Ўзбекистон | 11:51 / 02.12.2023
14768
6 дақиқада ўқилади

Орган ходимларининг “обрўсини сақлаш”га очиқликни бўғиш орқали "ечим": Бу нимаси билан хавфли?

Ҳуқуқ органлари ходимларининг тасвирини уларни “обрўсизлантириш мақсадида” тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланиши улар устидан жамоатчилик назоратини сусайтиради, ходимларнинг ваколатидан четга чиқиши ҳолатларини кўпайтиради ва энг асосийси, уларнинг хатто энг кичик хатолари учун ҳам сиёсий жавобгарлик юқори ҳокимият зиммасига тушади.

Шу кунларда Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси бир қанча янги қонун лойиҳаларини қабул қилди ва тасдиқлаш учун юқори палатага – Сенатга юборди. Агар Сенат ҳам тасдиқласа, қонунлар президентга юборилади.

Қонунчилик палатаси қабул қилган ва Ўзбекистон жамоатчилигининг норозилигига сабаб бўлаётган қонун лойиҳаларидан бирида ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимларининг тасвирларини уларни “обрўсизлантириш мақсадида” тарқатганлик учун 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси кўзда тутилмоқда.

Бу қонун лойиҳаси ҳозирга қадар жамоатчиликка кўрсатилмасдан тасдиқланмоқда ва қабул қилиниш томон кетмоқда.

Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистон қонунчилигида ҳар қандай шахсни обрўсизлантириш бўйича тегишли моддалар бор. Яъни ким бўлишидан қатьи назар, у оддий фуқаро бўладими ёки давлат мулозими, уни обрўсизлантириш жавобгарликка сабаб бўлади.

Эндиликда эса илк марта ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини иш вазифасини ўташ вақтида расмга, аудиога, видеога олиб тарқатиш ҳолатлари уларни “обрўсизлантириш” деб талқин қилинишига имкон берувчи қонун моддаси таклиф қилинмоқда.

Агар бу қонун лойиҳаси қабул қилинса, унинг оқибатлари нима бўлиши мумкин?

Биринчидан, бу куч ишлатар тизимларининг янада ёпилишига олиб келади. 2016 йилдан бошлаб, Ўзбекистонда сўз эркинлиги ниш ура бошлади. Унга қадар сўз ва ахборот ташаббуси тўлиқ Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетган эди.

Кейинги йилларда эса, сўз ва ахборот ташаббуси Ўзбекистоннинг ичига қайтди, жамиятда ўз муаммоларини айтиш ва англаш имконияти пайдо бўлди. Бу – иккинчи маъмуриятнинг йирик сиёсий капитали сифатида баҳоланди.

Лекин, агар юқоридаги қонун лойиҳаси қабул қилинса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тўлиқ ёпилишига имкон беради. Улар устидан жамоатчилик назорати яратилишини блоклайди.

Иккинчидан, бутун дунёда ички ишлар тизими – милиция ёки полиция ходимлари, давлат билан жамиятнинг тўқнашадиган чизиғида фаолият олиб боришади. Давлат ва унинг қонунларини, энг қуйи поғонада, айнан милиция ходимлари амалга ошириши керак.

Шунинг учун ҳам милиция/полиция ходимларининг қонундан чиқмаслиги, эҳтиросга берилмаслиги, стресс холатида бўлмаслиги, ўз ваколатларини ошириб ёки тушириб юбормаслиги, уларнинг фаолияти одамлар томонидан ўта малакали ва совуққон деб қабул қилиниши талаб этилади.

Энг демократик давлатларда ҳам, айнан полиция ходимлари билан боғлиқ можаролар, зиддиятлар тез-тез учраб туради. Ҳуқуқий давлатлар бор кучи ва салоҳиятини ишга солиб, куч ишлатар тизимларини ҳуқуқий ўзанда, қонун доирасида ва жамоатчилик назоратида ушлаб туришга қаттиқ эътибор беришади.

Агар куч ишлатар тизимлари ёпиқ фаолият юритиш имкониятини қўлга киритса, айрим ходимлар томонидан қилиниши муқаррар бўлган хато ва камчиликлар, коррупция ва ваколат ошириш ҳолатлари камаймайди, аксинча, фақат кўпаяди. Натижада, жамиятда ушбу органлар ва уларнинг ходимларига нисбатан ишончсизлик ортади, ишончсизлик эса норозиликни кучайтиради.

Учинчидан, очиқлик ва шаффофлик, жамоатчилик назорати остида, Ўзбекистон давлат институтлари ва мулозимларининг, жумладан ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларда ҳам, янги ва глобаллашган дунё учун зарур бўлган сиёсий маданият шаклланаётган эди.

Бу маданиятга кўра, ахборот даврида ёпиқлик эмас, очиқлик муҳим, монолог эмас – диалог муҳим, тушуниш ва тушунтириш муҳим.

Агар куч ишлатар органлари ходимларини хизмат фаолияти вақтида расмга, видеога олиш уларни “обрўсизлантириш” деб талқин қилишга имконият берилса, бу ўша органларнинг жиддий ёпилишига, улар устидан ижтимоий назорат шаклланмаслигига олиб келади.

Аслида, куч ишлатар тизимларининг ёпилишига ёрдам берувчи қонун лойиҳаси, давлатнинг эмас, ўша ташкилотларнинг корпоратив манфаатларига хизмат қилади холос. Чунки жамиятда сиёсий масъулият ҳеч қачон ғойиб бўлиб қолмайди, ва давлатдаги нуқсон ва камчиликларнинг масъулияти, агар айбдорлар номига расмийлаштирилмаса, олий ҳокимият номига расмийлаштирилади. Бу – сиёсий қонуният.

2016 йилга қадар куч ишлатар тизимлари жуда катта қўрқитиш кампанияларини олиб борар эди, лекин сиёсий масъулият Ўзбекистоннинг ичида ҳам, ташқарисида ҳам фақат президент номига ёзилар эди.

Ҳуқуқий давлатда, ижтимоий тинчлик ва барқарорликка интилаётган давлатда, айниқса куч ишлатар тизимлари жамоатчиликнинг ва олий ҳокимиятнинг ҳамкорликдаги назорати остида бўлиши керак. Шундагина давлат мулозимлари ҳуқуқий фикрлайди, хато ёки жиноят қилса, жазосиз қолмаслигини англайди, олий ҳокимият ҳам жамиятнинг ишончи доирасида бўлади.

Хулоса шуки, ушбу қонун лойиҳаси Сенат ёки президент томонидан қайтарилиши, Ўзбекистоннинг жамулжам манфаатлари йўлидаги мақбул ечим бўлар эди.

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

Мавзуга оид