Ўзбекистон | 21:17 / 10.11.2023
9475
6 дақиқада ўқилади

Муқобил коридорлар қанча кўп бўлса, шунча яхши — ИҲТдаги фаоллашув нега муҳим?

9 ноябр куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити илк марта Тошкентда бўлиб ўтди. Kun.uz Ўзбекистоннинг бу ташкилот доирасидаги ҳамкорликни кучайтиришга бўлган интилишлари замиридаги омиллар ҳақида сўз юритиш учун сиёсатшунослар Наргиза Умарова ва Сухроб Бўроновни “Геосиёсат” дастурига таклиф этди.

— ИҲТнинг ўз имкониятларини кўрсатишга қандай сабаблар тўсиқ бўлиб келган?

Наргиза Умарова: — Бу ташкилот дастлаб Покистон, Эрон ва Туркия иштирокида ташкил этилган. 1992 йил ноябр ойида Ўзбекистон ҳам қўшилди. Лекин юридик жиҳатдан ўтган йилидан бошлаб тўлақонли иштирок эта бошладик, яъни ташкилотнинг Измир шартномаси 2022 йилда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинди.

Ўзбекистоннинг ташкилотдан иккита мақсади бор: Марказий Осиё давлатлари ва қўшни минтақа давлатлари билан транспорт коридорларини яратиш ва савдо айланмасини юқори даражага кўтариш. Мустақиллик бошида аъзо бўлиб, лекин фаоллик кўрсатмаганига сабаб – ўша вақтлардаги ички ва ташқи сиёсатдаги омиллар. Биринчи маъмурият даврида нисбатан ёпиқ сиёсат олиб борилган. Шунинг учун бу ташкилотдан ҳам масофа сақланган. Масалан, Эрон билан муносабатлар 2018 йилдагина жонланди, қўшни республикалар билан ҳам муносабатлар у қадар яхши эмасди. Ҳозирги Ўзбекистон анча очиқ, ташаббускор сиёсат олиб боряпти.

Ташкилотнинг Ўзбекистон раислиги даврида ҳам асосан транспорт коридорлари ва савдо айланмаларини ривожлантириш бўйича таклифлар, ташаббуслар илгари сурди.

— ИҲТ фаолияти давомида қандай натижаларга эришди?

Сухроб Бўронов: — Ташкилот доирасидаги давлатлар тарихий, диний, минтақавий жиҳатлардан бир-бирига яқин ҳисобланади. 4 та стратегик минтақани ўз ичига олган: Марказий Осиё, Жанубий Осиё, Ўрта Шарқ, Каспий. ИҲТ “аввал иқтисод, кейин сиёсат” деган тамойилга амал қилади.

Ушбу ташкилотнинг имкониятлари жуда ҳам кенг. Маълум йиллар давомида фаолиятида сусайиш бўлди. Эронга санкциялар, Афғонистон муаммоси, транспорт коридорлари масаласи. Ўзбекистоннинг ташкилотга раислик даврида 25 тадан ортиқ турли тадбирлар амалга оширилди.

Савдо-иқтисодий масалалар. Ўзбекистоннинг ташқи савдо шериклари билан таҳлил қилсак, минтақавий ташкилотлар доирасида ИҲТ 3-ўринда туради. Биринчи ўринда ШҲТ, иккинчи – МДҲ. Шу томондан олиб қаралса, имкониятлар кенг ушбу ташкилотда. Ташқи иқтисодий алоқалар, денгиз портларига чиқиш айни мана шу аъзо давлатлар билан боғлиқ ва ташкилот биз учун катта имкониятлар эшигини очиши мумкин.

Наргиза Умарова: — Ташкилот таркибига қарайдиган бўлсак, Марказий Осиё давлатларидан ташқари Туркия, Эрон, Афғонистон, Покистон бор. Айни мана шу давлатлар билан ўсиш динамикаси бор сўнгги йилларда. Шунинг учун Ўзбекистон бу платформадан максимал фойдаланмоқчи. Турли доиралардаги саммитлар бўлиб ўтмоқда, яъни мулоқот ҳам муҳим бундай жараёнда.

— Трансафғон ва Эрон орқали океанларга чиқувчи лойиҳаларга ИҲТ кўмак бера оладими?

Наргиза Умарова: — Президент Шавкат Мирзиёев нутқида 2 та асосий транспорт коридори ҳақида гапирди. Биринчиси – Трансафғон. Ҳозир молиявий томондан муаммолар бўлаётган бўлса-да, лекин қатъий мақсад бор бу йўлакни ишга тушириш бўйича, Покистон тарафи ҳам шуни истаяпти. Покистон расмийлари билан учрашувларда ҳам шу масала кўтарилди. Умуман, Ўзбекистон турли саммитларда, учрашувларда мана шу Трансафғон коридори масаласини кўтаряпти, лойиҳа инвесторларга таклиф қилиняпти.

Иккинчи коридор – Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилиши. Агар шу темирйўл ишга тушса, биз жуда катта транзит имкониятига эга бўламиз. Бу темирйўлни Транскаспий ва Трансафғон коридорига улаш мумкин. Бундан ташқари, Эрон орқали Европага чиқиш коридори масаласи ҳам кўрилди, бу Транскаспий коридорига муқобил бўлади. Трансафғон коридорига боғланса, Ҳинд океанига чиқиш имкониятини беради. Ўзбекистон эса асосий боғловчи – транзит давлат бўлади.

Лекин ягона транспорт тарифи масаласи бор, президентимиз ҳам, бошқа расмийларимиз ҳам доим шу масалани кўтаришади. Ягона тариф сиёсати жуда муҳим. Ҳар ким ўз билганича тариф белгиласа, яхши бўлмайди. Бу борада Туркманистон ва Эрон билан маълум келишувларга эришганмиз.

Сухроб Бўронов: — Марказий Осиё давлатларининг барчасини қамраб олган 2 та ташкилот бор, бири МДҲ бўлса, иккинчиси ИҲТ. Туркманистон айрим платформаларда йўқ. Транзит масаласида Туркманистон муҳим давлат биз учун, айнан шу ташкилот доирасида баъзи имкониятларга эга бўлишимиз мумкин. Наргиза опа айтган коридорларни Туркманистон орқали ўтказиш имкони бор. Реал вазиятда Афғонистон томони саммитда иштирок этмаяпти, тан олинмаган ҳам амалдаги ҳукумат.

Шундай бир беқарор вазиятда бизга муқобил коридорлар керак бўлади. Туркманистон орқали Эрон ва Туркия билан Европага чиқиш мумкин. Транспорт вазирлари учрашувида муҳим бир баёнот имзоланди. Яъни Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Туркия йўналиши тўғрисида. Яна бир йўналиш кўтариляпти: Тожикистон, Ўзбекистон, Эрон, Туркия йўналиши. Бу ҳам бир истиқболли йўл бўлиши мумкин. Афғонистондаги вазият беқарор бўлгани учун муқобил вариантлар таклиф этилиши мумкин.

Трансафғон йўналишини кўпчилик фақат Покистонга чиқади деб билади. Бу лойиҳа Эронга ҳам чиқишни назарда тутади. Бу лойиҳа доирасида янги вариантлар ҳам таклиф этилмоқда. Ҳайратон-Мозори Шариф темирйўлимизни Ҳирот билан боғласак, яхши бўларди. Чунки Афғонистон ва Эрон савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиряпти.

·       Тўлиқ суҳбатни видео шаклида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид