Жамият | 10:07 / 25.11.2023
23981
6 дақиқада ўқилади

“5 соат қоидаси” – иш ва шахсий ҳаётдан ортиб, ўқиш ва ўрганишга вақт топиш мумкинми?

Дунёнинг энг муваффақиятли одамлари кунига ҳеч бўлмаганда бир соатни ўқиш ва ўрганишга сарфлайди. АҚШ собиқ президенти Барак Обама ҳатто Оқ уйда ҳам китоб ўқишга вақт топган.

Фото: Kun.uz

Агар кун бўйи ишлаб, қаттиқ меҳнат қилиб ўзингиз кутгандек муваффақиятга эришмаётганингизни сезаётган бўлсангиз, сиз ёлғиз эмассиз. Бу кўпчилик сезадиган ёқимсиз ҳис. Вақтингиздан шахсий ривожланиш учун чегириб қолишга “5 соат қоидаси” ёрдам бера олиши мумкин.

Кунимизни қандай сарфлаймиз?

Дунё бўйича инсонларнинг ўртача умр кўриш даражаси 73,4 ёшни ташкил қилади. Бу дегани бир одамда ўртача 26 минг 808,7 кун борлигини англатади.

Инсонлар умрининг учдан бир қисмини ухлаб ўтказади. Лекин бу меъёр ҳам давлатларга кўра фарқланади. Масалан, японлар тунда 6,5 соат ухласа, нидерландлар 8 соатдан кўп тунги вақтни уйқуга бағишлайди. АҚШда ҳам 35 фоиз одам 7 соатдан камроқ ухлаши аниқланган.

Хўш, агар биз суткасига 7 соат вақтимизни ухлаб ўтказсак, қолган 16 соат вақтни нималарга сарфлаймиз?

Кўпчиликнинг асосий вақти асосан, ишда ўтади, албатта. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг маълумотига кўра, АҚШ, Германия ва Япония каби ривожланган давлатларда одамлар йилига 1,7 минг соат вақтини ҳақ тўланадиган ишларга сарфлайди. Бу йилига ўртача 70 кун (365 кундан) деганидир.

Қолган вақтни уй-рўзғор ишлари, ўзимизни парвариш қилиш (ювиниш, овқатланиш) ва телевизор кўриш, спорт машғулотларига қатнашиш ёки спорт ўйинларини томоша қилиш каби кўнгилочар машғулотларга сарфлаймиз.

Албатта, ҳамма ўз вақтини шахсий манфаатлари ва қизиқишларига қараб тақсимлайди. Бунда иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги балансни ҳис қилган ҳолда вақтни режалаштириш ҳам муҳим. Лекин ҳамма ишнинг орасида шахсий ривожланишни ҳам унутиб қўймаслик керак. Хўш, шахсий ривожланиш учун вақтни қаердан топамиз?

Ишдан кейин яна бошқа иш қилиб тиниб-тинчимай ҳам янги нарса ўргана олмаётган, шахсий ривожланмаяпман деб ҳисоблаётган одам учун “5 соат қоидаси” мос келади.

Бу қоидага кўра, кунига бир соатни, ҳафтасига эса камида 5 соатни нимадир янги нарса ўрганиб, ривожланишга сарфлаши лозим. Бир кун учун бир соат кам кўриниши мумкин, лекин ҳар ҳафта 5 соатни доимий ўқиш ва ўрганишга сарфлаш орқали индивидуал тарзда кўп нарсани ўзлаштириб олиш мумкин.

Вақтни қандай тақсимлаш керак?

Гарчи бир суткага соат қўшиб олишнинг иложи бўлмаса ҳам, вақтни тўғри сарфлаш орқали ундан ўз ҳаққингизни олиб қолишингиз мумкин. Тадбиркор ва ёзувчи Майкл Симмонс томонидан оммалаштирилган “5 соат қоидаси” бунда ёрдам бера олиши мумкин. У 3 та босқични ўз ичига олади.

1-босқич – ўқиш

Топиб айтилганидек, "Биз нимани ўқисак — ўшамиз". Статистик маълумотга кўра, муваффақиятли бизнес эгаларининг 60 фоизи ҳафтасига битта китоб ўқийди. 20 фоизи эса ҳафтада биттадан ҳам кўп китоб мутолаа қилади. Мутолаани кундалик одатга айлантириш мияни керакли билим билан тўлдиришдаги энг биринчи қадамдир. Демак, сиз кунига бир соатни ўқиш ва ўрганишга ажратасиз.

Одатий қоғоз китобларни, ҳатто электрон вариантдаги китобларни ўқишни ёқтирмайдиган одамлар ҳам кўп. Улар учун аудиокитоблар, онлайн курслар яхши вариант бўла олиши мумкин.

2-босқич – "ҳазм қилиш"

Маълумотлар кўп ва уларни ўқигач, шунчаки бирданига кейингисига ўтиб кетишдан олдин фикр юритиб, бироз танаффус қилиб ҳазм қилиб олиш зарур. Ўрганилган нарсалар ва қилган ҳаракатларни таҳлил қилиш одамни кейинги ҳаракатларида камроқ хато қилишига ёрдам бериши мумкин.

2014 йилда Техас университетида ўтказилган тадқиқот ҳам руҳий, дам олиш ва мулоҳаза юритиш ўзлаштиришни яхшилашини аниқлаган. Масалан, кунига 5-10 дақиқани ўйлаб олишга ажратиш мумкин.

3-босқич – амалда қўллаб қўриш

Ўрганилган нарсани амалиётда ишлатиб кўриш, у ўз соҳангизда сизга фойда кўришга қандай ёрдам беришини реал ҳаётда эксперимент қилиб кўриш – “5 соат қоидаси”нинг охирги босқичи ҳисобланади.

Ўқиган ва ўрганган нарсангиздан мотивация олиб хаёлингизга келган янги ғояларни ишлатиб кўринг. Бу фақатгина аниқ фойда келтиришини ҳис қилиш шартмас. Кўпроқ фикр юритиб, амалда қўллашга ҳаракат қилиш муаммоларга янгича ечим топиш ва бошқа нуқайи назардан қарашни ўрганишга ҳам ёрдам бериши мумкин.

5 соат қоидаси”га амал қилувчи дунёнинг машҳур инсонлари

Microsoft компанияси асосчиси Билл Гейтс йилига 50 та китоб ўқийди. Alibaba Group асосчиси Жек Ма ҳам доимий ўқиш қоидасига амал қилади.

Эҳтимол, кимдир ҳали ҳам “Ўқиш ва иш ўртасида мутолаага вақт топиб бўладими?” деб ўйлаётган бўлиши мумкин. Барак Обама ҳатто АҚШ президенти лавозимида бўлганда ҳам Оқ Уйда ўтириб китоб ўқишга вақт топганда сиз нимани баҳона қиласиз?

- Суратда АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама Оқ Уйда болалар учун китоб ўқиб бераётган жараён. 2014 йил.  

Мавзуга оид