19:01 / 01.11.2023
12838

2023 йилнинг 9 ойида давлат бюджети тақчиллиги ЯИМга нисбатан 6 фоизга яқинлашган

Уч чорак якунлари бўйича давлат бюджети дефицити ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,8-6 фоиз атрофида шаклланган. “Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, давлат бюджети тақчиллиги йил якунида 5,5 фоиздан ошмайди”, деди Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров.

Жорий йилнинг январ-сентябр ойлари давомида давлат бюджети дефицити ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,8-6 фоиз атрофида шаклланган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат бюджети департаменти директори Шерзод Муҳаммедов маълум қилди.

“Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 9 ойликда давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,8-6 фоизни ташкил қилган. Бунга асосий сабаб ҳудудлардаги фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун йил давомида қўшимча маблағлар ажратилди, кам таъминланган оилаларга нафақа тўловларини тўлаш бўйича қўшимча пул берилди ва иш ҳақи ва пенсиялар миқдори бюджет қонунида белгиланган муддатлардан аввалроқ оширилди. Лекин бу йил якунида тақчиллик 6 фоиз бўлишини англатмайди. Уни камайтириш бўйича чоралар кўрилмоқда”, деди Муҳаммедов.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаровнинг қўшимча қилишича, жорий йилда бюджет тақчиллигини 5,5 фоиздан оширмаслик юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

“Одатда йиллик бюджет тақчиллиги кўрилади. Давлат бюджетининг харажатлари ва даромадлари мавсумий характерга эга. Айрим даврларда харажатлар даромадларга нисбатан юқори бўлади. Чоракликлар якуни бўйича дефицитнинг ошиб кетгани йил якунида ҳам шунақа рақам бўлишини англатмайди. Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, давлат бюджети тақчиллиги йил якунида 5,5 фоиздан ошмайди. Бу бўйича ҳамма чораларни кўрамиз”, деди Ҳайдаров.

Маълумот учун, 2023 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан жорий йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган миқдори ЯИМга нисбатан 3 фоиз миқдорида белгиланган. Қонунга кўра, йил давомида давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан дефицитни молиялаштириш учун олинадиган қарзлар миқдори 2 млрд доллардан ошмаслиги керак.

Top