14:20 / 08.11.2023
53604

Одамсимон роботлар ҳақида илм-фан орзуси – уларнинг инсониятга қандай фойдаси бор?

Ташқи кўриниши инсонга ўхшаш ва фойдали бўлган роботларни ясаш бир неча ўн йиллардан бери илмий фантастикадан илҳомланган муҳандислик соҳасидаги орзу бўлиб келяпти. Шундай роботлар ясалдими ва улардан инсонларга фойда борми?

Сунъий интеллект ҳуманоид роботларга инвестиция киритишнинг янги тўлқинини келтириб чиқарган бир пайтда мавжуд роботлар ҳақида жуда илиқ гапириб бўлмайди. Уларнинг аксари кўриниш жиҳатдан қўпол ва амалиётга кўп ҳам мос эмас, реал ҳаётдан кўра саҳнада яхшироқ кўринади. Бироқ булар ҳуманоид роботлар ясашга оид стартапларни чеклаб қўймади.

Амазон компанияси қизиқаётган робот

Ана шундай стартаплардан бири Agility Robotics компаниясига тегишли.

“Мақсад ҳамма нарсани бошдан бошлаш ва ʻҲей, қаранглар, биз инсонга ўхшаш робот яратдикʼ, дейиш эмас. Биз инсоният оламида ишлай оладиган робот ясашга ҳаракат қиляпмиз”, дейди Agility Robotics компанияси асосчиларидан бири Жонатан Ҳерст.

Ҳерст Agility компаниясининг Digit роботини ҳуманоид дебмас, балки “инсонга қаратилган” эканини айтади.

Ҳозирча Digit роботлари қутиларни олиб уларни силжита олади. Октябр ойида Амазон компанияси Digit роботларини ўз омборларида синовдан ўтказишини эълон қилди. Сал олдинроқ, сентябр ойида Agility компанияси роботларини оммавий ишлаб чиқариш учун Орегонда завод очганди.

Digit роботида анимацион кўзлар, турли сенсорлар ва камералардан иборат бош, двигател сифатида ишлайдиган тана бор. Шунингдек, қўл-оёқлари ҳам бор, бироқ оёқлари одамникидан кўра кўпроқ қушларникига ўхшаб кетади.

Роботлар инсонлар ўрнини босиши керак

Рақобатчи робот ишлаб чиқарувчилар каби Figure компанияси фақатгина ҳақиқий ҳуманоид роботларгина инсонлар учун қурилган жамият, уйлар ва иш жойларида самарали ҳаракатлана олади, деган ғоя билан ёндашмоқда. Figure компанияси бошида роботлари чакана савдо омбори каби нисбатан оддий жойларда ишлашини режа қилган. Кейинроқ эса туғилиш камайиши сабаб инсонлар тақчил бўлган жойлардаги барча ишларни роботлар қила олиши керак.

“Бозор жуда катта, ишларни қилиш учун эса инсонлар етишмайди. Шу тақчиллик сабабли инсонлар қилишни хоҳламаётган ишларга ҳуманоид роботларни жалб қилсак, миллионлаб, балки миллиардлаб роботларни сотишимиз мумкин”, дейди Figure компанияси бош директори Бретт Адкок.

– Figure роботлари

Бироқ ҳозирда жаноб Адкокнинг компаниясида бозор учун тайёр сотувдаги роботлар йўқ. Асос солинганига энди 1 йилдан ошган компания яқиндагина синовдан ўтказилган роботнинг 38 сониялик видеосини эълон қилди.

Тесла бош директори Илон Маск Оптимус номли ҳуманоидни яратишга ҳаракат қилмоқда, бироқ ўтган йили роботнинг жонли намойишда ноқулай тарзда тўхтаб қолгани сабаб у робототехника соҳасидаги мутахассисларни ҳайратда қолдирмаяпти.

Оптимус роботи

Одамсимон машиналарни ясаш бой технологлар учун ҳоббидек гап бўлиши мумкин, лекин баъзи роботчилар учун ҳуманоидлар ясаш бундан кўпроқ нарсани англатади.

“Булар нафақат роботларнинг дизайни ва уларнинг қандай ҳаракатланиши, балки одамларнинг уларга қандай муносабатда бўлиши ва роботлар учун муҳим бўлган ҳаракатланиш, эпчиллик, идрок этиш ва интеллект учун зарур технологияларни тушуниш демакдир”, дейди Boston Dynamics компанияси асосчиларидан бири Марк Райберт. Унинг компанияси қутилар билан ишлайдиган роботни синовдан ўтказган.

Райбертнинг айтишича, ривожланиш баъзида текис тўғри йўл бўйлаб бормаслиги ҳам мумкин.

Boston Dynamics’нинг итга ўхшаш тузилган Спот роботи машҳур.

Одамсимон робот ясашни мақсад қилган баъзи стартаплар роботларини юришидан олдин уларнинг бармоқлари эпчил ишлашига эътибор қаратяпти.

Канадада жойлашган Sanctuary стартапи тегишли бўлган Бритиш Колумбия компанияси раҳбари Жорди Роузнинг айтишича, инсонга ўхшаш роботларда энг асосий муаммо уларнинг юра олиши эмас, балки уларнинг дунёни тушуна олиши ва қўл билан бошқаришдадир.

Бу стартапнинг Phoenix роботи жавонларни тартиблаши, етказиб бериш хизмати машиналаридаги юкларни тушириши ва кассани ҳам бошқара олиши мумкин.

Роузнинг айтишича, кейинги мақсад роботлар тизимининг одамларга ўхшаб ўйлаш олишига эришишдан иборат. Бунда тизим нутқларни тушуна олиши ва зарур пайтда шу нутқларга қараб ҳаракатлана олиши керак.

Phoenix роботи

Роботлар ҳамма жойни эгаллайди

Амазон компанияси Digit роботини ўз омборларидаги бўш қутиларни йиғиб олиш ишини эплай олишини синовдан ўтказяпти. Шу ўринда айтиш керакки, роботлар инсон ўрнини эгаллаб олади, деган хавотирлар ҳам бор.

Digit роботи тегишли бўлган Agility Robotics компанияси бош директори Дамион Шелтоннинг умид қилишича, 10, 20 йилдан кейин роботларни ҳамма жойда кўриш мумкин бўлади. Инсонга асосланган ҳолда яратилган роботлар инсон ҳаётининг бир қисмига айланиб қолади. Буни кўриш ҳаяжонли.

Top