Ўзбекистон | 17:26 / 24.11.2023
11141
3 дақиқада ўқилади

Аксилкоррупция агентлиги Ҳажга навбатларни очиқлашни таклиф қилди. Бажарилмаётган бу талаб ҳукумат қарорида 6 йилдан буён мавжуд

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ҳаж зиёрати бўйича ягона очиқ онлайн навбатни ташкил қилишни таклиф қилди. Агентликнинг ўзи ва муфтий томонидан бир неча йилдан бери айтилаётган бу талаб Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилда қабул қилинган қарорида ҳам бор. Лекин масъуллар – Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идораси 6 йилдан буён ҳукумат қарорини бажаришни пайсалга солиб келмоқда.

Фото: Аксилкоррупция агентлиги

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурҳонов бошчилигидаги ишчи гуруҳи томонидан Ҳаж тадбирини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги низом талабларининг ижроси таъминланиши Урганч шаҳри ва Урганч тумани мисолида ўрганилди.

Маълум қилинишича, ўрганиш давомида:

  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тақдим этилган рўйхат асосида зиёратчиларнинг навбати (рўйхатдан ўтказилиши);
  • аризаларни белгиланган тартибда ҳокимликдан рўйхатдан ўтказиш, уларни кўриб чиқиш натижасини фуқарога расмий маълум қилиш амалиёти билан танишилган.

Шунингдек, Агентлик Ҳаж зиёратига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати тўғрисидаги маълумотларни очиқ эълон қилиниши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритишни таклиф қилган.

Ваҳоланки, агентлик таклиф қилаётган маълумотларни шакллантириш талаби 2017 йил 13 июндан кучга кирган ҳукумат қарорида ҳам мавжуд. Хусусан, қарорнинг 7-бандида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайтида Ҳаж ва Умра тадбирларига борадиган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбат тизимининг шакллантирилишини ва мазкур онлайн тизим доимий равишда янгилаб борилишини таъминлаши лозим эди.

Шунингдек, ҳукумат қарорида, туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳар йилги Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича ташкилий гуруҳлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тақдим этилган зиёратчиларнинг рўйхати асосида уларни Ҳаж ва Умра тадбирларига борадиган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбат тизимида рўйхатдан ўтказиб бориши белгиланган.

Лекин Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий сайтида ҳам, Дин ишлари бўйича қўмита сайтида ҳам зиёратчиларнинг онлайн навбатига доир маълумотлар йўқ.

Бундан ташқари, Ҳаж зиёратига бориш тизимини шаффофлаштириш ва электрон навбат тизимига ўтказиш масаласида муфтий, шайх Нуриддин Холиқназар ҳам фикр билдирган эди.

Аллақачон тизимни шаффоф қилишимиз керак эди. Ҳозир Ҳаж комиссияси Ҳажга навбатни электрон тартибга айлантириш ишларининг ҳаракатида. Мусулмонлар идораси тизимида ҳам Ҳаж ва У,мра ишларини ташкиллаштириш марказини очдик. Энди улар шаффоф, электрон навбатни ташкил қилиш ҳаракатида”,деган эди муфтий 2022 йил ноябр ойида блогер Хушнудбек Худойбердиевга берган интервюсида.

Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фуқароларнинг Ҳаж ва Умра сафарларига бориш учун навбатга туриш ва юритишни тўлиқ давлат хизматлари марказларига ўтказиш орқали инсон омилидан холи, очиқлик ва шаффофлик принциплари ҳамда рақамли технологияларга асосланган тизимни жорий этишга оид қонунчилик хатловдан ўтказилганини билдирган эди.

Мавзуга оид