаси топганлигини айтади. Ҳар бир одамнинг тафаккури, диди, ёқадиган одами бўлиши керак, орзулар бор. У фарзандларининг онаси бўла оладиган қизни ўзи танлаши, топиши керак. Бундан кўриш мумкинки, ўғил болаларни ҳақиқий эркак қилиб тарбия қила олмаяпти оналаримиз. Мана шу ерда ҳам эркакнинг роли тушиши бор.

Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, шу кунга қадар бор-йўғи икки нафар йигит қабулимга келди, оила қуришдан аввал қандай қизни танласам бахтли бўламан, деган савол билан. Қолган ҳолатларда – оила қуришдан олдинам, ажримдаям фақат ва фақат қизларни онаси олиб келади. Кейинги вақтларда эркаклар турмуш ўртоғини олиб келиш ҳолатлари бироз шаклланди – ўз масъулиятини билган, фарзандлари тақдирига бефарқ бўлмаган оталар томонидан.

Бизда йигитлар оила қуришдан аввал мутахассисларга бормайди. У оила қуришга маънан, жисмонан, руҳан, иқтисодий жиҳатдан тайёр бўлмай туриб отасининг пулига, онасининг танлаганига уйланади. Уйланиб бўлгандан кейин эса турмуш ўртоғи унинг таъбига тушмайди.

Дилмурод Анваров

Дилмурод Анваров, психиатр:

 — Учинчи шахс аралашуви. Ташқаридан кимдир аралашса, муаммо ечиб бўлмас даражага келади. Бизда ташқаридан берилаётган ҳар қандай маслаҳатларга кўр-кўрона амал қилиш бор: менталитет ёки ўзини фикрига эга бўлмасликдан, оилавий муносабатларга тайёр бўлмасликдан. Мурожаатчиларнинг жуда кўпи шу холам, аммам ё фалончим айтди деган гапни айтишади, бошқаларни холис одам, холис айтди деб ўйлашади. Оила ичида бўлмаган одам ҳеч қачон билмайди асл вазиятни. Ўша учинчи шахслар ҳам бир оила устидан таваккал қилаётганини ўзлари тушунмаган ҳолда маслаҳат бераверади. Хотининг ёқмаяптими – ажраш, ёқмаяптими – жавобини бер, бир таъзирини есин, деган фикрлари билан оилани жар ёқасига олиб келиб қўйишади.

Шоира Исоқова:

— Тарозини бузаётган эркак аслида. Оиладаги ҳамма жараёнларда масъулиятни бўйнига олиши керак. Келин ташқаридан келади, оиладаги урф-одатлар, қадриятлар, тартиб-интизом ҳақида ҳеч нарса билмайди. Янги келган келинни оилага куёв мослаштириши керак, бизда эса қайнонага ташлаб қўйишади. Оила бу эр ва хотиндан иборат. Куёв келинни оила аъзолари билан яқиндан таништириши, мослаштиришни зиммасига олиши ва ўзи намуна бўлиши керак. Айтганимдек, айрим эркакларимиз оила қуришга тайёр эмас, масъулиятни бўйнига ололмайди. Оилада оналарда шунақа тушунча шаклланганки, тарбия чоғида ота-оналар қизининг тарбиясини яхши қилишади, сеп-сидирғасини зўр қилишади, лекин ўғлим ёнимда бўлади, бошқаравераман, у менинг айтганимни қилиши керак деб унга эътибор беришмайди. Биз фарзанд тарбия қиляпмизми, аввало унинг индивидуал эканини, шахс эканини инобатга олишимиз шарт. Жамиятга уни ҳақиқий шахс қилиб етказиш масаласи бўлиши керак. Уч боласи билан ажрим учун судга бориб: «онам нима деса — шу» деб тураверади ўзининг фикри йўқлигидан. Нима учун уч болага оталик масъулияти йўқ, нега уч боланинг бутун масъулияти аёлнинг зиммасида қолиши керак?

Дилмурод Анваров:

— Илгари эркаклар айбдор, оилани идора қилолмайди деб ўйлардим. Лекин кўп ҳолатда қайнона ва келин тил топишолмаганидан ажримлар бўляпти, чунки эркак киши кўчада юради ва асосан мулоқот қайнона-келин ўртасида бўлади. Бу вазиятда улар бир-бирининг камчиликларини кўради. Бундан ташқари, ҳозирги кўп ёш келинлар қайнона-қайнота билан яшашни хуш кўришмайди, шунинг учун турмуш ўртоғига норозилик билдиради, қайнона-қайнотага гап қайтариш, исён кайфияти бошланади. Бундай вазиятда эр-хотин келишолмай қолиб, ажрим йўлини тутишади.

Ажримларда сериалларнинг кучли пропагандаси бор

Шоира Исоқова

Шоира Исоқова:

— Конфликтология (оилавий низолар ҳақида) фанида ҳар қандай оилавий низонинг ечими борлиги кўрсатилган. Ҳар бир конфликтнинг олдини олиш керак, кейин, бизда муаммонинг портлаш қисмида пайдо бўлиб қолишади учинчи шахс оила аъзолар. Портлаган нарса сўнади ҳам, ўша вазиятни кутмай, бирдан уйига кетказиб, ажримга ҳаракат бошланади. Сабр етишмайди.

Яна бир нарса бор. Бизда қизларнинг онгида қайноналар ёмон, ҳали оила қурмаган ўзи. Лекин шундай тушунча пайдо қилиб қўйилади. Яхши, идеал қайноналар бор. Келинининг ҳолатини яхшилаш учун менинг қабулимга олиб келган қайноналар бор. Боламнинг жуфти, невараларимнинг онаси деб эъзозловчилар бор. Сериал-киноларда қайноналарни ёмон кўрсатиш жуда кучайиб кетган.

Дилмурод Анваров:

— Ростдан ҳам телевидениеда доим қайнона ёмон образда кўрсатилади. Катта пропоганда воситаси бу. Қайнона — оилада диктатор, қайнота — иккинчи даражали, қайнонанинг айтганини қиладиган одам. Шу нарсаларни кўравергач, онгига сингади ва шунга мослашиб боради.

Шоира Исоқова:

— Кўп келинлардан сўраганимда у оилада қайнотамнинг гапи ўтмайди, деган жавобни эшитаман. Эрнинг ўрнини қайнона синдирган, энди ўша қайнона ўғлининг олдида келинни эгиб олмоқчи, бўлмайди бу нарса. Келин қайнона-қайнотасида шу муносабатни кўряптими, ўзигаям шуни олади, уям шу ишни қилади эртага.

Нозима Расулова, ўқитувчи:

— Яна бир катта муаммо – эркакнинг моддий таъминот қилолмаслиги. Эркак оилани боқишга тайёр бўлиши керак, фарзандли бўлишини, унинг харажатини ўйлаши керак. Эркак моддий таъминотни бўйнига олган, шуни вақтида қилса, буям ажримларни камайтиради. Ўзим гувоҳ бўлганим: боланинг кашасига пул тополмаган эркак, сўнг қизнинг уйидагилар олиб келиб берган, шундан кейин жанжал чиқиб, ажрашишган. Ҳолатда келин айбдор қилинган. Пул тополмабди, лекин шундай ҳолатни ҳам тушуниши керак, бундай етишмовчилик пайтида ота-она ёрдам ҳам беради.

  • Тўлиқ суҳбатни видео тарзида томоша қилинг.

Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.

Тасвирчи: Мирвоҳид Мирраҳимов.

Top