Жаҳон | 16:47 / 25.10.2023
19282
13 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон «Бҳарат»га айландими? Сўнгги 100 йилда ўз номини ўзгартирган давлатлар

Жорий йил сентябрда Ҳиндистонда G20 саммити ўтказилди ва унда кутилмаган ҳолат меҳмонларни ажаблантирди. Ҳиндистон ўз уйида ўтказилаёган саммитда биринчи марта «Bharat» номи билан қатнашди. Бу давлат ҳали расмий равишда ўз номини ўзгартирмади. Бироқ яқин келажакда India атамаси «Bharat»га алмашиши мумкин.

Бугун дунёда 200 та атрофида давлат бор. Уларнинг 193 таси БМТга аъзо. Бу давлатларнинг 50 га яқини турли сабаблар билан сўнгги 100 йилда ўз номини ўзгартирган.

Бундан ташқари, ХХ асрда бир қанча иттифоқ давлатлар парчаланиб кетди ва айрим мамлакатлар номи ўзгарди. Жумладан, Чехословакия парчаланиб, ўрнида Чехия ва Словакия ташкил топди.

1991 йилда СССР парчаланиб, 15 та республика ўз мустақиллигини эълон қилди ва советлар эга бўлган асосий ҳудудда Россия номли давлат пайдо бўлди.

Худди шундай, бир қанча иттифоқдош республикалардан ташкил топган Югославия парчалангач, ўрнида еттита мустақил давлат ташкил топди.

ХХ аср бошигача Корея империяси деб танилган ва бир муддат японлар мустамлакаси бўлган ҳудудда иккита давлат пайдо бўлди.

Шунингдек, ўтган асрда иккита мамлакат бирлашган ҳолатлар ҳам бўлди. Жумладан, 1980-йилгача Германия федератив республикаси ва Германия демократик республикаси сифатида яшаб келган иккита давлат ягона Германияга бирлашади.

1989 йилда ГФР ва ГДР ягона Германияга бирлашди

Худди шунингдек, Африка қитъасидаги Занзибар ва Танганика бирлашиб, Танзания номини олади.

Қуйида ХХ асрда бир нечта давлатларнинг ўз номини ўзгартиришига нима сабаб бўлганини кўриб чиқамиз.

Бангладеш

Бангладеш давлати 1971 йилда ташкил топган. Унгача бу давлат аввалига Ҳиндистон таркибида бўлган ва Шарқий Бенгалия деб номланган.

Британия мустамлакасидан озод бўлгач Покистон таркибига кирган ва Шарқий Покистон деб аталган. 1970 йилда Шарқий Покистонда мустақиллик учун ҳаракатлар бошланиб, референдум ўтказилади.

Унда жуда кўпчилик Шарқий Покистоннинг мустақил бўлиши учун овоз беради. Бироқ Покистон референдумни тан олмаслигини маълум қилади ва мустақиллик тарафдорлари бўлган таниқли шахсларни ҳибсга ола бошлайди.

Бангладеш ва Покистон бир пайтлар битта давлат бўлишган.

Оқибатда ўртада қуролли можаро келиб чиқади. Шарқий Покистонда Покистон армияси ва қаршилик кучлари ўртасида жанглар бошланиб кетади.

1971 йил кузда можарога Ҳиндистон ҳам қўшилади ва Покистонга авиазарбалар бера бошлайди. Охир-оқибат 1971 йил декабрда Покистон енгилганини тан олади ва Шарқий Покистонга мустақиллик беришга рози бўлади. 1971 йил 16 декабр куни Бангладеш давлати ташкил топгани эълон қилинади.

Беларус

«Белая Рус» сўзлари қўшилишидан пайдо бўлган Беларуснинг номи 1991 йил 17 сентябргача Белоруссия бўлган. Совет даврида у шундай номланган эди. 1991 йил 25 август куни мамлакат мустақилликка эришгандан сўнг ҳам бир муддат мамлакат номи Белоруссия бўлиб қолади.

Беларуснинг номи бир пайтлар Белоруссия бўлган.

Орадан қарийб бир ой ўтгач 1991 йил 17 сентябр куни мамлакат номи Беларус республикаси деб қайта номланади. Ўшанда беларус миллий ҳаракати аъзолари мамлакат номини Кривия (ҳудуднинг эски славянча номи) деб аташни ҳам таклиф этади.

Мамлакат номининг ўзгарганига 30 йилдан ошган бўлса-да, ҳанузгача МДҲдаги русийзабонларнинг аксарияти (айниқса россияликлар) бу давлат номини Белоруссия деб аташда давом этмоқда.

Эрон

Эрон давлати ўз тарихида европаликларга мустамлака бўлмаган саноқли давлатлардан бири ҳисобланади. Бу давлат ўрта асрлардан 1935 йилгача Форс давлати (Персия) деб аталган.

Ўша йили мамлакат номи расмий равишда Эрон деб ўзгартирилган. 1979 йилда содир бўлган инқилобдан сўнг у Эрон Ислом Республикаси деб қайта номланган.

Эроннинг расмий номи 1935 йилгача Персия (Форс давлати) бўлган

Камбоджа

1953 йилда мустақил бўлган Камбоджа 20-асрда номини тўрт марта ўзгартирган. 1953 йилдан 1970 йилгача унинг номи Камбоджа қироллиги бўлган.

1970 йилда Камбоджада давлат тўнтариши уюштирилади ва унинг номи Кхамер Республикаси деб ўзгартирилади. Шундан сўнг мамлакатда фуқаролар уруши бошланади.

Камбоджанинг номи бир пайтлар Кампучия бўлган.

1975 йилда «Қизил кхамерлар» деб аталган томон ғалаба қозонади ва фуқаролар уруши тугайди. Мамлакат Кампучия номини олади. 1989 йилда давлат номи қайта Камбоджа деб аталади ва 1993 йилда яна конституцион монархияга айланади.

Конго

Марказий Африкадаги бу давлат 1960 йилда мустақил бўлганча турли номлар билан аталган. Жумладан, 20-аср бошларида Белгия Конгоси деб аташади.

1960 йилда Конго мустақил бўлгач Конго демократик республикаси деб аталади. Унгача бир муддат уни пойтахти номи билан қўшиб Конго-Браззавил Республикаси, Конго-Леополдвил Республикаси (Леополдвил-Киншасанинг аввалги номи) деб аташади.

Конго демократик республикаси

Кўп ўтмай Конгода ҳарбий диктатура ўрнатган генерал унинг номини Заир Республикаси деб ўзгартиради. 1996 йилда мамлакат эски номи Конго демоктратик республикаси деб қайта номланади.

Мадагаскар

Африкадаги бу орол давлат 20-аср ўрталаригача Франция мустамлакаси эди. 1958 йилда Франция оролга мухторият мақомини беради ва у Малагасия Республикаси деб номланади.

1960 йилда мухторият ўз мустақиллигини эълон қилади. 1975 йилда унинг номи Мадагаскар демократик республикаси деб ўзгартирилади. Кейинроқ 1992 йилда унинг номи Мадагаскар республикасига айланади.

Мадагаскар

Мянма

Мянма 20-асрнинг биринчи ярмида Британия мустамлакаси бўлган ва 1948 йилда мустақилликка эришган. Ўша пайтларда мамлакат номи Бирма деб аталарди.

1988 йилда Бирмада ҳарбийлар давлат тўнтаришини амалга оширишади ва ҳокимиятни эгаллайди. Орадан бир йил ўтиб, 1989 йилда унинг номи Мянма деб ўзгартирилади.

Мянма

Шимолий Македония

Македониянинг узоқ йиллик тарихи бор ва антик даврда грекларнинг бир вилояти шу ном билан аталган. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Македония иттифоқдош республика сифатида Югославия таркибига киритилади.

1991 йилда СССР парчаланиб кетгач Югославия таркибида бўлган иттифоқдош республикалар, шу жумладан Македония ҳам ўз мустақиллигини эълон қилади.

Кейинчалик Македония НАТОга аъзо бўлишга ариза беради. Бироқ бу ишга Греция қарши чиқади ва Македониядан ўз номини ўзгартиришни талаб қилади. Чунки бу пайтда Греция шимолида Македония провинцияси бор эди.

Шимолий Македониядан ташқари, Грейцияда Македония вилояти, Болгарияда Пирин Македонияси номли туман бор

Македония Греция талаблари устидан ҳатто Ҳаагадаги халқаро судга ҳам мурожаат қилади. Суд Греция Македониянинг НАТОга аъзо бўлишига тақиқ қўйиши мумкин эмаслиги ҳақида қарор чиқаради. Бироқ греклар бу қарорга парво қилмайди.

Охир-оқибат Македония 2019 йилда ўз номини Шимолий Македонияга алмаштиради. Шундан сўнг Греция унинг НАТОга киришига рози бўлади.

Тайланд

Тайланд ҳам европалик мустамлакачилар эгаллай олмаган кам сонли давлатлардан бири ҳисобланади. Бу давлатнинг номи 20-асрнинг биринчи ярмигача Сиам деб аталган.

1949 йилгача Тайланд расмий равишда Сиам деб аталган

1932 йилда Сиамда тинч инқилоб амалга оширилади ва мамлакатда конституцион монархия тизими ўрнатилади. 1939 йилдан бошлаб уни Таиланд деб атай бошлашади.

1949 йилда бу давлат расмий равишда Таиланд номини олади. Ҳозирда мамлакатнинг расмий номи Тайланд қироллиги.

Туркия

Бир пайтлар туркларнинг ўзи ва мусулмон дунёси Усмонийлар халифалиги, европаликлар эса Усмонийлар империяси деб атаган давлат Биринчи жаҳон урушидан кейин Туркия республикаси номини олади.

Шундан сўнг Туркиянинг номи инглиз тилида Turkey деб атала бошланади. Turkey сўзи инглиз тилидан таржима қилинганда курка маъносини беради.

Яқингача инглиз тилида халқаро номи Republic of Turkey бўлган Туркия ўз номини Republic of Turkiye деб ўзгартирди

Жорий йилда турклар мамлакатнинг халқаро номини ўзгартиришди. Энди у инглиз тилида ҳам Turkey эмас, Turkiye (Republic of Türkiye) деб аталмоқда ва турклар барчадан мамлакат номини шундай ёзишни талаб қилишмоқда.

Шри-Ланка

Тинч океани шимолида, Ҳиндистон жануби билан чегарада жойлашган бу давлат қадимда турли номлар билан аталган. Ҳиндларнинг эски битикларида Ланка ороли, араблар, турклар ва форслар уни Сарандиб ороли дейишган. Кейинчалик ҳиндлар оролни Симҳаладвипаҳ деб атаган.

1505 йилда португаллар оролни эгаллашади ва уни Cellao деб аташади. Бу сўзни инглизлар Цейлон тарзида талаффуз қилишади ва орол шундай ном олади.

1972 йилгача Шри-Ланканинг номи Цейлон бўлган

1948 йилда Цейлон Британиядан мустақилликка эришади. 1972 йилда мамлакатда янги конституция қабул қилинади. Унда Цейлоннинг номи Шри-Ланка республикаси деб аталиши белгилаб қўйилади.

Эсватини

Африкадаги бу давлат 2018 йилда Эсватини номини олди. Ўшангача у Свазиленд деб аталган. Свазиленд узоқ йиллар Британия мустамлакаси бўлган.

1968 йилда мустақилликка эришгач бу давлатда монархия жорий қилинади ва у Свазиленд қироллиги деб атала бошланади.

Яқингача Свазиленд деб аталган Эсватини ЮАР ва Мозамбик давлатлари ўртасида жойлашган

2018 йилда мамлакат қироли Мсвати Свазиленднинг номини Эсватини қироллиги деб ўзгартирганини эълон қилади. Эсватини «свазилар ери» деган маънони англатади.

Эфиопия

Эфиопия 20-асрнинг 70 йилларигача Абиссиния деб аталган. Абиссиния арабча «ҳабашат» сўзидан олинган туркча Ҳабешистан (Habeşistan) атамасининг амхар тилидаги ўзгарган кўриниши ҳисобланади.

Аслида «ҳабаш» сўзи иврит (яҳудий) тилидан олинган ва арабларга ҳам шу кўринишда ўтган.

Абиссиния Африка қитъасида европалик мустамлакачилардан энг тез озод бўлган давлат ҳисобланади. У 19-аср охирида мустақил бўлганди.

Эфиопия

Шундан сўнг Абиссиния империя деб эълон қилинади. 1974 йилда Абиссинияда монархияга қарши қўзғолон бўлиб ўтади. Император тахтдан ағдарилади. Кўп ўтмай мамлакат номи ҳам Эфиопия деб ўзгартирилади.

Европада Абиссиния атамаси сал аввалроқ, 1945 йилдан бошлаб муомаладан чиққан ва улар бу давлатни Эфиопия деб атай бошлашган. Бу атаманинг тарихи қадимги грек тилига бориб тақалади.

Танзания

Бир пайтлар Германия мустамлакаси бўлган Африкадаги бу давлат иккита алоҳида ҳудуддан иборат эди. Унинг асосан мусулмонлар яшайдиган қисми Занзибар, иккинчи қисми Танганика деб аталарди.

Ҳар иккала ҳудуд 1960-йиллар бошида озод бўлади ва бири Танганика республикаси, иккинчиси эса Занзибар султонлиги номини олади. Кўп ўтмай Занзибарда султон тахтдан ағдарилади ва мамлакат Занзибар республикасига айланади.

Танзания бир пайтлар Танганика ва Занзибар деб аталган иккита республикадан иборат бўлган

1964 йил 26 апрел куни Танганика республикаси ва Занзибар республикаси раҳбарлари ҳар икки давлатни бирлаштириш бўйича келишувга эришишади. Шу тариқа ягона давлат ташкил топади.

1964 йил 29 октябр куни Танзания атамасидан Тан, Занзибардан Зан олинади ва Танзания номи ясалади. Ҳозирда мамлакат номи Бирлашган Танзания республикаси деб аталади.

Замбия

Африкадаги бу давлат ҳам ўрта асрларда европаликлар томонидан мустамлака қилинган. 1924 йилда Британия Африка жанубидаги иккита колониясини бирлаштиради ва унга Шимолий Родезия деб ном беради.

1964 йилда Шимолий Родезия мустақиллигини эълон қилади. Кўп ўтмай бу давлат номи Замбия деб ўзгартирилади. Замбия номи мамлакат ҳудудидан оқиб ўтадиган, Африка қитъасидаги тўртинчи йирик дарё Замбези номидан олинган.

Замбия

Кот-д’Ивуар

Африкадаги бу давлат номи французча бўлиб, у сўзма сўз таржима қилинганда Фил суяги қирғоғи деган маънони англатади.

1986 йилгача барча давлатлар Фил суяги қирғоғи номини ўз тилларида ёзиб келишган. 1986 йилда мамлакат ўзининг расмий номи фақат Кот-д’Ивуар бўлиши ҳақида қарор қабул қилди.

Шундан сўнг дунё давлатлари мамлакат номининг таржимасини эмас, Кот-д’Ивуар кўринишидаги атамани ишлатиб келмоқда.

Кот-д’Ивуар

Иордания

Иордания ХХ асрнинг биринчи ярмида Британия мандати остида ярим мустамлака давлат бўлган ва у Трансордания амирлиги деб аталган. Ўша пайтда қисман Ироқ ҳудуди ва Фаластин ҳам Трансиордания таркибига кирган.

1946 йилда Британия Яқин Шарқдаги ҳудудларни ташлаб чиқади ва натижада бир нечта мустақил давлат пайдо бўлади. Улардан бири Трансиордания Ҳошимийлар қироллиги эди.

Иордания бир пайтлар Трансиордания деб аталган ва у жуда катта ҳудудларга эга бўлган

1949 йилда Трансиордания қироллиги Фаластин ерлари учун бўлиб ўтган икки йиллик урушда Исроилдан мағлубиятга учрайди. Шундан сўнг ўша йили мамлакат қироли Абдуллоҳ I давлат номини Иордания Ҳошимийлар қироллиги деб ўзгартиради.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид