Ўзбекистон ўсмирлари Англияни ЖЧдан чиқариб юборди. Навбатда Франция
Франция эса жиддий қоидабузарлик учун дисквалификация қилиниши мумкин, жамоа аъзоларидан бири Нигер учун ҳам ўйнаган.
Индонезияда бўлиб ўтаётган U17 жаҳон чемпионатида Ўзбекистон вакиллари сенсация ортидан сенсация қайд этмоқда. Жамоа Испания, Мали ва Канада билан гуруҳдан плей-оффга чиқиб, мини-сенсация кўрсатиб бўлганди. Жамолиддин Раҳматуллаев шогирдлари гуруҳ босқичининг 3-турида Европа жамоасига қарши ўйинда 0:2 ҳисобидан чиқиб кетган (2:2) ва якунда энг яхши учинчи ўрин эгалари сафида нимчоракфиналга ўтганди.
Жамоа аллақачон чоракфиналда, қолаверса, автоматик равишда яримфиналга ўтиши мумкин: навбатдаги рақиб Франция сафида олдин Нигер ўсмирлар жамоаси учун ўйнаган футболчи бор.
Энг яхши натижа такрорланди: Ўзбекистон яна 1/4 финалда. Англия қандай мағлуб этилди?
Англия – Ўзбекистон – 1:2
Голлар: Амирбек Саидов 4, Лазизбек Мирзаев 67 – Жожл Ндала 36.
Англия U-17: Томми Сетфорд, Жош-Кофи Ачемпонг, Жейден Мегома, Лекли Самуэл, Самуэл-Смит, Сам Амо-Амеяв (Жастин Обоваодуо, 80), Жоэл Ндала, Дэнни Райс (Финли Мак Аллистер, 46), Майлс Люис-Скелли, Крис Риг (Этан Нванери, 63), Мэтти Верҳорст.
Ўзбекистон U-17: Муҳаммадюсуф Собиров, Азизбек Тўлқинбеков, Озодбек Ўктамов (Яҳё Ўринбоев, 46), Лазизбек Мирзаев, Беҳрўз Шукуруллаев, Амирбек Саидов, Беҳруз Жуматов, Муҳаммадали Реимов, Оллоберган Каримов, Шерзод Абдулбориев, Дилшод Абдуллаев.
1/8 финалда Ўзбекистонга чемпионатнинг асосий фаворитларидан бири – Англия рақиб бўлганди. Британияликлар гуруҳ босқичида Эрон (2:1) ва Янги Каледонияни (10:0) мағлуб этган, Бразилияга ютқазган (1:2), якунда гуруҳда биринчи ўринни эгаллаганди.
Ўзбекистон Испания, Мали ва Канада билан бир гуруҳда учинчи бўлганди. Дастлабки ўйинда Малига ютқазган (0:3) бўлса-да, кейин Канада тор-мор этилган (3:0), сўнгги турда турнирнинг яна бир фаворити бўлган испанлар билан дуранг (2:2) ўйналганди. Якунда олтита гуруҳдаги энг яхши учинчи ўрин эгалари қаторида Венесуэла билан учинчи-тўртинчи ўринларни бўлишган ҳолда нимчоракфиналга чиқди.
Ва 1/8 финалда Ўзбекистон айнан Англияга рўпара келди. Ҳа, ўзбекистонликлар инглизларга рақобат кўрсатди, аммо деярли ҳеч ким улардан ғалаба кутмаётганди. Англия жамоаси сафида «Челси» академиясидан беш, «Сити»дан тўрт, «Арсенал»дан икки, «МЮ»дан ҳам бир футболчи бор эди. Дарвозабон Сетфорд – «Аякс» вакили.
Аммо учрашувнинг тўртинчи дақиқасидаёқ ўзбекистонликлар ҳисобни очишди. Оллоберган Каримовнинг ҳимоячилар орасидан кесиб берган паси бирданига икки ҳужумчини Томми Сетфорд қаршисига чиқарди – дарвозабон Лазизбек Мирзаевнинг зарбасини қайтарди, аммо Амирбек Саидов англиялик ҳимоячилардан эпчилроқ бўлиб чиқди ва боши билан тўпни дарвоза тўрига жойлади. «Бунёдкор» ҳужумчиси учун бу жаҳон чемпионатидаги тўртинчи гол бўлди – ундан кўпроқ голни фақат аргентиналик Агустин Руберто (беш) урган.
Англияликлар ўзини йўқотиб қўймади ва тезда ташаббусни қўлга олишди: тўп назорат қилинди, вазиятлар яратилди ва муваффақият қозонилди. 35-дақиқада ўзбекистонлик яримҳимоячининг майдон марказидаги хатосидан кейин «Манчестер Сити» форварди Жоэл Ндала дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқариб юборилди. 1:1 – барчаси мантиқий якунга қараб кетаётгандек ва Англия барибир ғалаба қозонадигандек кўринаётганди.
Ўйин давомида англияликлар тўпга эгалик қилишди, Ўзбекистон эса кўпроқ ҳимояланди ва омадини тезкор қарши ҳужумлардан қидирди. Ва Англияни тўхтата олди. 67-дақиқада жамоа сардори Лазизбек Мирзаев жарима зарбасидан гол уриб, рақибни яна бир бор шок ҳолатига туширди.
Англия ҳисобни тенглаштиришга уринди ва тўхтовсиз олдинга ташланди. Ндала ўйин охирида қулай имкониятга эга бўлди, аммо бу сафар тўп устунга тегди. Ҳакам бўлимга 10 дақиқадан ортиқ вақт қўшиб берди, вазиятлар ва зарбалар бўйича яққол устунлик қилди (зарбалар бўйича 20:12, дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича 10:6), аммо бу Англияга иккинчи голни уришда ёрдам бермади. Ўзбекистон U17 жаҳон чемпионати 1/4 финалига ўтди.
Ўзбекистон бу билан ўсмирлар ўртиасидаги жаҳон чемпионатларидаги энг яхши натижасини такрорлади – жамоа 2011 йилда Мексикада бўлиб ўтган турнирда ҳам 1/4 финалга чиққан, ўшанда Уругвайга ютқазганди 0:2 (инглизлар эса 2017 йилги турнирда жаҳон чемпиони бўлишган).
Ўзбекистоннинг кейинги рақиби – Франция бўлди. Французлар гуруҳ босқичида АҚШ (3:0), Буркина-Фасо (3:0) ва Жанубий Корея (1:0) билан ўйинларда уч ғалабага эришган, плей-оффнинг биринчи ўйинида эса катта қийинчилик билан Сенегал тўсиғидан ўтганди (0:0, пеналтилар бўйича 5:3), аммо улар турнирдан дисквалификация қилиниши ҳам мумкин.
Чоракфиналнинг бошқа жуфтликлари эса Мали – Марокаш (бу жуфтлик ғолиби яримфиналда Франция – Ўзбекистон жуфтлигига рақиб бўлади), Бразилия – Аргентина ва Испания – Германия.
Франция сафида «Монпеле»нинг олдин Нигер сафида ўйнаган форварди икки голга узатма берган. Санкция қўлланиши мумкин
Франциянинг 1/8 финалда Сенегалга қарши кечадиган учрашуви олдидан французлар дисквалификацияга учраши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалди. Гап шундаки, ЖЧ стартида жамоа сафида «Монпеле» ҳужумчиси Янис Иссуфу ўйнаган – ва ҳатто Буркина-Фасо билан ўйинда (3:0) икки голга узатма берган.
Иссуфу Францияда туғилган, аммо Нигер ва Марокаш фуқаролигига ҳам эга ҳисобланади. Ўтган йили у Нигер U17 сафида Африка Кубогига саралаш ўйинларида қатнашиб, тўрт ўйинда икки гол урган.
Аммо шу баҳорда ушбу йигитча ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида қатнашиш учун Франция жамоаси сафига чақирилган: у бу турнирда ҳам икки гол уриб, жамоа билан финалгача етиб борган (немисларга қарши ҳал қилувчи ўйинда французлар пеналтилар сериясида мағлуб бўлишган). Кейин эса Янисни Франция U18 жамоасига жалб этишган ва у бу жамоада тўрт ўйин ўтказган. Октябр ойида эса у Лига 1 чемпионатида пайдо бўлди: «Монпеле»нинг юқори дивизиондаги энг ёш дебютантига (16 ёшу 359 кунлик) айланди.
Шунинг учун Иссуфу ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига чақирилгани ҳеч кимни ажаблантирмаганди. Аммо бир нюанс бор: ФИФА қоидаларига кўра, футболчининг бир турнир доирасида икки жамоа сафида ўйнаши қатъиян ман этилган. Франция футбол федерациясидагилар эса Африка кубоги ЖЧ учун саралаш вазифасини ўташини ҳисобга олишмаган.
Яна бир жиҳати шундаки, Иссуфу Африка миллатлар кубогида эмас, фақат ушбу турнирга саралаш босқичида иштирок этган. ФИФА ушбу мусобақалар ўртасидаги боғлиқликни етарли деб ҳисоблайдими? Foot Mercato нашри ёзишича, аввалига рақиблардан кимдир (масалан, Буркина-Фасо) протест ёзиши керак.
Sport News Africa нашри хабарига биноан, Франция футбол федерацияси «Монпеле» клуби ҳужумчиси саналмиш Яниснинг Нигер ўсмирлар жамоаси сафида мусобақанинг саралаш босқичида майдонга тушганидан хабари бўлмаган.
L'Equipe хабарига кўра, Франция ўсмирлар жамоаси бош мураббий Жан-Люк Ваннуки айнан дисквалификация эҳтимоли туфайли Янис Иссуфуни Сенегалга қарши нимчоракфинал ўйинидан олдин таркибдан чиқарган. Аммо форвард турнир стартидаги ўйинларда қатнашгани ҳали ҳам санкция учун сабаб бўлиши мумкин.
Ўзбекистон ёшларининг Францияга қарши чоракфинал ўйини 25 ноябр кунига белгиланган.
Мавзуга оид
14:42 / 21.12.2024
Чад Франциядан қўшинларини Рамазон ойигача олиб чиқишни талаб қилди
12:20 / 19.12.2024
Франция кассация суди Саркозига ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди
22:17 / 16.12.2024
Корея ва Франциядаги можаролар: Демократиялардаги инқирозлар демократияни созлайди
17:17 / 13.12.2024