11:43 / 10.12.2023
43062

«Ливерпул»да яна камбэк, «Бавария» Франкфуртда хўрланди, «Реал» тўхтатилди. Кун ўйинлари

Англияда кутилмаган жамоа чемпионлик пойгасида. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: Салоҳнинг 200-голи ва «МЮ»нинг деградацияси

«Кристал Пэлас» – «Ливерпул» 1:2
Голлар:
1:0 – 57, пеналти Матета, 1:1 – 76 Салоҳ, 1:2 – 90+1 Эллиотт.
«Кристал Пэлас» – Жонстон (Мэттюз, 87), Уорд, Андерсен, Геҳи, Клайн, Ричардс, Ҳюз (Озо, 90), Лерма (Олисе, 68), Шлупп (Аҳамада, 84), Айю, Эдуар (Матета, 46).
«Ливерпул» – Алиссон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Куанса (Конате, 57), Цимикас, Эндо (Гомес, 46), Собослаи (Жонс, 74), Гравенберҳ (Гакпо, 57), Салоҳ, Диас, Нунес (Эллиотт, 74).
Огоҳлантиришлар: Уорд (37), Айю (60), Лерма (64), Ричардс (71).
Четлатиш: Айю (75).

Алиссон «Ливерпул» дарвозасига қайтди ва биринчи бўлим ўрталарида бразилиялик посбон ажойиб сейви билан даволаниш вақтида формасини йўқотиб қўймаганини намойиш этди. Аммо иккинчи бўлим бошида видеотакрордан кейин арбитр жарима майдони ичида Куанса Матетанинг оёғига тепган деб топди ва жабрланувчининг ўзи пеналтини аниқ ижро этди. Қолаверса, қизиллар ҳужумда муаммоларга учраётганди ва барча сенсацияга тайёрлана бошлади.

Аммо АПЛнинг бу мавсумида Юрген Клоппнинг ўзига хос ферги-тайми кузатилмоқда. Бу 75-дақиқадан кейинги оралиқ бўлиб, шу куни деярли идеал ўйин ўтказиб турган «Кристал Пэлас» айнан шу дақиқадан пароканда бўла бошлади. Айю иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни тарк этиши билан Салоҳ рикошет ёрдамида «Ливерпул» сафидаги 200-голини урди. Кейин мезбонларнинг асосий дарвозабони Жонстон жароҳатланиб сафдан чиқди ва АПЛда дебютини ўтказган Мэттюз қўшимча дақиқаларда Салоҳнинг узатмасидан кейин Эллиоттдан гол ўтказиб юборди.

Фақат бу ҳали ҳаммаси эмасди. Қўшиб берилган ўнинчи дақиқа ўтиб бораётганида Алиссон яқин масофадан йўлланган зарбани қайтариб, яна бир қаҳрамонлик кўрсатишига тўғри келди. «Ливерпул» 90-дақиқадан кейин урган ғалаба голлари сони 43 тага етди ва жамоа бу борада мутлақ етакчи. Бу голлардан 17 таси Клопп даврига тўғри келади. Мерсисайдликлар бу мавсумда ҳисобда ортда бораётган ўйинларида қўлга киритилган очколар сони бўйича ҳам яққол етакчи. Жамоа жами 37 очкодан 18 тасини шундай ўйинларда қўлга киритган ва шунинг эвазига биринчи ўринга чиқиб олди.

«Манчестер Юнайтед» – «Борнмут» 0:3
Голлар:
0:1 – 5 Соланке, 0:2 – 68 Биллинг, 0:3 – 73 Сенеси.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Диогу Далот, Магуайр, Шоу (Эванс, 79), Регилон, Бруну Фернандеш, Амрабат, Мактоминей, Антони (Пелистри, 79), Гарначо (Рэшфорд, 79), Марсиял (Ҳойлунд, 56).
«Борнмут» – Нето, Смит, Сенеси, Забарний, Керкез, Кристи, Кук (Ротуэлл, 88), Таверне (Уаттара, 88), Клюйверт (Синистерра, 72), Соланке, Семено (Биллинг, 58).

«Олд Траффорд»да бу мавсумда олти ўйинда рақиблар биринчи бўлиб ҳисобни очишди. Бундан ёмонроғи — фақат умидсиз аутсайдер «Шеффилд Юнайтед»да кузатилмоқда. 

Эрик тен Ҳаг жамоаси кўплаб ўйинларда бир неча ёрқин камбэклар амалга оширди, жумладан ҳафта ўртасида — «Челси»га қарши ўйинда ҳам. Аммо, афтидан, барча ҳиссиёт ва омад ўша ўйинда қолганди. Шанба кунги натижани тасодиф дейиш қийин. Масалан, Соланке тезкор голига иккинчисини қўшиб қўйиши мумкин эди, унинг биринчи бўлим охиридаги зарбаси устунга тегди. Танаффусдан кейин эса «Борнмут»нинг бошқа футболчилари гол уришди ва «МЮ» ўз тарихида илк бор ўз уйида турнир жадвалининг иккинчи қисмидаги жамоага йирик ҳисобда мағлуб бўлди.

«Астон Вилла» – «Арсенал» 1:0
Гол:
1:0 – 7 Макгинн.
«Астон Вилла» – Мартинес, Конса (Кэш, 66), Диего Карлос, Пау Торрес, Дин (Морено, 78), Бэйли (Диаби, 46), Макгинн, Тилеманс (Рэмзи, 56), Камара (Дендонкер, 66), Дуглас Луис, Уоткинс.
«Арсенал» – Райя, Уайт, Габриэл, Салиба, Зинченко, Нелсон, Эдегор, Райс, Ҳавертц, Мартинелли (Троссар, 70), Сака, Габриэл Жезус (Нкетиа, 82).
Огоҳлантиришлар: Зинченко (28), Дин (53), Дуглас Луис (62), Макгинн (73), Райс (77), Диего Карлос (88).

Шанба куни «Арсенал» сафарда «Астон Вилла»га ютқазиб, Англия чемпионатидаги пешқадамликни бой берди. Мезбонлар ўйинни етарли даражада кучли бошлашди: дарвозадан ҳужумлар қисқа паслар билан бошланди ва ўйин бошида «Арсенал» прессинги шунчаки яхши ишламади. «Вилла» футболчилари босимни осон енгиб ўтишди ва ҳужум қилиш учун кенгликларга эга бўлишди. Ва Макгиннинг еттинчи дақиқадаги голи мутлақо ўйин мантиғидан келиб чиқди.

«Арсенал» футболчиларидан бирортаси қўпол хатога йўл қўйди, деб бўлмайди, аммо шундай бўлдики, Эмери жамоаси ўз дарвозасидан рақиб дарвозасига деярли қаршиликсиз етиб борди. Тез ва аниқ узатмалар якунида Макгинн дарвоза қаршисига чиқиб борди – унга тўпни қабул қилиб, ўгирилган ҳолда аниқ зарба беришига йўл қўйиб беришди.

Бўлим охирида «Арсенал» тўлиқ устунлик қилди, меҳмонлар асосан чап қанотдан – Мартинелли орқали ҳужум қилишди. Эпизодлардан бирида у тўпни дарвозабондан ўтказди, аммо тўпни деярли дарвоза чизиғида «Вилла» ҳимоячиси қайтарди. Чап қанотдан уюштирилган бошқа бир ҳужум Жезус Эдегорни қулай вазиятга чиқариши билан якунланди, аммо лондонликларнинг собиқ дарвозабони Мартинес ўзини кўрсатди.

Иккинчи бўлим ҳам меҳмонларнинг кескин ҳужумлари билан давом этди. Жарима майдони ичида Жезуснинг оёғига тепилди, аммо бош ҳакам пеналти қўймади, такрорда бразилияликнинг оёғига зарба бўлганини кўриш мумкин, аммо бу 11 метрлик жарима зарбаси учун етарли бўлмади.

Кейинги вазиятда тўп «Вилла» ҳимоячиларидан бири орқали дарвоза устунига борди. Кейин Эдегор яна бир қулай вазиятга эга бўлди, аммо у 11 метрлик нуқта атрофидан хато зарба берди.

Кейин Сака дарвозани ишғол этди, аммо гол кичик офсайд туфайли бекор қилинди. «Арсенал» бош мураббийи бу вазиятларни трибунада бошини чангаллаганча кузатишга мажбур бўлди. Артета «Лутон» билан ўйинда ғалаба голини нишонлаётганида майдонга чиқиб кетгани учун сариқ карточка олган ва бу унинг мавсумдаги учинчи огоҳлантирилиши бўлгани туфайли бир ўйинга дисквалификация қилинганди.

«Арсенал»да ўйинда бурилиш ясаш учун вазиятлар етарлича бўлди (12 – зарба, бештаси – дарвоза соҳасига борган), аммо бу ҳисобни тенглаштириш учун ҳам етарли бўлмади. Ҳатто Ҳаверцнинг голи ёрдам бермади, ўйин охиридаги бу гол ҳам бекор қилинди. Бу сафар тўп қўл билан ўйналгани учун – бу вазиятда тўп бир неча марта футболчининг қўлига тегди, аммо биринчи тегиниш айнан немис футболчисида бўлганди. Энди АПЛ турнир жадвалини бу турда «Арсенал»дан бир очкога ўзиб кетган «Ливерпул» бошқармоқда. Уч кун ичида амалдаги чемпион ва вице-чемпионни мағлуб этган «Вилла» эса бир очколик фарқ билан таъқиб этмоқда. Жамоа Эмери бошқарувида уй учрашувларида қаторасига 15-ғалабасини нишонлади – бу топ-клуб бўлмаган жамоага хос бўлмаган рекорддир.

Испания: Иско қасд олишига бир бахя қолди

«Бетис» – «Реал» 1:1
Голлар:
0:1 – 53 Беллингҳем, 1:1 – 66 Руибал.
«Бетис» – Руй Силва, Руибал, Песселя, Риад, Абнер, Иско, Рока, Алтимира (Гуардадо, 70), Перес (Луис Энрике, 83), Эззалзули (Диао, 61), Виллиан Жозе.
«Реал» – Лунин, Алаба, Рюдигер, Менди, Модрич (Себальос, 70), Кроос (Пас, 83), Вальверде, Браим Диас (Хоселу, 79), Беллингҳем, Васкес (Начо, 83), Родриго.

«Бетис» биринчи бўлимдаёқ «Реал»нинг асабига тегишни бошлади. Мадридликлар сифатли ўйин намойиш этиб, вазиятлар яратишди, урилган гол офсайд туфайли бекор қилинди. Аммо мадридлик ҳимоячилар ҳам, дарвозадаги Лунин ҳам зерикиб қолмади.

Иккинчи бўлим бошланганида эса Браим Диас ҳақиқий шедевр намойиш этиб, тўпни ўзига хос тарзда ҳимоячилар ортига ташлаб берди ва Беллингҳэм Испаниядаги 16-голини урди. Лекин бу гол «Бетис»ни синдира олмади ва кўп ўтмай Руибал юқори бурчакни аниқ нишонга олиб, бу голини яқинда жароҳат олиб сафдан чиққан жамоадоши Гуидо Родригесга бағишлади.

Ўйин охирида Иско «Қироллик клуби»ни афсуслантириши мумкин эди, аммо 90-дақиқада унинг бош билан йўллаган зарбаси устунга тегди. Жавоб ҳужумида эса Родригонинг рейдидан кейин Ҳоселу ғалаба голини уриб кетиши мумкин эди. Аммо, дуранг ўйин учун мантиқий якун бўлди. Энди якшанба кунги ўйинда «Жирона» Каталония дербисида «Барселона»дан устун келса, Мадрид биринчи ўринни тарк этади.

Италия: «Интер» яна биринчи

«Интер» – «Удинезе» 4:0
Голлар:
1:0 – 37, пеналти Чалхонўғли, 2:0 – 42 Димарко, 3:0 – 44 Тюрам, 4:0 – 84 Мартинес.
«Интер» – Зоммер, Дармиан, Ачерби, Бастони (Карлос Аугусто, 56), Биссек, Димарко (Куадрадо, 71), Мхитарян (Сенси, 79), Чалхонўғли (Аслани, 71), Барелла, Тюрам (Арнаутович, 56), Мартинес.
«Удинезе» – Силвестри, Эбоселе (Кристенсен, 62), Кабаселе, Перес, Жоау Феррейра, Земура (Эхизибуэ, 86), Перейра, Уолас, Пайеро (Саррага, 86), Самаржич (Ловрич, 62), Лукка (Товен, 75).

«Удинезе» бу мавсумда фақат битта ўйинда ғалаба қозонди — «Сан-Сиро»да «Милан» устидан. Фақат шу тушунарсиз ҳодиса «зебралар»да шанба куни очко олишга имкон қолдириб турганди. Аммо мўъжиза рўй бермади ва меҳмонлар фақат ярим соатдан ортиқроқ бардош беролди — ўйинга VAR аралашгач, арбитр мониторга яқинлашди ва нерадзуррилар бу мавсумда ўнинчи бор пеналти тепиш ҳуқуқига эга бўлишди, Ҳоқон Чалхонўғли бу сафар ҳам зарбада адашмади. Бунинг ортидан яна икки зарба берилди, туркиялик яримҳимоячи Димаркога ассистентлик қилди, Мхитаряннинг доҳиёна пасидан кейин Тюрам шунчаки тўпни дарвозага олиб кириб кетиши қолганди. Амалда ўйин тақдири шундан кейин ҳал бўлди ва иккинчи бўлим расмиятчиликка айланди. Ўйин охирида эса чарчоқ билмас Лаутаро Мартинес майдон марказида тўпни эгаллаб, уни жарима майдонигача олиб борди ва пастки бурчакни аниқ нишонга олди. Аргентиналик ҳужумчи 14 гол билан тўпурарлар пойгасида биринчи, «Интер» эса бир кун ўтиб яна турнир жадвалида биринчи ўринга қайтди.

«Аталанта» – «Милан» 3:2
Голлар:
1:0 – 38 Лукман, 1:1 – 45 Жиру, 2:1 – 55 Лукман, 2:2 – 80 Йович, 3:2 – 90+5 Муриэл.
«Аталанта» – Муссо, Дзаппакоста, Жимшити, Скалвини, де Рон, Руджери (Ҳолм, 90), Пашалич (Адопо, 87), Копмейнерс, Эдерсон, де Кетеларе (Муриэл, 82), Лукман (Миранчук, 82).
«Милан» – Менян, Калабрия, Томори, Эрнандес, Флоренци, Лофтус-Чик (Йович, 72), Рейндерс (Адли, 88), Муса, Пулишич, Чуквуэзе (Бинносир, 59), Жиру.
Четлатиш: Калабрия (90).

«Милан» қаторасига тўрт ўйиндан буён ғалаба қозонмаган «Аталанта» меҳмони бўлди. Ўйинда барчаси бергамоликларнинг россиялик легионери Алексей Миранчук тушиши билан ўзгарди: бунгача ушбу футболчи А Серияда жами 252 дақиқа ўтказган ва бирор голли ҳаракат амалга оширмаганди. Жан Пиеро Гасперини уни 82-дақиқада, миланликлар ҳужумчиси Йович ҳисобни тенглаштириши билан майдонга ташлади, у эса аввалига Калабрияни ўзига қўполлик қилишга мажбур этиб, рақиб бир киши кам бўлиб қолишини таъминлади, қўшимча дақиқаларда эса Луис Муриел урган ғалаба голига ассистентлик қилди.

Бергамоликлар бу ғалабадан кейин ҳам еттинчи ўринда қолмоқда, лекин энди ЕЧЛ ҳудудидан жамоани атиги бир очко ажратиб турибди.

Германия: «Бавария»нинг даҳшатли туши ва беқарор Дортмунд

«Айнтрахт» Ф – «Бавария» 5:1
Голлар:
1:0 – 12 Мармуш, 2:0 – 31 Дина-Эбимбе, 3:0 – 36 Ларссон, 3:1 – 44 Киммих, 4:1 – 50 Дина-Эбимбе, 5:1 – 60 Кнауфф.
«Айнтрахт» Ф – Трапп, Бута (Баум, 89), Кох, Тута, Пачо, Дина-Эбимбе (Нкунку, 76), Гетце, Ларссон, Нганкам, Шаиби, Кнауфф (Хеуге, 82), Мармуш (Хасебе, 81).
«Бавария» – Нойер, Мазрауи (Лаймер, 46), Упамекано, Ким Мин Жэ, Дэвис (Геррейру, 46), Горетцка, Киммих, Коман (Гнабри, 66; Мусиала, 71), Сане, Шупо-Мотинг (Мюллер, 66), Кейн.

36-дақиқага келиб «Бавария» 0:3 ҳисобида ортда бориши — янгича ҳодиса. Ёки унутилган эскилик, чунки ўн икки йил олдин ҳам немислар гегемонини «Вердер» шу тарзда тор-мор этганди. Бу сафар мюнхенликларнинг даҳшатли тушини бу мавсумда тезкор голлар бўйича мутахассисга айланган Мармуш бошлаб берди. Тўп дарвоза тўсинидан қайтганида унга биринчи бўлиб етиб келган мисрлик бу мавсумда илк ўн беш дақиқаликда бешинчи бор дарвозани ишғол этди. Унинг ортидан Кнауфф ва Эбимбе комбинациясида иккинчи гол урилди, Ларссоннинг голи эса амалдаги чемпионларнинг бу ўйиндаги ҳолатини яққол кўрсатиб берди. 19 ёшли яримҳимоячи майдон марказида Киммиҳнинг узатмасини эгаллаб олди, кейин эса жарима майдони ичида Упамеканони ёш болаларча доғда қолдирди.

Бўлим охирида Киммиҳнинг «тўққизлик»ка йўллаган аниқ зарбасидан кейин баварча камбэк кутганлар адашди. Мезбонлар иккинчи бўлимда ҳам рақибни хўрлашда давом этишди. Бир ой давомида ғалаба қозонмаган «Айнтрахт» рақиб мудофаасини шунчаки янчиб ташлади ва тўрт мағлубиятдан иборат серияга ажойиб тарзда якун ясади. «Бургутлар» мухлислари шанба оқшомида ўз севимлиларининг барча гуноҳларини кечиришди. «Бавария»нинг эса бир ўйини билан хулоса қилиш тўғри эмас, бу жамоада ҳам қора кунлар бўлиши мумкин. 2021 йил октябрида Менхенгладбаҳда 0:5 ёки 2019 йил ноябрида Франкфуртеда 1:5 ҳисоблари қайд этилганида ҳам жамоа якунда барибир чемпионликни ўзиники қилганди.

«Боруссия» Д – «РБ Лейпциг» 2:3
Голлар:
0:1 – 32, автогол Бенсебайни, 1:1 – 45 Зюле, 1:2 – 54 Баумгартнер, 1:3 – 90+1 Поулсен, 2:3 – 90+3 Фюллкруг.
«Боруссия» Д – Кобел, Мене (Рейна, 82), Ҳуммелс, Шлоттербек, Бенсебайни (Мален, 82), Ройс (Адейеми, 71), Жан, Брандт, Ўзжан, Байно-Гиттенс (Зюле, 19), Фюллкруг.
«РБ Лейпциг» – Бласвих, Хенрихс, Клостерманн, Лукеба, Симакан, Раум, Шлагер, Айдара (Кампл, 81), Баумгартнер (Форсберг, 75), Симонс (Шешко, 76), Опенда (Поулсен, 75).
Четлатиш: Ҳуммелс (15).

Тўртликдаги ўрин учун кураш «Лейпциг» фойдасига ҳал бўлди, «Боруссия»нинг собиқ бош мураббийи Марко Розе  Дортмунддан кетганидан буён «асаларилар»га қарши тўрт ўйиндан учтасида ғалаба қозонди. Дортмундликлар бу мавсумда турлича ўйинлар кўрсатмоқда, Чемпионлар лигасида «ўлим гуруҳи»да вазифа муддатидан аввал уддаланди, аммо ички аренада вақти-вақти билан пасайишлар кузатилмоқда.

Энг аламлиси — Эдин Терзич тўғридан тўғри рақибларга қарши ёмон ўйнамоқда. «Бавария»дан 0:4 ҳисобида мағлуб бўлинди, «Штутгарт» билан ўйинда Германия Кубоги тарк этилди, ягона истисно — «Байер» билан ўйинда дурангга эришилди, бу ўйинда «Боруссия»га кўп вазиятларда омад кулиб боққанди. Энди эса жамоа қарзини қайтаришига тўғри келди. Мезбонлар ярим соат ичида Ҳуммелс четлатилиши туфайли бир киши кам бўлиб қолди, Бенсебайни эса автогол муаллифига айланди.

Зюле бўлим охирида ҳисобни тенглаштирганди, аммо иккинчи бўлим бошида Хави Симонс уюштирган ҳужумда Баумгартнер қайтган тўпга зарба бериб, меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Дортмундликлар иккинчи голни уриш учун очила бошлаганида, рақиб қарши хавфли ҳужумлар уюштирди ва қўшимча дақиқаларда учинчи гол ҳам урилди. Шунда ҳам «Боруссия» характер кўрсатди, Фюллкруг бурчак зарбасидан кейин дарвозани ишғол этди ва «Лейпциг» жарима майдонида парокандалик юзага келди, аммо мезбонлар Бласвиҳ дарвозасига яна бир гол уришни уддалай олишмади. Ўтган мавсумда чемпионлик учун курашган Дортмунд бу мавсумда кучли тўртлик учун курашишга мажбур.

Франция: Коло Муани «Нант»ни аямади

«ПСЖ» – «Нант» 2:1
Голлар:
1:0 – 41 Барколя, 1:1 – 55 Муҳаммад, 2:1 – 83 Коло-Муани.
«ПСЖ» – Тенас, Хакими, Маркиниос (Шкриняр, 61), Данилу Перейра, Эрнандес, Солер (Асенсио, 79), Угарте (Заир-Эмери, 60), Витиня (Дембеле, 67), Ли Кан Ин, Барколя (Коло-Муани, 79), Мбаппе.
«Нант» – Лафон, Кастеллетто, Жемерт, Дюверн (Бамба, 86), Сиссоко (Аблин, 86), Молле, Дуглас, Мутуссами (Маркиниос, 61), Коко (Пиер-Габриэл, 61), Саймон, Муҳаммад (Мерлен, 73).

Илк дақиқаларданоқ «ПСЖ» катта куч сарфламай ғалаба қозонмоқчидек тасаввур уйғонди. Ёки парижликларнинг хаёли Дортмундда ЕЧЛ плей-оффи учун кечадиган ўйин бўлган. Барколя Витиня билан «девор» услубида ўйнаб, ўткир бурчакдан дарвозани ишғол этганида навбатдаги муваффақият кафолатлангандек кўринди. Лекин мезбонлар эрта хотиржамликка берилишди, танаффусдан кейин «канарейкалар» бурчак зарбасидан кейин ҳисобни тенглаштиришди. Лекин ўйин охирида «Нант» тарбияланувчиси Коло Муани собиқ жамоаси дарвозасига ғалаба голини урди. Ушбу форвард захирадан тушганидан кўп вақт ўтмай қайтган тўпга зарба берди ва голни нишонламади.

Кун статистикаси

  • Opta компанияси маълумотларни йиғишни бошлаганидан буён (2004 йил) бундеслигада илк бор немис футболчиси стандартдан учта голли узатма берди, бу «Ҳайденҳайм» яримҳимоячиси Бесте.
  • Унаи Эмери АПЛда қаторасига 15 та уй учрашувида ғалаба қозонган 5-мураббий бўлди. Бунгача бундай натижага эришган мураббийлар — Алекс Фергюсон, Роберто Манчини, Юрген Клопп ва Хосеп Гвардиола — ўша мавсумларда чемпион бўлганди.
  • Уч очколик тизимга ўтилганидан буён «Астон Вилла» 5-марта 16 турдан кейин камида 35 очко жамғарди. Олдинги ҳолатларда бирмингҳемликлар бир марта маррага иккинчи бўлиб етиб келишган, уч бор чемпионликни нишонлаган. Охирги титул 1980/81 йиллар мавсумига тўғри келади.
  • «Милан» ҳужумчиси Жиру 2023 йил бошидан буён 8 марта бош билан гол урди. Француз бу кўрсаткич бўйича топ-5 лигаларда Кейн билан биргаликда етакчилик қилмоқда.
  • «Фенербаҳче» яримҳимоячиси Шимански бу мавсум барча турнирлар қўшиб ҳисобланганда 11 гол урди — бу унинг шахсий рекорди.
  • «Брайтон» АПЛда қаторасига 20 ўйинни ўз дарвозасидан гол ўтказмасдан тарк этмаяпти ва бу лигада энг ёмон серия.
  • «Лацио» дастлабки 15 турда 21 очко жамғарди. «Бургутлар»да сўнгги ўн йилликда бундай ёмон кўрсаткич фақат 2015/16 йиллар мавсумида қайд этилганди (15 очко).
  • «Монако» 15 турда 30 очко жамғарди, жамоа охирги бор бундай натижани 2016/17 йиллар мавсумида қайд этган ва чемпион бўлганди.
  • «Фейеноорд» ҳужумчиси Сантияго Хименес йил бошидан буён урган голлари сонини 31 тага етказди. Ўтган сафар роттердамликлар футболчиси билан бундай натижа 1967 йилда қайд этилган.
Top